Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

06.02.2024, 16:11

Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

Юрт истиқболи, мамлакат келажаги, барча соҳалар ривожи мактаб таълими билан чамбарчас боғлиқ.  Белгиланган улкан марраларни забт эта оладиган, ҳар қандай мақсад ва вазифаларни бажаришга қодир бўлган, замонавий илм-фан ютуқларини мукаммал ўзлаштирган, ўзлигини, маънавиятини баланд тутган авлодни тарбиялай олган халқларгина тарихда ўчмас из қолдирганига, инсоният тамаддунига муносиб ҳисса қўшганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ўз даврида қадим Туронни эрк ва тараққиётга етакламоқ истаган маърифатпарвар боболаримиздан бири Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”, деган эди. Ушбу оташ нидога мужассам ҳикмат орадан йиллар ўтсада ўз долзарблигини ҳамон йўқотмаган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга, халқимизнинг муносиб турмуш   кечириши учун зарурий шарт-шароитлар яратиб беришга, барча жабҳаларни замон билан ҳамқадам қилишга қаратилган.

Бу олижаноб  мақсадга эришишнинг синалган воситаси - мактабда замонавий билимларни эгаллаган, рақобатбардош, эл-юртига садоқатли ёшларни тарбиялашдир.

Президентимиз раислигида жорий йил 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтилган сўзларни мушоҳада қилар эканман, ҳаёлимдан беихтиёр шу фикрлар ўтди.

Юртимизда ижтимоий давлат қуриш стратегик мақсад этиб белгиланган. Аҳоли турмуши учун муносиб шароитлар яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг дастлабки самараларини бера бошлади. Охирги етти йилда мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 74 фоизга етди. Бу дунёдаги энг яхши кўрсаткичлардан бири эканлигини халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқдалар.

Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Президент мактаблари ташкил этилди, ихтисослаштирилган мактаблар кўпайди. Олий ўқув юртлари сони 200 тадан ошиб, қамрови 42 фоизга етди. Таълим ва тиббиётда хусусий секторга кенг йўл очилиб, сифатга интилиш пайдо бўлди.

Албатта, ислоҳотларнинг ижобий самаралари кишини қувонтиради, бироқ бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Чунки, ижтимоий соҳаларда, жумладан таълим соҳасида ҳам ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар талайгина. Йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, жорий йилги вазифалар белгиланди.

Жумладан, барча мактабгача таълим муассасаларини миллий қадриятларимизга мос ўқув-методик материаллар билан таъминлаш, овқат таъминоти, давомат, бадал пули каби жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди. Боғча мудиралигига номзодларни саралаш ва лавозимга тайинлаш, тарбиячилар малакасини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Таълим соҳасида вазифалар жуда кўп. Айниқса, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибаларни (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этиш, таълим даргоҳларининг моддий-техник базасини яхшилаш, ўқувчиларга бир неча тил ўргатишга эришиш ўта муҳим. Шунингдек, эндиликда 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, улар бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Мактабларда устахоналар, тадбиркорлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда тўгараклар ташкил этилади, “Касбий таълим устаси” лавозими очилади. Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўғил-қизларга малака сертификати берилади.

Давлатимиз раҳбари мактаблардаги тарбия ва маънавият масаласига алоҳида тўхталди. Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” ҳосил қилиш зарурлиги таъкидланди. Мактаблардаги 2 мингта инспектор-психолог штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.

Дарслардаги давоматга, тарбияси оғир ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилади. Ота-оналар ва маҳалла раисларининг бу борадаги масъулияти оширилади. “Мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформаси ишга туширилади.

Ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқлар таҳлил қилиниб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш ва ижобий томонидан фойдаланиш чоралари кўрилади. Шунингдек, ота-оналар учун фарзанд таълим-тарбияси бўйича халқчил тилда қўлланмалар тайёрланади.

– Бу ташаббуслар йўлга қўйилса, мактаб таълими бўйича ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади, – деди Президентимиз.

Дарҳақиқват, тилга олинган ушбу масалаларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғлиқ. Чунки, давлат томонидан ёшларимизга яратилаётган улкан шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш нафақат фарзандларимизнинг ўзига, балки дастлабки навбатда уларга йўл-йўриқ тарбия берадиган ота-оналарга, ўқитувчи ва мураббийларга, қолаверса, маҳалла аҳлига кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар маҳаллаларда, оилада, таълим масканларида соғлом муҳит яратилса, бу фарзандлар таълим-тарбиясида жуда катта аҳамият касб этади. Ахир бежизга, халқимиз бир болага етти маҳалла ота-она, деб таъкидлаб келмаган.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 1418 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 235 тасини давлат, 12 тасини хусусий, 1 126 тасини оилавий ва 73 тасини давлат хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Ҳудуддаги 127 207 нафар 3-7 ёшли болалардан 93 564 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, сўнги 5 йилда мактабгача таълим ташкилотларига қамров фоизи 16,4 фоиздан 73,6 фоизга ошди. Янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этиш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Шунингдек, вилоятдаги 555 та умумий ўрта таълим мактабларида 261 616 нафар ўқувчиларга 22 505 нафар ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.

Вилоятимизда ихтисослашган мактаблар сонининг йилдан йилга ошиб бораётгани таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда 12 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур таълим муассасаларида таълим олаётган 4114 нафар ўқувчиларга 449 нафар ўқитувчилар ҳамда 11 нафар хорижий халқаро тоифали мутахассислар таълим беришади.

Ушбу таълим даргоҳларида фарзандларимизнинг замон талаблари асосида билим олишларини, ҳаётда асқотадиган касбий кўникмани эгаллашларини таъминлаш, умуман, мактаб таълимини ривожлантириш буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур. Бу борада айниқса, халқ ноиблари сифатида биз депутатларга жуда катта масъулият юкланганлигини унутмаслигимиз керак.

Зеро, Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганларидек, “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланди”.

Эркин Холматов,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги

O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    215
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+