Меҳнат муҳожирларининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

04.06.2024, 12:24

Меҳнат муҳожирларининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

Меҳнат муҳожирларининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

Кейинги йилларда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масалалар ҳар бир давлатнинг кун тартибидаги масалага айланган. Хусусан, хорижий давлатда меҳнат мигранти сифатида рўйхатдан ўтган фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратишни таъминлаш, фавқулодда вазиятларда эвакуация қилиш каби вазифалар ўз долзарблигини йўқотмай келаяпти.

Мамлакатимизда ҳам меҳнат миграцияси жараёнларини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, Ватанига қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш давлат раҳбарининг доимий назоратидаги масалалардан бири.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, эндиликда 1 июндан меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш, «ишчи виза»ни расмийлаштириш ва йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш учун компенсация тўланади. Шунингдек, фармон билан хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бориш учун жўнаб кетаётган ёки вақтинча ишлаётган фуқароларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, консуллик хизматларини кўрсатиш масалалари ҳам белгилаб қўйилди.

Жорий йилнинг 1 июнидан «Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 бараваригача, «Ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар учун эса БҲМнинг 5 бараваригача,  йўл чиптаси учун БҲМнинг 2 бараваригача компенцация тўлаб берилади. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, юқорида белгиланган компенсация суммаси фуқаро хорижда ишга жойлашганидан сўнг бир ойдан кечикмасдан унинг аризасида кўрсатилган банк пластик картасига ўтказиб берилиши ҳам мазкур фармондан жой олган. Фармон кучга кирган санадан бошлаб, ҳужжатларни онлайн талаб қилиб олиш бўйича консуллик йиғимлари миқдори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи миқдорига тенглаштирилади.

Фармонда белгиланган субсидиялар 2024 йил 1 июнидан 2026 йил 1 январига қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан қўлланилади. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс  билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Айтиш жоизки, бу моддий етишмовчилик ёки муносиб иш таклифи сабаб хорижий давлатга кетиш истагида бўлган юртдошларимизнинг ортиқча сарф-харажат қилишларига йўл қўймаслик баробарида ҳар томонлама давлат ҳимоясида эканини ҳис қилишга ёрдам беради. Эндиликда 2024 йилнинг 1 сентябрига қадар хорижда вақтинча ишлаётган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш учун тун-у кун ишлайдиган  Call-марказ ташкил этилади. Чет элдан чиқувчи абонентлар учун қўнғироқларни бепул амалга ошириш имконияти яратилади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, хорижда вақтинча ишлаётган ва оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларга моддий ёрдам кўрсатиш имкониятлари янада кенгаяди. Шу билан бирга 2024-2025 йилларда Буюк Британияда (Лондон), Германияда (Берлин), Туркияда (Истанбул) ва Саудия Арабистонида (Ар-Риёд) агентликнинг ваколатхонларини очиш режалаштирилмоқда. Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Полша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий этилади. Бу эса меҳнат мигрантларининг иш танлаш имкониятларини янада кенгайтиради. 

Шу асосда жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан, хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга чет элда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат берилади. Бунда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар томонидан тўланадиган маблағлар тижорат банкларида очилган махсус ҳисобварақда сақланади. Хусусий бандлик агентлиги шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарганидан сўнг, унинг ҳисобварағига ўтказилади.

Шу ўринда тўхталиш лозимки, бугунга қадар хорижда ишлаб қайтган ватандошларимиз учун иш топишда оворагарчиликлар бор эди. Иш топса, маоши тўғри келмайди, маоши тўғри келса, салоҳияти етишмаслиги айтиларди. Шу боисдан ҳам, ватанга қайтган “дипломсиз” юртдошларимиз кўпинча тадбиркорлик, деҳқончилик ёки чорвачилик билан шуғулланишни афзал кўришарди. Мазкур фармон билан эса у кучга кирган санадан бошлаб хорижда ишлаб қайтган шахсларни ишга олган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади. Шу билан бирга уларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши учун “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига мувофиқ кредитлар ажратилади.

Энг муҳими, 2025 йил 1 июлга қадар Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи электрон маълумотлар базаси яратилади. Бундан ташқари, чет элда вақтинча ишловчилар учун айни пайтда бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш учун мобил илова яратилади.

 Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратсак. Кейинги йилларда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ зўравонлик, тазйиқ, камситилиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларининг содир этилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Фармонга биноан, айни вазиятга тушган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

 Ушбу фармон ижроси доирасида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг “Онлайн маҳалла” электрон платформасида “Реинтеграция” модули яратилади. Ҳар бир маҳаллада “маҳалла еттилиги” томонидан меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни хатловдан ўтказиш ва натижаларини “Реинтегратсия” модулига киритиш амалиёти йўлга қўйилиб, расмий бандлиги таъминланиши ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларидан (KPI) бири этиб белгиланди.

Фармонга биноан жорий йилнинг 1 июнига қадар “Хорижда иш” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуаси ва “Бандлик хизмати” ахборот тизими “Онлайн маҳалла” электрон платформаси билан интеграция қилинади. Ҳоким ёрдамчиларига “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали миллий вакансиялар базасидаги ва хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари ҳамда ушбу иш ўринларига қўйилган талаблар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида электрон тарзда олиш имкониятини яратилади. Айни муддатдан бошлаб, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга эса давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти жорий этилади.

Фармон қабул қилинишининг яна бир эҳтиборли жиҳати, нафақат хорижда меҳнат қилаётган ёки ватанга қайтган ватандошларимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, балки уларнинг фарзандларини ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Унга мувофиқ, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари негизида ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб мазкур марказнинг ҳудудларда фаолият юритаётган ходимлари томонидан хорижда меҳнат қилаётган мигрантлар хонадонидаги эҳтиёж ва муаммолари аниқланиб, “Кейс-менежмент” (Case-Manager) усули асосида  ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилиши ҳам белгилаб қўйилди.

Шунинг баробарида мазкур фармон ижроси доирасида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига — ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ҳисоботларини эшитиш доирасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, ҳисоботлар тингланади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ташқи меҳнат мигратсияси соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот киритади. Айни пайтда дунё сиёсий майдонида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар фонида энг кўп жабр кўрадиганлар меҳнат мигрантлари бўлишини ҳисобга олсак, мазкур фармоннинг қабул қилиниши давлатимиз етакчисининг бу борадаги ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватловининг ёрқин ифодасидир.

Баҳрамова Моҳинур Баҳрамовна

Юридик фанлари доктори,

ТДЮУ доценти,

O‘zLiDep Чилонзор туман кенгаши аъзоси

 

 

 

  • Кўрилди
    204
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+