Хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва ошкоралиги таъминланади

21.05.2024, 09:15

Хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва ошкоралиги таъминланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатлар дастлаб Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг мамлакатимизга расмий ташрифининг аҳамиятини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланди. Томонлар халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватламоқда. Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар тараққий этаяпти.

Малайзия Ўзбекистоннинг АСEАН давлатлари орасида муҳим савдо шериги бўлиб, биргина 2023 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошиб, 190 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ва сармоявий алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда.

Хусусан, малайзиялик инвесторларнинг нисбатан Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормоқда. Буни кимё, тўқимачилик, мебелсозлик, электротехника, молия ва туризм соҳаларида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мунозаралар давомида депутатлар Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг юртимизга ташрифининг аҳамиятига тўхталар экан, сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очишини қайд этдилар.

—Ўзбекистон — Малайзия ҳамкорлиги кўп асрлик дўстлик ва ўзаро ишончга асосланади, — деди ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов.— Айни вақтда юртимизда Малайзия капитали иштирокидаги 33 та корхона фаолият кўрсатяпти. Ўтган йил якуни бўйича эса товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсди. Мазкур ташриф Ўзбекистон — Малайзия ҳамкорлигини сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим, инновациялар, маданият ва халқ дипломатияси соҳаларида сезиларли даражада фаоллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Фракция йиғилишида “Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам обдон кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат мулкларини хусусийлаштириш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтириш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Таклиф этилаётган мазкур қонун лойиҳаси билан давлат мулкини гаровга қўйиш, баҳолаш ва оммавий савдоларга чиқариш, давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш тартибини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ҳомийликка сарфланадиган харажатларини, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш билан боғлиқ нормалар белгиланяпти.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ўз фикрлари, таклиф ва тавсияларини билдирди. Лойиҳа юзасидан кўтарилган саволларга қонун ташаббускорлари томонидан батафсил жавоблар олинди.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилиниши инобатга олиб, уни маъқулладилар.

Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

  • Кўрилди
    202
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+