Мингдан ортиқ шогирд тарбиялаган ишбилармон Мадина Касимбаева танлов ғолиби бўлди

14.05.2024, 14:04

Мингдан ортиқ шогирд тарбиялаган ишбилармон Мадина Касимбаева танлов ғолиби бўлди

O’zLiDeP томонидан ўтказилиб келинаётган “Ишбилармон аёл - 2024” кўрик-танловининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган маҳаллаларда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган тадбиркор аёллар туман босқичида беллашдилар.

Жами 12 нафар тадбиркор аёл тадбирга жалб этилди. Тадбиркор аёллар орасида, оилавий тадбиркорлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, хунармандлар, тикувчилар, қандолат махсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех раҳбарлари, наққошу, ёғоч ўймакорлик билан шуғулланувчи тадбиркор аёлларимиз иштирок этишди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан миллий либослар ва кашталар тикиш билан миллийлигимизни бутун дунёга намоён этиб келаётган, юздан ортиқ шогирдларнинг бандлигини таъминлаган "Сузук ота" маҳалласида фаолиятини йўлга қўйган Касимбаева Мадинанинг ишлари ҳаммани лол қолдирди.

Шунингдек, тикувчилик сирларини ёш авлодга ўргатиб келаётган тадбиркорлар, турли ҳилдаги гуллар ясаб, гулчилик билан шуғулланаётган аёллар ҳамда қандолат маҳсулотлари  ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех раҳбарларининг ишлари йиғилганлар томонидан самимий кутиб олинди.

Аёллар орасида ёғоч ўймакорлик билан шуғулланувчи тадбиркор Абдурашидхонова Муслимахон давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан  руҳланган холда ўз фаолиятини бошлагани, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни даромад олиб киришларига сабабчи бўлаётганидан мамнунлигини айтди.

Тадбиркор аёлларнинг фаолиятлари кўрик танловнинг низомига мувофиқ баҳоланди. Унга кўра, “Замонавий ташаббускор  аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл”, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” каби номинациялар ўз эгаларига топширилди.

 “Ишбилармон аёл - 2024” кўрик-танловининг Шайхонтоҳур туман босқичида фахрли 3-ўринни ҳар ҳил турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чикаришга мўлжалланган “Имон барака лаззат” МЧЖ раҳбари Муртазаева Мавжуда эгаллади. Тадбиркор аёл ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларини Тошкент шаҳридаги барча “Корзинка савдо марказ”ларига етказиб беради ва ҳозирги кунда 15 нафар аёлни бандлигини таъминлаган.

2-ўрин соҳибаси эса нозик қўллари билан ёғочга ҳар ҳил турдаги нақшларни тушуриб санъат асари даражасига олиб чиққан ва ҳозирги кунда  20 нафарга яқин аёллар бандлигини таъминлаган “National art by muslima” бренди остида фаолият юритувчи наққош Абдурашидхонова Муслимахон муносиб деб топилди.

Кўрик-танловнинг 1-ўрин соҳибаси Касимбаева Мадинага насиб қилди. Тадбиркор “SUZANI BY KASIMBAEVA” бренди остида фаолият юритади. Хозирги кунга келиб шогирдларининг сони мингдан ошган. Дунёнинг деярли барча давлатларига ва ўзимизнинг маҳаллий бозорга турли хилдаги матоларга миллийлигимиз акс этган, Ўзбегимнинг миллий кийимлари, кастюмлар, пальтолар, сумкалар, сочиқлар, дастурхонлар тикиб етказиб беради. Ишчилар сони 47 тани ташкил этади ва шу билан бирга  ишсиз  бўлган ногиронлиги бўлган аёлларни хонадонларидан чиқмаган ҳолда хомашё маҳсулотларини етказиб бериш орқали уларни ҳам иш билан таъминлаб келмоқда.

Иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари ва диплом, ташаккурномалар билан тақдирландилар.

  • Кўрилди
    198
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+