ЎзЛиДеПда ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари билан учршув бўлиб ўтди

29.05.2024, 17:09

ЎзЛиДеПда ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари билан учршув бўлиб ўтди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти(ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари мамлакатимизда бўлиб турибди. 

Жорий йилнинг 29 май куни ЕХҲТ ДИИҲБ Сайловлар бўйича департаменти катта маслаҳатчиси Кеара Кастальдо ва сайловлар бўйича маслаҳатчи Каха Инаишвили ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ва партия вакиллари билан учрашди.

Мулоқотда партия раҳбари  меҳмонларга дастлаб мамлакатимизда  турли соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг айрим қирралари хусусида сўзлаб берди. Хусусан, ўтган йили янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг халқимиз томонидан қабул қилиниш жараёнлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштироки ҳақида атрофлича маълумотлар берди.

Суҳбат жараёнида ушбу нуфузли ташкилот вакиллари, шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган асосий дастурий ҳужжат “Ўзбекистон -2030” стратегиясига ҳам эътибор  қаратди.

Учрашувда ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш натижалари бўйича тавсияларини миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига ҳамда сайлов базаси қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган жараёнларда ҳисобга олиш ва жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди. 2023  йил декабрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш  тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикасининг  Конституциявий қонунининг миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини умумқабул қилинган  халқаро сайлов стандартларига мувофиқ янада такомиллаштиришдаги аҳамияти таъкидланди.

ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. 

Учрашув дўстона ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.

 

ЎзЛиДеП матбуот хизмати

  • Кўрилди
    191
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+