Ипакчилик соҳасида бозор механизмлари жорий этилиши пиллачилик истиқболи учун хизмат қилади

18.05.2024, 13:23

Ипакчилик соҳасида бозор механизмлари жорий этилиши пиллачилик истиқболи учун хизмат қилади

Ер юзининг ҳар қандай бурчагида қиёси топилмайдиган атлас, адрас матолари ранго-ранг жилоси билан кишини мафтун этади.  Бу маҳсулотлар жаҳон бозоридан ўз ўрнини топди. Чунки, халқимизнинг нафақат замонавий тараққиёти, балки қадим ўтмишидан сўзлагувчи бежирим бу каби матоларимизга сўнгги йилларда хорижликларда ҳам қизиқиш ортиб, дунёнинг машҳур дизайнерлари томонидан яратилаётган либослар коллекцияларидан муносиб жой эгалламоқда. Бу борада кейинги йилларда Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ўзбек миллий ипак маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқиши ва соҳада ишлаб чиқариш ҳажмининг бир неча баробарга ортишига хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ипак қурти парвариши жараёнида минглаб хотин-қизларнинг бандлигини таъминланяпти, меҳнат стажига эга бўлиб, нафақага чиқишлари учун яна бир имконият пайдо бўлмоқда.    

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонимизда ипакчилик соҳасини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг иқлим шароити ва мавжуд салоҳияти қишлоқ хўжалигининг ҳар бир тармоғи каби пиллачиликни ҳам янада ривожлантиришда муҳим омилдир. Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимизнинг салмоғини кўпайтириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун давлатимиз раҳбари томонидан бир қанча амалий ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг жорий йил 3 майдаги “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони пиллакорларимизга яна бир бор катта рағбат бўлди. Фармонгага асосан ипакчилик соҳасида бозор механизмлари жорий этилади. Кейинги тўрт йил мобайнида  тутзорлар 160 минг гектарга, дала четларидаги якка қатор экилган тут дарахтлари сони 500 миллионтага етказилади. Шу йилдан ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжни маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоиздан ошади. Ишлаб чиқариладиган хом ипак сифати 5а классга ҳамда уни қайта ишлаш даражаси 75 фоизга етказилади. Мазкур Фармонда кўра 105 минг гектар ер майдони “E-auksion” электрон савдо платформасига ижарага бериш учун аниқланган бошланғич баҳосининг 10 фоизи миқдоридаги нарх билан жойлаштирилади.

Шунингдек, мазкур Фармонда пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтириш, мамлакатимизда ипак қуртини парвариш қилишда касаначиликни янада ривожлантириш, янги тутзорларни барпо этиш орқали пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги кластерлар ва фермер хўжаликлари ҳамда пилла етиштиришга ихтисослашган уй хўжаликлари ташкил этиш, шунингдек, пилла хом ашёси етиштиришнинг озуқа базасини янада кенгайтириш мақсадида ипак қуртини парваришлаш, етиштирилган пилла хом ашёсини харид қилиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни ички бозорга йўналтириш ва экспорт қилиш борасида ҳам қатор вазифалар кўзда тутилган.

Фармонда келтирилган барча имконият ва имтиёзларни пиллакорларимиз орасига тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

Шу кунларда барча ҳудудларда бўлгани каби Наманганда ҳам пилла етиштириш бўйича ишлар қизғин палласига кирган. Жойларда пиллакорлар билан мулоқотда бўляпмиз, фермер хўжаликлари ва хонадонларда ипак қуртини парваришлаш жараёнларини кўздан кечириб, зарурий тавсия ва кўрсатмаларни беряпмиз. 

Ипак қурти боқиш жуда катта, меҳнат ҳамда масъулият талаб қилиши боис, уни парваришлашга кўп қўл кучи керак бўлади. Бу кўпроқ опа-сингилларимизни иш билан таъминлашда қўл келади. Бугунги кунда Наманган вилоятида 39 102  қути ипак қурти парвариши билан 32 303 нафар оилавий звенолар шуғулланмоқдалар.  2 515 тоннадан зиёд пилла хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Вилоятнинг Чуст, Поп ва Косонсой туманлари пиллакорлари аллақачон пилла териб, давлатга топширишни бошлаб юборишди. Пиллакорларнинг таъкидлашича, бу йилги ҳосил ҳар қачонгидан ҳам мўл бўлган. Давлат шартномаси ортиғи билан бажарилади.

Мулоқот чоғида пиллакорлар томонидан тармоққа инновацион техника ва технологияларни жорий этиш, янги тут плантацияларини барпо этиш, ипак қурти боқишга мўлжалланган замонавий иншоатларни қуриш ва мавжудлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, пиллакорларни рағбатлантириш, пилла боқиш учун шароит яратиш, тармоқни инновацион технологиялар асосида жадал ривожлантириш, кластер усулидаги ташкилий-технологик тизимни яратиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларига илғор усулларни жорий этиш орқали тармоқнинг жозибадорлигини янада ошириш  борасида амалий таклифлар билдирилди. Туну кун бедор бўлиб, ипак қурти парвариши билан машғул бўлган заҳматкаш пиллачилик звеноси аъзолари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кейинги йилларда пиллакорларга яратиб берилаётган  имтиёзлардан мамнун эканликларини билдиришди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, туманда тут кўчатлари етиштириш, тутзорларни барпо қилиш, ипак қуртини парваришлаш, пилла хом ашёсини тайёрлаш билан шуғулланадиган пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги янги фермер хўжаликлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Пиллачилик уй хўжаликларига бириктирилган ер майдонининг тут қаторлари орасига пиллакорлар сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни экишиб, рўзғорларига барака киритишаяпти.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Фармонга кўра ипакчилик соҳасида бозор механизмлари жорий этилиши пиллачилик истиқболи, хотин-қизларниг бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.  

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    259
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+