Парламент қуйи палатаси депутати Бухородаги ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди

29.05.2024, 12:30

Парламент қуйи палатаси депутати Бухородаги ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова Бухоро шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, меҳнат аҳли вакиллари билан учрашди.

Ана шундай ишлаб чиқариш субъектларидан бири шаҳардаги “Файз қурилиш моллари” МЧЖдир. Бу ерда халқаро стандартлар бўйича ишлаб чиқаришни ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётганлиги боис, конверт асосида принтерли буюмлар, полипропилен қоплар, герметик маҳсулотлар, шунингдек, сифатли лак-бўёқлар тайёрлаш талаб даражасида. Улар рақобатбардошлиги билан ажралиб туради.

Бугунги кунда Бухоро шаҳри, Бухоро ва Когон туманларида “Файз қурилиш моллари” МЧЖга қарашли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир йўла 3 та завод фаолият кўрсатмоқда. Тайёр маҳсулотлар нафақат республикамиз вилоятларига, балки қўшни давлатларга ҳам етказиб берилмоқда. Ҳозирги пайтда МЧЖ корхоналарида юздан зиёд турдаги қурилишбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти.

Корхонада ҳозирги пайтда 300 киши иш билан банд. Ишловчиларнинг 50 нафари муҳандис-техник ходимлардир.

Шунингдек, депутат М.Баратова вилоят марказидаги “Рушан текс” МЧЖда ҳам бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Пахта хом ашёсини қайта ишлаб калава ип йигириш, ундан эса бўз матоси тайёрлаш ишлаб чиқариш жараёнининг асосини ташкил этади. Бу ерда ишлаб келаётган 105 нафар ишчи ходимларнинг 75 нафари хотин-қизлардан иборат бўлиб, корхонада клар учун барча шароитлар яратилган.

Тайёр маҳсулотларнинг бир қисми экспортбоплиги боис Туркия давлатига юборилаяпти. Жумладан, хориж давлатларига шу кунгача 35 млн АҚШ долларидан кўпроқ маҳсулот жўнатилган бўлиб, ушбу жараён жадал давом эттирилмоқда. 

Ишлаб чиқариш корхоналари ишчи ходимлари билан ўтказилган юзма-юз мулоқотлар чоғида депутат М.Баратова юртимизда аҳоли фаровонлигига эришиш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, юртимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий секторнинг улушини янада юксалтириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кейинги пайтда киритилган ўзгартиришлар, хусусан, уй-жой масалаларига оид янгиликлар, ногиронлар ҳуқуқлари билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар ҳамда энг кейинги ҳукумат қарорлари мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган долзарб вазифалар бўйича тўлақонли маълумотлар бериб ўтди.

Учрашувлар давомида ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ айрим муаммолар бўйича берилган саволларга амалдаги қонунчиликка асосан батафсил жавоблар берилди.

  • Кўрилди
    297
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+