Микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш масалалари муҳокама қилинди

01.12.2023, 18:19

Микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш масалалари муҳокама қилинди

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида Иқтисодий ислоҳотлар доирасида кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Унда Республика Марказий Банки, “Бизнесни ривожлантириш банки”, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари эксперт-олимлари, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари вакиллари ҳам қатнашди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнeсни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, кичик бизнeсни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш, аҳолини кичик ва ўрта бизнeсга кeнг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирларига доир устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Кичик ва ўрта бизнес ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Улар инновациялар двигатели бўлиб, иш ўринларини яратиш, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Статистик маълумотларга юзланадиган бўлсак, 2023 январь-сентябрь ҳолатига биргина кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 51.2% ни ташкил этмоқда.

Бироқ тадбиркорлар ўз салоҳиятларини тўла ишга солишлари учун уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур. Президентимизнинг август ойида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотларида ҳам тадбиркорларни энг кўп қийнаган масала айнан молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш бўлганлиги айтилган эди. Шу мақсадда “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил қилиниши белгиланди.

Давра суҳбати давомида компания томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, 2023 йил 10 ноябрдаги Президент қарорига кўра, микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастури амалга оширилиши белгиланди.

Давра суҳбатида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда тадбир иштирокчилари томонидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

  • Кўрилди
    298
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+