“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови кашфиётлари

05.06.2024, 11:37

“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови кашфиётлари

O’zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг маҳаллалар саралаш босқичи юксак уюшқоқлик билан ташкил этиляпти. Танловнинг Яккабоғ туманидаги маҳалла босқичида йигирмадан ортиқ маҳаллаларида фаолият олиб бораётган тадбиркор, фермер, касаначи, ҳунарманд аёллар иштирок этдилар. Дастлаб иштирокчилар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмасини намойиш этдилар. Кўргазма жараёнига тумандаги коллеж ва мактабларда таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ҳам ташриф буюришиб, тадбиркор аёллар фаолияти ва тажрибаси ҳақида маълумот олдилар. Депутатлар ва партия фаоллари томонидан анжуман қатнашчиларига аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётан ислоҳотлар бераётган самаралар ҳақида батафсил маълумот берилди.     

         -Ишбилармон аёл деганда бизнинг кўз ўнгимизда дастлаб воҳамизнинг таниқли тадбиркор аёли, O’zLiDeP  Яккабоғ туман кенгаши раиси, депутат Наргиза Саломова намоён бўлади, -дейди ҳакамлар хайъати раиси, 75-мактаб директори, туман кенгаши депутати Феруза  Сатторова. – Чунки у бундан беш йил муқаддам мазкур танловнинг туман ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида иккинчи ўринга сазовор бўлганди. Шундан сўнг унинг учун омадлар эшиги очилди десам муболаға қилмаган бўламан. Қатор танловларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Икки бор Президент соврини “Спарк” автомашинаси билан мукофотланди. Бугунги кунда унинг “Ситора имкон плюс” ўқув муассасаси воҳада ягона ҳисобланади. Бу ерда минглаб хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганишиб, ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишган. Биз бугунги тадбирда иштирок этган ёш қизларга уни “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови кашфиёти сифатида эътироф этдик.   

Ҳамида Мейлиқўзиева 14 йилдирки, “Ризо ота” фермер хўжалигини ташкил этиб, пахта ва ғалладан мўл ҳосил олиб келмоқда. Мўъжазгина боғ ҳосилга кирган, дарахтлар қатор ораларига сабзавот етиштирилади. 20 гектар майдондаги ғалла майсалари ёмғирлатиб суғориш ускуналари ёрдамида сувланмоқда. Фермер аёл ўз хўжалигида 20 нафар маҳалладошларини иш билан таъминлаган. 

         Самоқ тоғолди ҳудудида жойлашган қишлоқ бўлиб, бу ерда тадбиркорлик билан шуғулланиш анчайин машаққатни талаб этади. Муниса Нафисова эса қийинчиликлардан чўчимайдиган аёллардан. “Мунис” тикув цехини очиб, ҳамқишлоқларига хизмат кўрсата бошлагач, улар 30 км йўл босиб, харажат қилиб Яккабоғ қўрғончасидаги тикувчиларга қатнамай қўйишди. Ҳар уч ойда 20 нафар ўқувчи қизларга каштачилик, тикувчилик, ҳунармандчилик сирларини  ўргатиб, ўз-ўзини бандлигини таъминлашга кўмаклашади. Сероблик Яйра Эшова совундан гуллар тайёрлашни ўзлаштирган. Ўзидан хушбуй ифор тарқатаётган бу маҳсулотларнинг харидорлари бисёр экан. Тадбирнинг ўзида барча маҳсулотлариин сотишга улгурди.

         Мадина Зиёева Ишкент қишлоғида яшайди. Туман марказидан 58 километр узоқликда жойлашган бу масканда тикувчилик цехи ташкил этган. “Қуроқчилик мактаби”да 19 нафар ёш қизлар ҳунар ўрганишаяпти. Хонадонида 60 бош  парранда мавжуд бўлиб,  ҳар йили ўттиз оила жўжа очиради ва ҳамқишлоқларига сотади. Айғиркўллик Эъзоза Райҳонова  матодан ишлаб чиқараётган  миллий қўғирчоқлар, Гулчеҳра Назарова тикаётган аёллар сумкалари, Қасноқли қишлоғида яшовчи Феруза Мейлиева яратаётган тилла қош, бисер нақшлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Дилфуза Холхўжаева жундан араби, қоқма гиламчалар тўқиб, хорижлик тадбиркорларга сотиб келаётир. Бир донаси 600 минг сўмга баҳоланаётган бу гиламчаларнинг 100 донасини Қозоғистонлик тадбиркорлар харид қилишибди. Жун маҳсулотини унга чироқчилик чорвадорлар етказиб беришаяпти. Тадбирда ҳар йили 2 қути ипак қурти парвариш қилиб, 200 кгдан ошириб пилла ҳосили териб олаётган олакўйлаклик Муниса Қўчқорованинг ташаббускорлиги ҳам алоҳида эътироф этилди.

Вилоят кенгаши масъул ходимлари, “Аёллар қаноти” гуруҳи аъзолари, депутатлар  иштирокида ўтказилаётган саралаш жараёнида тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг фаолияти ўрганилиб, танловнинг туман босқичида иштирок этишга муносиблари саралаб олиниб, партия эсдалик совғалари топширилди.  

  • Кўрилди
    207
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+