Ёшларга молиявий кўмак ажратилишида шаффофлик таъминланиши керак!

23.11.2023, 19:09

Ёшларга молиявий кўмак ажратилишида шаффофлик таъминланиши керак!

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг O`zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга имтиёзли кредитларни ажратилишидаги шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар” юзасидан Қарши шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Сарвар Қаюмовнинг ҳисоботи эшитилди.

- Шаҳримиздаги 64 та маҳаллада 73,6 мингта хонадон бўлиб, 292,6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади,- дейди С. Қаюмов. – 84,9 мингта оила мавжуд  бўлиб, 5,7 мингтаси кам даромадли оилалар ҳисобланади. Ўтган 9 ой мобайнида 32,9 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Президентимизнинг жорий йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтган 10 ой давомида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 44,9 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиб,  1913 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 109 нафар ишсиз фуқаролар ва иш берувчилар учун  360 млн. сўм маблағ ажратилган. 414 нафар хотин-қизлар, 36 нафар ёшлар Қарши шаҳрида жойлашган 54 та корхона ва ташкилотларнинг квоталанган иш ўринларига жойлаштирилди. Ҳоким ёрдамчилари кўмагида 4206 нафар ишсизларни ўзини-ўзи банд қилиш чоралари кўрилди.

- Қарши шаҳри маҳаллаларида 1700 гектар томорқа ерлари мавжуд бўлиб, улардан фойдаланиш мутлақо қониқарсиз, - дейди депутат Арзиқул Шеров. - Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Қўнғиртоғ кенгликларида боғ яратилиб, 5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган эди. Яқинда гуруҳимиз аъзолари билан ушбу боғдаги аҳвол билан танишдик. Таассуфлар бўлсинки, 267 туп ниҳол кўкарган, қолганлари қуриб ётибди. Дарахтларни суғоришни зиммасига олган тадбиркор қувурлар тортиш учун маблағни ололмаган эмиш. Ахир шу боғ яшнаб турганда, шаҳримиз ҳавоси мусаффолиги таъминланган бўларди. Шаҳарда электр, газ, оқова сув таъминоти мавжуд бўлса-да, негадир иссиқхоналар фаолияти талабга жавоб бермайди. Фуқароларимиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ўрнига бошқа вилоятлардан товар олиб келиб сотишни афзал билишяпти. Ёшларни иқтисодий билимларини шакллантириш, олган кредитини мақсадли ишлатиш, инновацион ғояларни амалиётга  татбиқ этиш борасидаги  билимларини ошириш орқали ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини  таъминлашда самарали натижаларга эриша оламиз. Бу борада депутатларимиз олдида ўта залворли ва масъулиятли ишлар турибди.

  Йиғилишда вилоят кенгаши депутатларидан Игор Турсунов, Исмигул Хушмуродова, вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Арзиқул Шеров ва бошқалар сўзга чиқиб, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат ярмаркалари ташкил этиш, биринчи галда меҳнат миграциясидан қайтган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқароларни бандлигини таъминлаш, уларни шаҳардаги корхона ва ташкилотлардаги квоталанган иш ўринларига жойлаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.   

  • Кўрилди
    295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+