Очиқлик ва ошкоралик давр талаби

27.12.2023, 10:39

Очиқлик ва ошкоралик давр талаби

Халқ депутатлари Когон туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлик гуруҳи аъзолари, шунингдек, ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг кадрлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар. Йиғилишни депутатлик гуруҳи раҳбари Шомурод Бўронов олиб борди.

Йиғилишда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қилинган ишлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат бўлим бошлиғи Жамшид Саноевнинг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, 2021 йил 1 майдан бошлаб Президентизнинг ушбу Фармонларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилиб, уларнинг янгиланган чекланган сони доирасидаги ишлар туманда ҳам уюшқоқлик билан ташкил қилинди. Яъни, туман ҳокимлигида сўнгги 2 йил давомида 20 та бўш вакант лавозимлар бўйича ишга қабул қилиш, давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги орқали очиқ танловлар асосида амалга оширилди. Унга асосан  Е-қарор электрон тизими орқали ҳужжатлар расмийлаштирилиб, очиқ-ошкора тарзда иш олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаолларининг ҳам барчаси (тумандаги 23 та МФЙ бўйича) давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги платформаси орқали очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳокимият аппарати лавозимларига инсон омили аралашмаган ҳолда "Аргос" тизими орқали ишга қабул қилиш ҳам жорий этилган.

Ишчи-ходимларни рағбатлантириш ёки жазолаш бўйича белгиланган барча ишлар ҳам Е-қарор электрон тизими орқали ижроси йўлга қўйилган.

 Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларнинг суҳбат босқичлари ҳам онлайн тарзда ўтказилиб, видео ва аудио тасвирга олинмоқда ва уларнинг 3 йил давомида сақланиши таъминланаяпти.

Йиғилишда муҳокама этилган масала бўйича сўз олган партия вакиллари ва депутатлар Президентимизнинг юқоридаги Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишларни янада фаоллаштириш, шу тариқа давлат бошқаруви органларига ишга қабул қилишда очиқлик ва ошкораликка эришиш зарурлигини таъкидладилар. Бу борадаги ишларда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг ҳам ўз ўрни бўлиши лозимлигини қайд этдилар. Туман миқёсида бу борадиги ишларда амалдаги Қонунлар доирасида иш олиб борилиши ва қатъий риоя қилиниши муваффақиятлар гарови эканлиги алоҳида тилга олиб ўтилди.

Депутатлик гуруҳи йиғилишида муҳокама этилган масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    281
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+