Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашди

21.06.2023, 17:44

Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 21 июнь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили Кувондик Санакулов олиб борди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида олиб борилган ислоҳот ва ўзгаришлар натижалари Навоий вилояти мисолида яққол кўзга ташланаётганлигини, вилоят аҳолисининг турмуш даражаси ошганлигини ва бунинг эвазига одамларда эртанги кунига ишонч пайдо бўлганлигини таъкидлади.

Жумладан, сўнгги олти ярим йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 1,4 марта ошиб, 67 триллион сўмга ёки аҳоли жон бошига юртимизда энг юқори – 63 миллион сўмга етди, 300 мингта янги иш ўринлари ташкил қилинди, тадбиркорларга яратилган шароитлар натижасида уларнинг сони 3 баробар кўпайиб, 10 мингтадан 30 мингтагача чиқди, ислоҳотлар натижасида Нурота, Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа, Томди, Кармана ва Конимех туманлари дотациядан тўлиқ чиқарилди.

Ижтимоий соҳада ҳам кўплаб ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, ушбу даврда вилоятда 1 мингдан зиёд давлат ва хусусий боғчалар ишга тушиши ҳисобига, мактабгача таълим қамрови 48 фоиздан 82 фоизга ошди, 24 минг ўқувчи ўрни яратилди.

Маълумки, Навоий юртимиз саноатининг юраги ҳисобланади. Вилоятнинг салмоқли ҳиссаси эвазига республикамизда ўтган олти ярим йилда саноат ҳажми 1,5 баробарга ошиб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 18 фоиздан 25 фоизга етди, саноат соҳасида
30 миллиард долларлик 570 та йирик лойиҳалар амалга оширилди. Натижада, олтин қазиб олиш 87 тоннадан 108 тоннага, мис 104 минг тоннадан 148 минг тоннага, кумуш 113 тоннадан 181 тоннага етди.

Шу боис номзод учрашувда саноатни янада жадал суратларда ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, ўз таклифларини баён этди.

Унга кўра, келгуси етти йилда мамлакатимиз фахри бўлган “Навоий кон металлургия комбинати”да 3 миллиард 800 миллион долларлик 19 та лойиҳа амалга оширилади. “Навоий уран”да 550 миллион долларлик 11 та лойиҳани амалга ошириш орқали, уран захиралари 67 минг тоннадан 100 минг тоннага етказилади. Умуман олганда, 2030 йилгача мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар (500 минг тоннага), олтин – 1,5 баробар (155 тонна), кумуш – 3 баробар (500 тонна), уран – 3 баробарга (10 минг тонна) оширилади.

Шунингдек, иқтисодиётнинг “драйвер”ига айланган тўқимачилик, электротехника, чармсаноат, фармацевтика, қурилиш материаллари, машинасозлик, озиқ-овқат саноати каби тармоқларда хусусий секторни ривожлантириш учун янги ёндашувларни жорий этиш ҳамда қўшимча хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича мақсадлар билан сайловчилар таништирилди.

Сўнгра Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури, жумладан, Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари юзасидан маъруза қилди.

Унда, аввало, аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга катта аҳамият қаратилди. Хусусан, вилоятдаги барча маҳаллаларда жами 310 та давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилиши ҳисобига оилаларнинг мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжи 100 фоизга тўлиқ қопланади.150 та тиббиёт муассасаси, жумладан 45 та оилавий поликлиникалар барпо этилади, 200 та хусусий шифохона фаолияти йўлга қўйилади. Вилоятда Республика кардиология ва Урология марказларининг филиаллари ишга тушади, шунингдек, болалар шифохонаси, туғруқ комплекси, скрининг маркази ва репродуктив саломатлик марказини ўз ичига олган яхлит комплекс – “Она ва бола” кластери барпо этилади.

Тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш борасидаги вазифалар ҳақида сўз борар экан, келгуси етти йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида аҳоли ва бизнес субъектларига 4,5 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши, шундан 300 миллиард сўм эҳтиёжманд оилалардаги ишсиз фуқароларга тадбиркорликни бошлаши учун фоизсиз берилиши, имтиёзли кредитларнинг 35 фоизи аёллар бандлигига, 40 фоизи ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши қайд этилди. Ҳар бир туманда моно-марказлар фаолияти йўлга қўйилади ва 2030 йилга қадар 100 минг нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши таъкидланди.

Умуман, Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етти йиллик дастур қабул қилиб, унга жами 27 миллиард доллар йўналтирилиши қайд этилди.

Учрашув сўнгида партия фаоллари номзоднинг сайловолди дастури бўйича муносабат билдириб, ундаги барча ташаббус вилоят аҳолисининг оғирини енгил қилишга хизмат қилишини ва сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    1091
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+