Ижтимоий фаровонлик — тараққиёт кўзгуси

05.06.2024, 11:03

Ижтимоий фаровонлик — тараққиёт кўзгуси

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг ижтимоий ва моддий фаровонлик кўрсаткичлари йил сайин юксалиб бораётганини англаш учун ён-атрофимизга боқиш кифоя. Шаҳар ва қишлоқларимизда, айниқса, ривожланиш эпкинларидан доимо йироқ бўлиб келган олис, чекка ҳудудларимизда ҳам ижтимоий-иқтисодий инфратузилманинг давр талабларига ҳамоҳанг тарзда янгиланаётгани, бу ерларга саноат, ишлаб чиқаришнинг кириб бораётгани, янги иш жойлари очилаётгани, аҳолининг бандлик даражаси кўтарилиши баробарида турмуш шароити ҳам изчил яхшиланаётгани қувонарли.

Жумладан, Статистика агентлиги маълумотига кўра, республикамизда 2023 йил 1 январь ҳолатига фуқароларнинг уй-жой билан таъминланганлик кўрсаткичи ҳар бир аҳолига умумий яшаш майдонидан ўртача 18,5 квадрат метрни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 0,3 квадрат метрга ошган. МДҲ давлатлари орасида эса Ўзбекистон аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражаси бўйича 7-ўринда. Агар юртимизда аҳоли нуфузи ва шунга мос равишда янги оилалар сони жадал ўсаётганини инобатга олсак, бу чиндан ҳам салмоқли кўрсаткич, залворли натижадир. Ёки 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомобиллар сони 4 млн. 20 минг 744 тага етган. Ваҳоланки, бундан икки йил олдин мазкур рақам 3 миллиондан сал ошиқ бўлган.

          Мана шу далилларнинг ўзиёқ давлат ва жамиятимиз ҳаётида инсон манфаатлари йўлида рўёбга чиқарилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ёрқин ўзгаришларга, одамларимизда ижтимоий кўтаринкиликка туртки бераётганини исботлайди. Аслида бугун жаҳон миқёсида иқтисодий беқарорлик, кескинлик, геосиёсий қарама-қаршиликлар ортган, башарият тақдирига дахлдор масалаларда ўзаро мулоқот издан чиққан бир шароитда бунга эришиш осон бўлмаётгани ҳам рост.

Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбари 2023 йили 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлаган эди. Келтирилганидек, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Бош мақсад эса, 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга оширишдир. Аҳоли турмуш даражасини кўтаришга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

Ушбу вазифалар Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ 2023 йил 12 сентябридан кучга кирган “Ўзбекистон-2030 ” стратегиясида ҳам аниқ-равшан белгилаб қўйилган.  Бешта устувор йўналишда юзта аниқ мақсадни қамраб олган ушбу ҳужжатда аҳолини  соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини кенгайтириш борасида ҳам мана шундай тугал ечимлар кўзда тутилганки, буларнинг бари пировардида одамларнинг маъмурчиликда яшашига, жамиятда некбин кайфият ҳукм суришига замин яратаётир.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олишни, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадни 4 минг долларга етказишни назарда тутади. Бундай юксак маррага эришиш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижадорлиги йил сайин яққол намоён бўлиб бормоқда. Рақамларда келтирилишича, ўтган йили юртимизда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 29,3 млн. сўм ёки 2494 долларга етди. Ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн. 551 минг сўмни ташкил этди.

Шу ўринда таъкидлаш керак, бутун дунё мамлакатларида ҳар йили аҳоли жон бошига миллий даромадни ҳисоблаб чиқадиган Жаҳон банки методологиясида барча давлатлар ва ҳудудлар учта тоифага бўлинган. Унга кўра, аҳоли жон бошига даромади юқори бўлган мамлакатлар (12 616 доллар ва ундан юқори), аҳоли жон бошига ўртача даромадга эга мамлакатлар (1036 доллардан 12615 долларгача), аҳоли жон бошига даромади паст бўлган мамлакатлар (1035 доллар ва ундан паст) ҳисобланади. Шу маълумотдан ҳам кўринадики, ҳозирнинг ўзидаёқ стратегик мақсадларга эришиш бўйича аниқ натижалар мавжуд.

Жорий йилда эса иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестициялар жалб қилиш кўламини кенгайтириш орқали ҳудудларда нақ 35,5 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Натижада 309 та йирик ишлаб чиқариш қуввати барпо этилиб, 36 мингта иш ўрни очилади. Бу, табиийки, иқтисодий ўсишга ва аҳоли даромадлари ошишига хизмат қилади.

Энг асосийси, ислоҳотларнинг асоси таълим ва илм-фан ривожи билан мустаҳкамланаётганидир. Инсон ресурсларини ривожлантириш масаласининг устувор бўлиши қўшимча қиймат яратишда муҳим омил ҳисобланади.

2019-2023 йиллар оралиғида молия ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,77 баробарга (4,8 млн. сўмдан 13,8 млн. сўмга), ахборот ва алоқа соҳасида 2,67 баробарга (3,9 млн. сўмдан 10,6 млн. сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 95 фоизни (1,5 млн. сўмдан 3 млн. сўмга), таълим соҳасида 69 фоизни (1,8 млн. сўмдан 3,1 млн. сўмга) ташкил этган.  Аммо бу рақамлар биз учун ҳаёт-мамот масаласига айланган таълим-тарбияга, бу соҳада фаолият юритаётганларни моддий қўллаб-қувватлашга эътибор суст деган фикрни уйғотмаслиги керак. Чунки, айнан соҳа ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробарга кўтариш, тарбиячи ва ўқитувчиларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш, ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизимини такомиллаштириш борасида аниқ мақсадлар белгилаб олинган. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Унга асосан, ОТМ профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимлари моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек, меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади. Пул мукофотлари, устамалар ва қўшимча ҳақлар миқдори ҳар бир ходимнинг олий таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссасига қараб белгиланади.

          Яхши эслаймиз, бир замонлар аҳоли ўртасида камбағал қатлам мавжуд бўлса-да, бу хусусида лом-мим дейишга ҳаддимиз сиғмас эди. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бундай ноўрин сукут охир-оқибат ижтимоий ҳаётимизда қатор иллатларни келтириб чиқаргани сир эмас. Сўнгги йилларда эса жамиятимизда камбағаллик борлиги нафақат тан олинди, балки уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди. Юртимиздаги барча туманлар шароитига кўра 5 та тоифага ажратилиб, табақалашган енгилликлар берилди. Аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифалар ижросига киришилди.

Эзгу ният ва эзгу амаллар ўз натижасини кўп ҳам куттиргани йўқ. Чунончи, юртимизда камбағаллик даражаси 2023 йил давомида 14 фоиздан 11 фоизга камайгани эълон қилинди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан қайд этилишича, камбағалликнинг пасайиши барча вилоятларда кузатилган. Сирдарё (19,5 фоиздан 13,8 фоизгача), Андижон (17,4 фоиздан 11,9 фоизгача) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (19,9 фоиздан 13,7 фоизгача) сезиларли даражада қисқарган. “2023 йилда жами 4,1 млн. аҳоли, шундан 2,3 млн. нафари доимий ва мавсумий иш ўринларида, 112,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, 1,6 млн. аҳоли ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бандлигини таъминлашга эришилди. Ҳоким ёрдамчилари кўмагида 241,3 минг нафар фуқарога ижара асосида ер майдонлари ажратилди. “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 6 минг 745 та тадбиркорлик субъекти билан 455 минг нафар кишининг бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Шунингдек, 472 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 10 трлн. сўм имтиёзли кредитлар ва 73 минг нафар ишсиз фуқароларга 356 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди. Маҳаллабай ишлаш асосида 51 мингта микролойиҳа амалга оширилиши натижасида 206 мингта иш ўринлари яратилди. 181 минг нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди ва 183,8 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди”, – дейилади вазирлик тақдим қилган хабарда.

 

***

Гарчи мамлакатимизда пенсияларнафақалар ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турлари миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги Асосий Қонунимизда кўрсатиб ўтилган бўлса-да, йиллар давомида бу меъёрни амалда таъминлашнинг имкони бўлмади.  2016 йилда, бошқача айтганда, янги ислоҳотлар даврига келиб бу борада натижадор ва ҳақчил тизим яратилди. Илғор тажрибалар асосида минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланди, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўтган етти-саккиз йилда бир неча марта оширилди. Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, иш ҳақи ва пенсияларни ошириш орқали ижтимоий барқарорликни кафолатлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш чораларига устувор эътибор қаратаётгани инкор этиб бўлмас фактдир.

Иш ҳақи ва пенсиялар ҳақида сўз борганда, бу минглаб эмас, миллионлаб инсонлар ҳаётига дахлдор масала эканини чуқур англаймиз. Аҳамиятлиси, 2016 йилдан бошлаб фуқароларнинг молиявий фаровонлигини оширишга қаратилган жадал ва тизимли чора-тадбирлар амалиётга йўналтирилаётгани ана шу миллионлаб инсонлар ҳаётини яхши томонга ўзгартираётгани ҳаётий ҳақиқат.

Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, 2016 йилдан бошлаб энг кам пенсия ва иш ҳақининг барқарор ўсиши қайд этилган. Масалан, 2023 йилда пенсия ва иш ҳақининг энг кам миқдори 7 фоизга оширилди. Бу ўсиш 4,4 миллион нафардан ортиқ пенсионерлар ва 2 миллиондан ортиқ бюджет ташкилотлари ходимлари турмуш фаровонлигини янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, бу истеъмол бозорида ички талабни ҳам рағбатлантириб, бутун мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Иш ҳақи ва пенсияларни тўлаш жараёнига замонавий рақамли технологияларнинг жорий этилгани эса ушбу жараённинг шаффоф ва самарали бўлишини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Меҳнатга ҳақ тўлаш қонун билан қатъий тартибга солиниб, ҳар бир кечиккан кун учун иш берувчи компенсация тўлаши йўлга қўйилди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, иш ҳақи ва пенсиялар миқдоридаги кўтарилиш фонида қашшоқликни камайтириш ва умумий фаровонликни яхшилаш жараёни ҳам узвийлик касб этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчи фаоллиги ортишига, ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкамланишига олиб келади. Барқарор ривожланишининг асосий таркибий қисми бўлган аҳоли даромадларини янада ошириш учун шарт-шароит яратиш борасидаги ишлар давом этмоқда.

Шу билан бирга давлат олдида турган муаммоларни ҳам ҳисобга олиш керак. Инфляция ва валюта курсининг ўзгариши номинал даромаднинг ўсиш суръатини сусайтириши мумкин. Шу боис иш ҳақи ва пенсияларни ошириш чора-тадбирлари нархларни барқарорлаштириш ва аҳолининг харид қобилиятини барқарорлаштиришга қаратилган комплекс иқтисодий сиёсат юритишни тақозо этади.

Умуман олганда, Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсияларни ошириш сиёсати давлатнинг аҳолининг барча қатлами учун муносиб турмуш даражасини таъминлашга интилишидан далолат беради. Бу ижтимоий адолатнинг муҳим омили ва ижтимоий соҳани бошқаришга масъулият билан ёндашишнинг амалий инъикосидир.

Яна бир муҳим масала. Мамлакатимизда пенсия ва маошларни оширишдан ташқари, меҳнат шароитларини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу нафақат фуқароларга қўшимча даромад келтирмоқда, балки иқтисодиётни ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва халқаро миқёсда рақобатбардошликни оширишга хизмат қиляпти.

Замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш соҳасини янгилаш иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг катта қисми — ёшлар учун иш ўринларини янада жозибадор қилишда, меҳнат миграциясига қарши курашишда муҳим омил бўлаётир.

Ижтимоий инфратузилма, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой қурилиши таъминлангани ҳам аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу соҳаларнинг ривожланиши фуқаролар даромадларининг ошиши билан бевосита боғлиқ бўлиб, фаровон, истиқболли жамиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Айни чоғда аҳолининг реал харид қобилиятини пасайтирадиган инфляция жараёнларини ҳам ҳисобга олиш муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, иш ҳақи ва пенсияларни мунтазам ва етарли даражада ошириш давлат ижтимоий сиёсатининг асосий элементи ҳисобланади.

Аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, иқтисодий-ижтимоий фаровонликни юксалтиришда ҳал қилувчи сектор ҳисобланган хусусий тадбиркорлик  муҳим ўрин тутади. Шу маънода тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани, имтиёз ва преференцияларнинг тақдим қилинаётгани инновацион фаолликнинг ошишига хизмат қилмоқда, бу эса узоқ муддатли иқтисодий тараққиётнинг асосидир.

 Жорий йилда ишбилармонларга янада кўпроқ қулайликлар муҳайё этилади. Бу 5 миллион нафар юртдошимизнинг бандлигини таъминлашда жуда қўл келади. Айни мақсадлар учун 83 триллион сўм ва 275 миллион доллар миқдорида кредит ҳамда субсидиялар йўналтирилади.

Бугун юртимизда инсон манфаатлари устуворлиги йўлида ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотлар негизида жамиятда тенгсизлик ва камбағаллик хавфини юмшатиш, фуқароларнинг бандлиги ва даромад кўрсаткичларини ошириш, ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мақсадлари турибди. Ўз салоҳияти, лаёқати ҳамда интилиши билан давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган кишиларнинг даромади ҳам, рўзғоридаги баракаю иш фаолиятидаги унумдорлик ҳам ҳавас қиларли даражада бўлиши  муқаррар.

 

 

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+