Тобланиш ва ибратли тажриба мактаби

19.10.2023, 10:37

Тобланиш ва ибратли тажриба мактаби

Йигирма йил...

Тарих учун қисқа фурсат бўлган ушбу даврда мамлакат сиёсий майдонида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз ўрнига, обрў-нуфузига, таъбир жоиз бўлса, етакчилик мавқеига эга бўлди.

O‘zLiDeP фаолиятининг илк кунлариданоқ дадил қадамлар ташлади. Асосий электорати ҳисобланган тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдек улкан миссияни зиммасига олди. Бу шарафли йўлда ғайрат-шижоат кўрсатди. Натижага эриша олиш салоҳиятини намоён этди. Эндигина шакллантирилган партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидан тортиб, ҳудудий ташкилотлар раҳбарлигигача кучли билим, бой тажриба ва иқтидорга эга бўлган кадрларнинг тайинланланиши муваффақиятнинг дастлабки омили бўлди. Шу жумладан, бизнинг Бухоро вилоятида ҳам партиянинг шаклланиш, халқ ишончини қозониш ва ривожланиш босқичлари енгил кечгани йўқ албатта.

Партиянинг таъсис съездида қатнашганим кечагидек ёдимда. 2003 йил 15 ноябрда ўтказилган анжуманга бухоролик делегатлар билан бирга борганман. Бошқа сафдошларим ва маслакдошларим қатори менинг ҳам қалбимда O‘zLiDePнинг эртанги кунига бўлган юксак ишонч ўшандаёқ мустаҳкам эди.

Табиийки, съезддан кейин бажарилиши зарур бўлган ишлар кўлами анчагина салмоқли бўлиб, улар маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпусларини шакллантиришдан тортиб, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг кадрлар таркиби ҳамда моддий техник базасини кучайтиришгача бўлган масъулиятли вазифаларни қамраб олган эди.

Орадан ўтган йиллар ичида амалга оширилган салмоқли ишларга назар ташласангиз Бухоро вилояти мисолида ҳам бу борада сезиларли натижаларга эришилганлигига гувоҳ бўласиз. Масалан, 2004 йилнинг 1 январь ҳолатида вилоят бўйича 7507 нафар O‘zLiDeP аъзоси рўйхатга олинган бўлса, 2023 йилнинг 9 ойлик натижаларига биноан бу кўрсаткич 87096 нафарга етди. Бошланғич партия ташкилотлари сони эса мос равишда 341 тадан 861 тага кўпайди. Жойлардаги тарғибот-ташвиқот тадбирлари самараси ўлароқ шу тариқа деярли барча йўналишларда ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Олий Мажлиснинг юқори ва қуйи палаталари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига O‘zLiDePдан кўрсатилган номзодларнинг аксарияти сайланганлиги ҳам партиянинг нуфузидан дарак беради. Бугунги кунда Халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида бу партиядан сайланган жами 146 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолиятисиз партиявий лойиҳалар ижросини таъминлашда кутилган натижаларга эришиб бўлмайди, албатта. Масалан, ушбу сиёсий кучнинг “Аёллар қаноти” томонидан ишлаб чиқилган “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори” сингари бир-биридан пишиқ-пухта ишланган истиқболли лойиҳалари, айниқса, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг якуний натижаларига биноан ўтган давр ичида бухоролик хотин-қизларнинг кўплаб вакиллари пешқадамликни эгаллаб, тижорат банкларидан ажратилган имтиёзли кредитларни олишга ҳам мушарраф бўлишди.

Ёшлар – Ватан келажаги! O‘zLiDePнинг бу борадаги нуқтаи назари ҳам партия “Ёшлар қаноти”нинг фаолиятида яққол намоён бўлаётир. Ушбу жиҳат “Парламентда менинг ўрним”, хусусан, кейинги пайтда туманлар ва ҳудудлар кесимида ўтказиб келинаётган “Ёш муваффақиятли тадбиркор”, “Ёш инноваторлар ва технологлар”, “Ёш тадбиркорлар лигаси” сингари лойиҳалар ҳамда бир қатор спорт фестивалларида ўз аксини топмоқда.

Маҳаллий кенгаш депутатлари кўмагида маҳаллалардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган аёллар ва ёшларга зарур имконият эшикларини очишда кутилган натижаларга эришилмоқдаки, орадан ўтган йиллар бўйича олинган таққослама рақам ва далиллардан ҳам буни билиш қийин эмас.

Мухтасар қилиб айтганда, орадан ўтган 20 йил партиявий фаолиятимизда ўзига хос синов, чиниқиш, тобланиш ҳамда ибратли тажриба мактабини яратган даврга айланди, десак муболаға қилмаймиз. Барча бўғинлардаги партиявий кадрлар салоҳияти тобора янгиланиб ва барқарорлашиб борар экан, олдимизда турган вазифалар ижросида ҳам ҳеч шубҳасиз кўзланган довонлар забт этилаверади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифаларнинг бош мезони ҳам аниқ: Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек тарихий жараённинг бугунги илк босқичида мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва шу тариқа халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.

Фармон АМИНОВ,

Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси раиси,

Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши депутати

  • Кўрилди
    317
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+