Кўтарилган масалалар долзарб аҳамиятга эга

15.05.2024, 12:00

Кўтарилган масалалар долзарб аҳамиятга эга

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида ташкил қилинган Осиё Хотин-қизлари форуми аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги фаоллигини янада ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда чинакам мулоқот майдонига айланди.

Анжуман натижасида қабул қилинган Самарқанд декларацияси эса эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, қитъа мамлакатлари ва халқларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада изчил давом эттиришда, шубҳасиз, муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Осиё мамлакатлари хотин-қизларининг бир даврага йиғилиб, глобал миқёсдаги долзарб масалалар юзасидан ўтказаётган мулоқоти нафақат минтақа, балки дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлади. Зеро, бугунги кунда Осиё минтақасининг жаҳон тараққиётида тутган ўрни тобора ортиб бораётир.

Мазкур форумнинг илк бор Ўзбекистонда ўтказилиши эса кейинги йилларда юртимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан ҳам далолат беради.

Форумнинг биринчи иш кунида БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ҳамда инновацион ёндашувлар кенг муҳокама қилинди.

Иккинчи иш куни ҳам қизғин ва фаоллик билан олиб борилди. Унда хотин-қизлар таълимини ривожлантириш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган ННТ, фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим таклифлар илгари сурилди. Депутат сифатида ўзим учун муҳим йўналишларни қайд қилиб олдим. Мисол учун, минтақадаги нодавлат ташкилотларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндашувларига бағишланган 8-параллел сессиясида кўтарилган масалалар мен учун долзарб аҳамиятга эга бўлди. 

Умуман олганда, мазкур форум гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда янги истиқболларни очишига ишонамиз. Якунда қабул қилинган Самарқанд декларацияси эса айтиш жоизки, барча давлатларнинг хотин-қизларга тааллуқли масалаларда эзгу интилишларининг амалий ифодаси бўлиши, шубҳасиз.

 

Феруза НИҒМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    218
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+