Кўҳна Насафнинг ишбилармон аёллари сараланди

03.06.2024, 10:32

Кўҳна Насафнинг ишбилармон аёллари сараланди

Азалдан кўҳна Насафда хотин-қизлар ўртасида ҳунармандчилик, миллий каштачилик, чопончилик, дўппи тикиш, қандолатчилик кенг ривожланган. Бугун қаршилик хотин-қизлар она-момолари мерос қадимий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттирган ҳолда ўз тадбиркорликларини давом эттириб, ҳамшаҳарлари бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келишаяпти.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб қилиш, давлатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ватанимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш орқали бугуннинг замонавий тадбиркор аёл қиёфасини яратишда  “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарши шаҳар саралаш босқичида сўзга чиққанлар воҳада   кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаолиятини рағбатлантириш, уларни юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлашда мазкур танлов яқиндан ёрдам бераётганлигини алоҳида эътироф этишди.   

Шаҳардаги “Одина” тарихий-меморий мажмуасида ўтказилган тадбирда шаҳарнинг турли гўшаларида ҳунармандчилик, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар ўз маҳсулотлари  кўргазмасини намойиш этдилар.

 - Фарзанд кўрганимдан сўнг, болаларим ўйинчоқларни кўп сўрайдиган бўлишди, -дейди Дилором Бозорова. – Ўша пайтлари ўйинчоқларнинг нархи осмонда эди. Ёш оила бўлганимиз учун сотиб олишга қурбимиз етмасди. Шундан сўнг матодан ўйинчоқ ясашга аҳд қилдим. Аввалига ўхшамади. Кейинчалик чиройли қўғирчоқчалар, чол билан кампир, дугоналар, айиқчалар, шер, фил ясадим. Аста-секинлик билан маҳоратим ошиб, қилган ишимдан кўнглим тўла бошлади. Шогирдларни ишга олдим. Қўшни болаларнинг туғилган кунларида уларни совға қилишни одат қилдим. Маҳалладошлардан талаб туша бошлагач, кичкинагина цех очиб, оила аъзоларимиз билан болалар ўйинчоқлари тайёрлаб, сота бошладик. Болалар боғчаларининг буртмаларига асосан турли хил ўйинчоқлар тайёрлаб бераяпмиз. Энг муҳими, бизнинг қўғирчоқларимиз матодан, болалар саломатлигиа хавф туғдирмайди. Истаган пайтда ювиб, чангини тозалаб яна боланинг қўлига бериб қўйишингиз мумкин. Бугунги тадбирда кўплаб ишбилармон аёлларнинг тажрибаси билан танишдим. Тадбиркорликнинг янги-янги йўналишларидан бохабар бўлдим. Бунинг учун “Аёллар қаноти”га минг раҳмат!

Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳунармандчиликнинг  матоларга  безак солиш тури билан шуғулланаётган Қавали МФЙда яшовчи Феруза Бобомуродова, Комилон маҳалласида яшовчи гулчи Гулбаҳор Муртазоева,  тикувчилик ва каштачилик билан шуғулланиб, ўнлаб хотин-қизларни иш билан таъминлаб келаётган отчопарлик Сожида Бойназарова, худойзодлик Гули Каримова, оқтепалик Севара Суюнова, Табассум МФЙда фаолият олиб бораётган Нафиса Аслановаларниг фаолияти алоҳида эътироф этилди.    Саралаш жараёнида кўрик-танловнинг шаҳар босқичида қатнашадиган тадбиркор аёллар саралаб олинди.

-Мазкур танлов ташкил этилганидан буён унинг иштирокчилари ва ғолиблари бўлган ташаббускор ва ташкилотчи  тадбиркор аёллар томонидан минглаб янги иш ўринлари яратилди, - дейди Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутати Арзиқул Шеров. – Бугун “Аёллар қаноти” фаоллари ҳар бир оилага кириб бориб, партиямизнинг дастурий мақсадларини кенг тарғиб қилиш асносида, уларнинг турмуш шароитлари, бандлик даражалари билан танишмоқдалар. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида депутатларимиз кўмагида 30 дан ортиқ хотин-қизларга банклардан кредит олишда кўмаклашдик. Ночор оилаларга даромад топиш учун  тикув машиналари, микротўлқинли печлар туҳфа этилди. Бугунги тадбир давомида аниқланган, хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммоларни депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан қисқа фурсатда мақбул ечимларини топилиб, ижобий ҳал этилади.

  • Кўрилди
    173
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+