O'zLiDeP “Ёшлар қаноти” вакиллари Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этмоқда

07.02.2024, 13:44

O'zLiDeP “Ёшлар қаноти” вакиллари Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этмоқда

Шу кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, партиянинг барча бўғинларида кенг муҳокамалар олиб борилмоқда.

Мазкур Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасини ташкил этиш, лойиҳага Партиянинг дастурий мақсадларига ҳамоханг таклифларни илгари суриш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Давлат дастури лойиҳаси ЎзЛиДеП ёшларининг нигоҳида” мавзусида учрашув ўтказилди.

Учрашувда Халқ депутатлари ҳудудий Кенгаш вакиллари, “Юксалиш” ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази етакчи экспертлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, ЎзЛиДеП Ёшлар қаноти вакиллари ва фаол ёшлар иштирок этишди.

Учрашув давомида Давлат дастурида илгари сурилган ташаббуслар ҳаётий мисолларга бойлиги яна бир бор қайд этилди. Жумладан, экология, соғлом турмуш тарғиботи, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш каби ижтимоий аҳамиятга молик 100 та волонтёрлик лойиҳалари бўйича биринчи босқичда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача маблағни танлов асосида ажратиш тартибини жорий этиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек Партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида Давлат дастури лойиҳасида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилмоқда.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 июндан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади ҳамда танлов илк маротаба “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади, республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади ва кредит ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилиши йўлга қўйилади. Энг муҳим жиҳати, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялари эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши ёш тадбиркорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилиб, дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 150 минг нафар ёшлар қамраб олиниши кўзда тутилган. Ёш                      хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилиши асосида ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилиш тизими ҳам йўлга қўйилади.

Тадбир давомида O'zLiDeP “Ёшлар қаноти”, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда давлат дастури лойиҳасини ёшлар орасида кенг муҳокамалар олиб бориш, аниқ асосли таклифларни олиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    143
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+