O'zLiDeP “Аёллар қаноти” давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол қатнашмоқда

09.02.2024, 15:20

O'zLiDeP “Аёллар қаноти” давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол қатнашмоқда

“Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Шу муносабат билан, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббускорлигида Чиноз туманидаги қарийб мингга яқин ишчи-ходимлар меҳнат қилувчи трикотаж кийим-кечакларни экспорт қиладиган йирик “PRONTO TEXTILE GROUP” МЧЖда ташкил этилган тадбир ҳам айни мақсадда ташкил қилинди.

Унда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова, партия вилоят Кенгаши бўлим мудири Диёра Болтаева, корхона раҳбарияти ва ишчи-ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Мавлуда Ходжаева “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтиб ўтдилар.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарувни янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинаётган ҳужжатни бутун халқимиз муҳокамасидан ўтказилаётгани замирида ҳам ғоят катта маъно мужассамлигини таъкидлади.

 Давлат дастури лойиҳасида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида ҳам қатор вазифалар кўзда тутилган. Хусусан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилиши ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилиши каби хайрли мақсад ва режалар белгилаб олинган.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, 2 минг нафар жарроҳлик операциясига муҳтож хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш чоралари кўрилади, оғир турмуш шароитида яшаётган 10 минг нафар ногиронлиги бўлган аёллар ва болаларни реабилитация воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари партия мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш масалалари ҳам ўрин олмоқда. Бу орқали хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратилади, ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерлари ташкил қилинади.

Яна бир муҳим йўналиш Хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунарларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбикорликни ривожлантириш, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини такомиллаштириш каби мақсадлар ҳам белгиланган.

Шунингдек, хорижий мамлакатларда оғир вазиятга тушиб қолаётган ўзбекистонлик аёлларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, хорижий дипломатик ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш ва сайёр қабуллар ташкил этиш ҳамда муаммоларни бартараф этиш каби мақсадлар ҳам ўрин олгани аёлларимизга бўлган юксак эътибор намунаси эканлиги таъкидланди.

Мулоқот давомида корхона ишчи хотин-қизлар томонидан ҳам қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Корхонада меҳнат қилаётган ишчилар билан унинг турли ишлаб чиқариш цехларида очиқ мулоқот тарзида ўтказилган муҳокамалар асносида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқи, иш билан бандлик, ишсизликдан ҳимояланиш, таълим, уй-жой билан таъминланиш борасидаги мурожаатлари ҳам тингланди. Уларга мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тавсия, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилиб, ижобий ечим топишда кўмаклашилди.

Партия вакилларининг навбатдаги манзилларидан бири Чиноз туманида жойлашган оилавий поликлиника бўлди. Учрашувда шифохона ходимларига Давлат дастури лойиҳасидан жой олган тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, 120 минг нафар онкологияси бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиниши ва соғлом болаликни таъминлашга қаратилган мақсад-вазифалар тушунтириб берилди. Бу борада ходимлар ҳам давлат дастури лойиҳасига оид бир қатор фикр-мулоҳазаларни билдириб ўтишди  ва соҳадаги мавжуд масалалар юзасидан берган саволларига депутат ва партия вакиллари томонидан тегишли жавобларни олишди.

  • Кўрилди
    191
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+