Ишбилармон хотин-қизлар ўзаро баҳслашдилар

11.05.2024, 13:57

Ишбилармон хотин-қизлар ўзаро баҳслашдилар

Қарши туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Туманнинг маҳалла ва қишлоқларида ўтказилган босқичларида сараланган ишбилармон аёллар хусусий тадбиркорлик, фермерлик, маҳаллий ишлаб чиқариш, ҳунармандлик соҳасидаги салоҳиятларини намойиш этдилар.

Тадбирда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар  ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни намоён этиш баробарида ишбилармонлик салоҳияти, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва экспортбоплиги, инновацион технологияларни қай тариқа ишлаб чиқаришга жорий этиш борасидаги амалий ишлари ҳақида тўпланганларга сўзлаб бердилар. Ғолибларни аниқлашда иштирокчиларнинг хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратганлиги, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашганлиги, замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этганлигига алоҳида аҳамият қаратилди. Шунингдек,  иштирокчиларнинг ўз фаолиятида учраётган муаммо, тўсиқ ва ғовларни қай тарзда бартараф этганлиги, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда мавқеини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари борасидаги билимлари ҳам баҳолаб борилди.   

  Баҳолаш жараёнида кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва доимий иш ўринлари яратишдаги фаоллиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари эътиборга олинди. Иштирокчилар орасидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўлган ногиронлар, қаровчиси кексалар, кам таъминланган оилаларга моддий, маънавий жиҳатдан ғамхўрлик қилган, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида янги инновацион лойиҳалардан самарали фойдаланган ҳолда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаган ишбилармон аёллар танлаб олинди.

 Биринчи ўрин Равот маҳалласида фаолият олиб бораётган Мунисхон Очилова, иккинчи ва учинчи ўринларга Янги Батош МФЙда касаначилик орқали ўттиздан ортиқ янги иш ўрни “Нисо голд сервис” МЧЖ директори Хайринисо Қурбонова ҳамда Дашт маҳалласи тадбиркорлигини йўлга қўйиб, аёллар бандлиги ва турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Муножот Омоновалар сазовор бўлишди

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Деҳқонобод, Миришкор ва Китоб туман босқичлари ҳам ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга танлов ташкилотчиларининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 Бир сўз билан айтганда, Қашқадарёда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб қилишда мазкур  кўрик-танлов муҳим аҳамият касб этаётир.

 

        O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    175
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+