Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида бошланган эзгу ишлар бухороликларни яратувчанликка, бунёдкорликка чорламоқда

04.06.2024, 10:29

Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида бошланган эзгу ишлар бухороликларни яратувчанликка, бунёдкорликка чорламоқда

Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида бошланган эзгу ишлар бухороликларни яратувчанликка, бунёдкорликка чорламоқда

 Давлатимиз раҳбарининг маҳаллалар ҳаёти ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида – “Иқтисодиётни изчил ривожлантириб, яна янги иш жойлари очиш, ёшларни билимли ва касбли қилиш бўйича ҳали кўп ишлашимиз керак. “Оёғимиз остида”кўплаб имкониятлар турибди. Улардан фойдаланиб, 544 та маҳалладаги 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини янада яхшилаш зарур. Бунинг учун ҳар бир тизим ҳар куни меҳнат қилиши, изланиши керак”, деб айтган сўзлари биз O’zLiDeP фаолларини ҳам ўз партиявий фаолиятимизга янгича ёндашган ҳолда иш юритишга даъват этаяпти.

Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,  уларни иш билан таъминлаш борасида маҳаллалардаги “еттиликлар” тизими фаолияти янада жонлантириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Навқирон авлод вакиллари учун мамлакатимизда юртбошимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан бири сифатида биз мамнуният билан тилга олиб ўтишимиз керакки, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб 11-синф битирувчилари янги тизим асосида 2 та хорижий тил ва 1 та касбни ўрганишга йўналтирилган бўлса, келгуси йилдан бошлаб вилоятда касб эгаллаган битирувчи ўқувчиларнинг барчаси 50 фоиз ойлик маош билан таъминланилиши синов-тажриба сифатида амалга оширилади. Бу эса бевосита иқтидорли ёшларнинг кейинги олий таълим йўналишини белгилаш ва кириш имкноятини кенгайтирса, олий таълимга қамраб олинмаган ёшларнинг келажакда бемалол ўз оилалари учун сармоя киритиш, даромадини ошириш ва  бандлигини таъминлаш учун манба бўлиб хизмат қилади.  

Давлатимиз раҳбари ҳар гал Бухорони зиёлилар, олимлар юрти эканлигини, ушбу муқаддас заминда азиз авлиёлар яшаб ўтганлигини,  Шариф шаҳарлардан бири бўлган Бухоро ислом оламидаги таниқли етти пирларнинг муборак маскани эканлигини  алоҳида таъкидлаб ўтишлари шу заминда яшаётган ёшу-қарининг қалбида фахр-ифтихор тўйғуларини уйғотиши табиий албатта. Бу борада биз зиёли қатлам вакиллари олдида турган муҳим вазифалардан бири - буюк бобокалонларимиздан қолган бебаҳо маънавий меросни, уларнинг илмини нафақат халқимиз, ёшлар онгига сингдириш, балки бутун дунё ҳамжамиятига етказишда жонбозлик кўрсатишдан иборатдир.

Маълумки, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш, соҳага юқори технологияларни жалб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Президентимиз томонидан айнан шу муҳим масала бўйича мутассадди ташкилотларнинг раҳбарларига топшириқлар берилганлиги вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда ҳам муҳим ўрин тутиши турган гап. Ушбу масала бўйича ўтказилган йиғилиш доирасида давлатимиз раҳбари вилоятда  яна учта йирик иншоот – газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси, Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилгани ва рамзий тугмани босиб ушбу мажмуалар қурилишини бошлаб берганини назаримда бутун Бухоро халқи мамнуният билан кутиб олди. Негаки, ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида Бухорода нафақат туризм, балки саноат ҳам ҳақиқий “драйвер”га айланиши турган гап.

Вилоятимиз O’zLiDeP фаоллари, шаҳар ва туманлардаги барча маслакдошларимиз Президентимизнинг Бухорога навбатдаги ташрифи чоғида берилган барча кўрсатмаларни ўз партиявий фаолиятларида кенг қўллаб, вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшадилар.

Обиджон Хамидов,

O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    187
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+