Қишлоқ хўжалиги асосий драйвер соҳалардан бирига айланди

05.06.2023, 17:28

Қишлоқ хўжалиги асосий драйвер соҳалардан бирига айланди

Халқимиз, давлатимиз азалдан деҳқон ва миришкорларни ризқ-рўзимиз бунёдкорлари, энг қадимий ва олижаноб касб эгалари, деб шарафлайди. Ана шу ҳурмат-эътибор, олқишлар кейинги олти йилда аниқ амалий ишларга кўчгани эътиборга молик.

Юртимизда фермер ва деҳқон хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада талай қонун, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Фермер ва деҳқон хўжаликларига имтиёзлар, енгилликлар бериляпти.

Бугун соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида юртимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 107 мингдан ошди. Бу 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп, дегани.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги асосий драйвер соҳалардан бирига айланди. Кластер тизимини жорий этиш натижасида пахта, ғалла ҳосилдорлиги 25-30 фоизга, мева-сабзавот экспорти эса 2 баробар ошди, соҳага 5 миллиард доллардан ортиқ хусусий инвестиция киритилди.

Ўтган икки йилда 200 минг гектар унумдор ер майдонларини аҳолига ажратиб бердик. Натижада 2 миллиондан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI съездидаги нутқида мазкур бошланган ислоҳотлар яна давом эттирилиши алоҳида таъкидланди.

Маърузада 2030 йилгача бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 3 минг доллардан 5 минг долларга етказиш масад қилинаётганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича – 80-85 центнерга ошириш, қўшимча 300 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш, маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминотини ҳозирги 15 фоиздан 50 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни 8 фоиздан 25 фоизга ошириш, агротармоқда 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги логистика марказини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Натижада соҳада экспорт ҳажмини йилига ҳозирги 1,6 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш имконияти пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловларда деградациянинг олдини олиш бўйича миллий дастур қабул қилинади. Умуман, аграр соҳага жами 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этилади.

Айниқса, фермер ва деҳқонлар учун сув солиғини тўлиқ бекор қилиш, уларга сувни тадбиркорлар кафолатли етказиб бериш тизимини яратиш, сув тежовчи технологияни жорий этган фермер ва деҳқонлар учун рағбатлантириш механизмларини янада кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини қайтариш бўйича режалар соҳа ривожига улкан туртки беради.

Бу мақсадларни амалга ошириш учун эса шу йўналишдаги ислоҳотларни қатъият билан давом эттириш ва танлаган йўлимиздан оғишмаслик зарур, деб биламан.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+