Давлат дастури лойиҳасига қатор таклифлар билдирилди

08.02.2024, 17:29

Давлат дастури лойиҳасига қатор таклифлар билдирилди

Маълумки, шу кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.

Шу муносабат билан, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Стратегиянинг Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш йўналиши бўйича тузилган ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди.

Унда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Умидахон Закирова ва Зафар Худойбердиевлар ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи аъзолари, партия фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда Мавлуда Ходжаева иштирокчиларга “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг ишчи гуруҳи мақсадларига тегишилилиги бўйича тушунтиришлар берди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури лойиҳасининг 100 та мақсад доирасида жами 294 та вазифалар белгиланган бўлиб, шулардан 112 таси, яъни 38 фоизи Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш йўналишига тегишлидир. Ушбу йўналишда мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, соғлиқни сақлаш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигин таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор устувор вазифалар белгиланди.

Муҳокамалар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни янада қўллаб-қувватлаш, нафақахўрлар ва ногиронлиги бор шахсларга қулайликлар яратиш, аҳоли бандилигини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлат дастури лойиҳасида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида ҳам қатор вазифалар кўзда тутилганлигини айтиб ўтилди. Хусусан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилиши ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилиши каби хайрли мақсад ва режалар белгилаб олинган.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, 2 минг нафар жарроҳлик операциясига муҳтож хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш чоралари кўрилади, оғир турмуш шароитида яшаётган 10 минг нафар ногиронлиги бўлган аёллар ва болаларни реабилитация воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилиши хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш давомида ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Давлат даструи лойиҳасига қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди ва уларни ўз вақтида киритиш масаласи кўрилди.

  • Кўрилди
    114
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+