“Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танлови: маҳаллалардан янги ишбилармонлар кашф қилиняпти

14.05.2024, 13:23

“Ишбилармон аёл – 2024”  кўрик-танлови: маҳаллалардан янги ишбилармонлар кашф қилиняпти

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг маҳалла босқичлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида маҳалла кесимида давом этмоқда.

Мазкур танловнинг Қонликўл туманидаги “Дўстлик” МФЙдаги саралаш босқичи ҳам  жойларга чиққан ҳолда ташкил қилинди.  Маҳаллада 4 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган бўлса, шундан 2 минга яқинини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалла хотин-қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича шу соҳага қизиқтириш, кенгроқ жалб этиш, бандлигини таъминлаш мақсадида маҳалла еттилиги билан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг май ойига қадар 21 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Партия томонидан ташкил қилинган танловнинг маҳалла босқичида ҳам ҳудудда тикувчилик, ҳунармандчилик тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган хотин-қизлар иштирок этди. Партия вакиллари тадбиркорларнинг фаолиятини жойига бориб ўзлари билан юзма-юз мулоқот қилиш орқали аниқлашга ҳаракат қилинди.

 Қонликўллик ҳунарманд Бахит опа Салтанатова ҳам қарийб 18 йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланиб келмоқда. Қорақалпоқ халқининг миллий нақшларини қадимий  қуроқ тикишга қизиқувчи хотин-қизларимизга ўргатиб келмоқда. Ҳар бир миллатнинг қуроқчилик борасида ўз мактаби услублари мавжуд. Ҳар бир кишидан сабр матонатни чидамни талаб этадиган қуроқ тикиш санъатини Бахит опа ўз шогирдларига ўргатиб келмоқда. Бугунги кунда "Устоз - шогирд" анъанасини давом этаётган опанинг шогирдлари анчагина.

Яна бир  тадбиркор Рано опа Джуманиязова турли хил бир-биридан ширин тортларни, мазали пишириқларни 6 нафар ишчи қизлари билан биргаликда пишириб, аҳолига тортиқ қиляпти. Бундан ташқари Рано опа ўз номи билан “Рано” хусусий клиникасини ҳам очган. Клиникада 17 нафар ишчи меҳнат қилади. Тадбиркорнинг келгуси режалари ҳали бисёр. Ўз фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳолини иш билан таъминлашни ният қилган.

Партия вакиллари яна бир тикувчилик билан шуғулланиб келаётган тадбиркор опанинг фаолияти билан яқиндан танишди. Фаолияти асосан тикувчиликка йўналтирилган Муяссар опа Уббиниязова анчадан буён “Олтин игна” тикувчилик цехига раҳбарлик қилиб келади. Якка тартибдаги тадбиркор опа ҳам маҳалладаги 10 нафар қизни иш билан таъминлаган. Қиз келинчакларимиз учун турли хил бежирим турдаги кўйлаклар харидор талабидан келиб чиқиб тикилмоқда. Тадбиркорнинг келгуси режалари аниқ ва равшан. У келгусида фаолиятини янада кенгайтиришни ният қилган.  Партия вакиллари ва маҳалла еттилиги ҳамкор ташкилот вакиллари мазкур маҳалладаги тадбиркорларнинг фаолияти билан яқиндан танишар экан, уларнинг орасидан энг муносибларини танлаб олишди ва туман босқичи йўлланмасини қўлга киритдилар.

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    140
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+