O‘zLiDeP Смольний билан алоқага чиқди (ФОТО)

18.04.2018, 18:46

O‘zLiDeP Смольний билан алоқага чиқди (ФОТО)

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йилига ҳозирги 1,5-2 миллиард доллардан 10-15 миллиард долларгача ошириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ушбу кўрсатма ижросини таъминлаш, мамлакатга чет эл инвестицияларини жалб қилиш, миллий маҳсулот, товар ва хизматларнинг экспортини кўпайтириш, ўзбек миллий брендларини жаҳон бозорига олиб чиқишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Энг асосийси, улар томонидан Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчи корхоналар ва хорижий ҳамкорлар ўртасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини ўрнатиш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи мутлақо янги механизмларни амалиётга татбиқ этиш ғоялари илгари сурилмоқда.

2018 йил 18 апрель куни O‘zLiDePнинг экспорт ва инвестицияларни кенгайтириш масалалари бўйича лойиҳаси, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Санкт-Петербург шаҳри маъмуриятининг ташқи алоқалар қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистон ва Россия: ҳудудларнинг ўзаро ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида онлайн конференция ташкил этилди.

Тадбирнинг мақсади – икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бевосита ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида кооперацияни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни фаоллаштиришга кўмаклашишдир. Унда видеоалоқа орқали уланган Ўзбекистоннинг 5 та ҳудуди – Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Сурхондарёдан мева-сабзавот ва узумни етиштириш, сақлаш, қайта ишлашга ихтисослашган компаниялар, Савдо-саноат палатаси, «Ўзшаробсаноат», «Ўзозиқовқатхолдинг» вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди.

Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти шафелиги остида бевосита Смольнийда ташкил этилган Россия студиясида Санкт-Петербург шаҳар маъмуриятининг ташқи алоқалар, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий таъминот, истеъмол бозорлари масалари бўйича, ҳамда инвестициялар бўйича қўмиталари, Санкт-Петербург савдо-саноат палатаси, шунингдек «СпецСервис», «Корпорация Бонапарт», «Legaris Trading», «Балтика-Транс», «ТОР», «Безопасные технологии и разработки», «X5 Retail Group», «Международной ассоциации интеграционного сотрудничества» каби етакчи Россия компаниялари ва тармоқ тузилмалари вакиллари иштирок этди.

O‘zLiDePнинг ўзи учун мутлақо янги бўлган бундай форматларни иш жараёнига татбиқ этиши асосида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларга ҳамоҳанг иш юритишга интилиш ҳамда  “амалий ишлар партияси” сифатида ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқилганлиги ётибди. Зеро, жамият ва давлат ривожланишининг бугунги суръатлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар қамрови партиядан амалий қадамларни талаб этмоқда, жамият ва давлатни модернизация қилиш, айниқса, мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш борасидаги тарихий воқеаларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчисига айланиш зарурлигини кўрсатмоқда. Партия негизида ташкил этилган маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг хориждаги салоҳиятли ҳамкорлари ўртасида муҳокамаларни ўтказиш бўйича ташкил этилган майдон ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилади. Мазкур анжуманларда маҳаллий кенгаш депутатлик гуруҳи аъзоларининг иштирок этиши эса тадбиркорларнинг экспортга йўналтирилган фаолиятини фаоллаштиришдаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини бермоқда.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон­ ва Россиянинг  савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган ушбу тадбир бевосита Санкт-Петербург губернатори  Георгий Сергеевич Полтавченко кўмагида ташкил этилди.

Тадбир икки мамлакат Президентлари ўртасида давлатларимиз ҳудудларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга доир эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди дейиш мумкин.

Тадбирда россиялик иштирокчиларнинг билдирган фикрига кўра бундай учрашувлар уларнинг ўзбекистонлик тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ва ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга улкан қизиқишидан далолат беради. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва Санкт-Петербургнинг ўзаро муносабатларини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва логистика, Ўзбекистон далаларида етиштириладиган сифатли ва табиий маҳсулотларни россиялик истеъмолчилар дастурхонига етказиш соҳасида етакчи корхоналар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун ўзига ҳос янги имкониятлар эшигини очади.

Бизнес-форум дўстона ва ишчанлик руҳида ўтди. Ўзбекистоннинг бир қатор худудлари мева-сабзавот ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ҳамда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ва «Ўзшаробсаноат» холдинг компаниялари вакиллари Россия бозорларига сифатли маҳсулотларни етказиб бериш имкониятларини намоён этди.

Тадбирда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳи вакиллари ҳам иштирок этди. Мазкур форум партиянинг икки мамлакат бизнес-тузилмалари ҳамкорлигини ривожлантиришга амалий ҳисса қўшиш йўлидаги яна бир қадам бўлди. Давлатнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий устувор вазифаларини амалга оширишда партия ва парламент дипломатияси механизмлари қўлланилиши Санкт-Петербург маъмурияти учун ҳам муайян даражада янгиликдир.

Амалий форум давомида, бундай учрашувларни доимий асосга қўйишга эҳтиёж борлиги айтиб ўтилди. Шунингдек қуйидаги масалалар бўйича ҳам мулоқотни янада ривожлантиришга манфаатдорлик билдирилди:

биринчидан, Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорига, шу жумладан, “яшил йўлак” тизимини жорий этиш орқали етказишни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш;

иккинчидан, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Россия бозорига ва россиялик ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон бозорига фаол киришига қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш;

учинчидан, инновацион ёндошувларни кенг жорий этган ҳолда юқори технологик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва экспорт қилиш, икки томон учун манфаатли бошқа товарларни етказиб беришни кенгайтириш.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бизнес-форум Санкт-Петербург ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли муносабатлар ва ҳамкорликни ўрнатиш учун ўзига хос янги форматдаги майдон яратди. Томонларнинг тадбиркорлар мулоқотини доимий асосда, шу жумладан, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича ҳам давом эттиришга манфаатдорлиги қайд этилди.

Партия шу каби бизнес форумларни Россиянинг бошқа ҳудудлари ҳамда бошқа мамлакатлар билан ўтказишни ҳам мўлжалламоқда. Бу тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри муносабатларни ўрнатиш, бизнес-лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиш масалалари бўйича аниқ келишувларга эришишга хизмат қилади. Анжуман давомида эришилган барча келишувларни амалга ошириш ва якунига етказиш учун партия махсус гуруҳлар ташкил этади, улар барча ташкилий масалалар билан шуғулланади, ўзбекистонлик ва хорижий тадбиркорлар ўртасида ўзига хос “алоқа кўприги” вазифасини бажаради.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2069
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+