Янги Ўзбекистонни барпо этишда соғлом ва баркамол ёшларимиз ҳал қилувчи кучдир

05.06.2023, 11:32

Янги Ўзбекистонни барпо этишда соғлом ва баркамол ёшларимиз ҳал қилувчи кучдир

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини тубдан ўзгартиришга бел боғлаб, ислоҳотларни боғчалар тармоғини кенгайтиришдан бошланган эди. Сўнгги йилларда қамровни 27 фоиздан 72 фоизга олиб чиқилди. Ўтган даврда мактаб таълимида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Шу билан бирга, 200 га яқин Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил қилинди. Энг муҳими, таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келди.

Бугун юртимизда ўқитувчиларга эътибор, муносабат тубдан ўзгарди. Ҳозир ҳамманинг нигоҳи педагогда. Уларнинг ойлик маоши муттасил ошириб борилмоқда. Ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитлари бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилган. Бу саъй-ҳаракатлар орқали таълим соҳаси вакилларининг жамиятдаги ўрни ва мақоми янада юксалди. Ҳозир уларнинг ишга, ҳаётга муносабати тубдан ўзгариб, доимий изланиб, янгиликка интилиб яшамоқда.

Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом этмоқда.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.

Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйиляпти. Аҳоли фикрини ўрганган ҳолда, сиртқи ва кечки таълим шакллари қайта тикланди, қабул квоталари ошириляпти.

Партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод Ш.Мирзиёев ҳам ўз сайловолди дастурида таълим соҳасидаги ислоҳотларни янада кенгроқ давом этттириш борасидаги таклифлари биз каби педогогларга янада илҳом бағишлади.

Хусусан, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланади ва қамров 100 фоизга етказилади. Бунинг учун ишлаб чиқариш корхоналарининг боғча қуришга сарф этиладиган харажатлари солиқлардан тўла озод қилинади. Шунингдек, бу мақсадларга 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит берилади. Натижада, 2030 йилга қадар қўшимча 2 мингта боғча қурилади. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Бу имтиёз бола хусусий боғчага борса ҳам қўлланади.

Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратишимиз, таълим сифатини тубдан яхшилашимиз зарур. Шу мақсадда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастурини амалга оширамиз. Хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади.

Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилади.

Демак, хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.

Илёс Абдуллаев,

Урганч давлат университети Туризм ва иқтисодиёт

факультети декани,

 Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    493
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+