Кенг қамровли ҳамкорлик даражасига эришиш йўлида

20.05.2024, 11:49

Кенг қамровли ҳамкорлик даражасига эришиш йўлида

Малайзия Малай ярим оролида (Ҳинд-хитой  ярим оролининг жанубий қисми) ҳамда Малай архипелагининг унга туташ оролларида, Тинч ва Ҳинд океанлари кесишган жойда жойлашган. Бу ҳудуд “Малай олами”нинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу мамлакат қадимдан ишбилармонлик алмашинуви ва диний алоқалар маркази бўлиб келган. Мамлакат «Малайзия Мадани» концепцияси асосида ривожланишда давом этмоқда. Анвар Иброҳим Бош вазир этиб тайинлангандан сўнг, 2023 йил январь ойида Путражая шаҳрида «Малайзия Мадани» концепцияси миллий сиёсат сифатида жорий қилинган.

Малайзия – нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида катта салоҳиятга эга бўлган, жадал ўсиб бораётган давлатдир. Бугунги кунда Малайзия Шарққа назар сиёсати доирасида ҳорижий мамлакатлар билан муносабатларини кўпроқ иқтисодий дипломатия тамойиллари асосида ривожлантирмоқда. Малайзия ислом давлати сифатида, ташкил топганидан буён минтақада тинчлик жараёнини илгари сурган ҳолда, ислом олами билан муносабатларини мустаҳкамлашга интилмоқда. Шунингдек, Малайзия муайян ислом мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни ҳам фаол ривожлантирмоқда. Бундан ташқари, Малайзия ислом молия тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, ислом мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтиришни давом эттирмоқда ҳамда дунё ислом молия марказларидан бири бўлишга интилмоқда.

Малайзия ташқи сиёсий стратегиясида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Таъкидлаш жоизки, эзгу ният ва ҳамкорликка бўлган кучли истак, умумий  интилиш ва йирик лойиҳаларга эга мамлакатларни беш минг километрдан ортиқ масофа ажрата олмайди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 17 май куни расмий ташриф билан юртимизга келди. Учрашув аввалида Малайзия Ҳукумати раҳбари Президентимизга Малайзия Подшоҳи Султон Иброҳимнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди. Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлади.

“Мамлакатингиз билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсадимиз ҳисобланади”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалалари муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ўтган йил якуни бўйича товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсди, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги авиарейслар кўпаймоқда.

Ўзаро савдо ҳажмининг келгусида ҳам ўсишини таъминлаш ва кўрсаткичларини мувозанатлаштириш, йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалигида, жумладан, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, "Ҳалол" стандартлари бўйича сертификатлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Ахборот технологиялари, камбағалликни қисқартириш ва транспорт боғлиқлигини кенгайтириш соҳасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, энергетика, ислом молияси, экология, сунъий интеллект, туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Малайзиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими тез суръатларда ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш, шу жумладан “Умра плюс” лойиҳасини илгари суриш ҳамда ёшларимиз ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.

Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Ишончли, очиқ ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Малайзия Бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва  Малайзия музокаралари натижалари инвестициявий шерикликни кенгайтиришга, инновациялар, саноат, “яшил” энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда етакчи компаниялар кооперацияси йўналишларида кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Малайзия Бош вазирининг мазкур тарихий ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиши ва уларнинг ривожланишига кучли суръат бағишлайди.

Актам ХАИТОВ,

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    290
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+