СЕЛЕКЦИОНЕР ОЛИМЛАР – МИЛЛАТ БОЙЛИГИ

06.06.2024, 10:43

СЕЛЕКЦИОНЕР ОЛИМЛАР – МИЛЛАТ БОЙЛИГИ

СЕЛЕКЦИОНЕР ОЛИМЛАР – МИЛЛАТ БОЙЛИГИ

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги деҳқончилик тармоғининг асосий ва сердаромад соҳаларидан бири пахтачилик ҳисобланади. Юртимизда бу борада улкан ва бебаҳо тажрибалар тўпланган, селекционер олимларимиз томонидан юксак илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса, кейинги йилларда юқори ҳосилли, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, тупроқ шўрланиши, гармсел, сувсизлик каби ноқулай омилларга бардошли, тезпишар, тола чиқими бўйича давлат стандарти талабларига жавоб берадиган ғўза навлари яратилган ва яратиб келинмоқда. Ҳукуматимиз томонидан ғўза селекцияси ва уруғчилигига доир кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва жорий этилиши эса бу борада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.

Жумладан, 2002 йил 29 августдаги  “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунда янги нав муаллифларининг муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайдиган ҳуқуқ экани ва муддатсиз ҳимоя қилиниши белгилаб берилган. Селекция ютуғидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқ патент эгасига тегишлидир. Манфаатдор шахс муҳофаза қилинаётган селекция ютуғининг уруғлик, кўчат ёки насл материалини етиштириш ва кўпайтириш, нав ёки насллик кондициясига етказиш, сотиш учун таклиф қилиш, сотиш ва бошқа усулларда ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ёки олиб кириш ёхуд юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадларда сақлаш учун патент эгасининг рухсатини олиши керак. Бу эса селекционер олимларимизнинг интелектуал мулки давлат томонидан муҳофаза қилинишини таъминлайди.

Селекционер яратган ҳар қандай янги нав ва зотлар ишлаб чиқаришда фойдаланилганида фойданинг маълум бир қисми уларга тўлаб берилади. Бунинг натижасида олимларнинг моддий аҳволи янада яхшиланиб, уларнинг ижодий ишларига ижобий туртки беради, янгидан-янги навларни яратиши учун замин яратади.  2019 йил 16 февралда қабул қилинган “Уруғчилик тўғрисида”ги қонунда ҳам ана шундай муҳим масалалар тўғрисида баён этилган. Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 15 декабрдаги “Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан белгиланган навни янгилаш схемаларини ҳамда уруғлик чигитни кўпайтириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда сифатли ва рақобатбардош уруғликларни етиштириш мақсадида маҳаллий нав оригинаторлари ва уруғчилик субъектлари (кластерлар, кооперативлар, фермер хўжаликлари ва бошқалар) ўртасида тўғридан-тўғри келишувлар асосида лицензия шартномасини тузиш орқали элита ва юқори авлодли уруғликларни етиштириш, ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш, ички ва ташқи бозорда сотиш йўлга қўйилади.

Республикамизда кўпайтирилаётган навлар уруғларининг навдорлиги, экиш ва ҳосилдорлик сифатларини сақлашга катта эътибор қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича ички назорат хизмати ташкил этилган. Айтиш жоизки, уруғчиликнинг асосий вазифалари қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғчилик базасини яратиш, қишлоқ хўжалигини серҳосил ва юқори сифатли уруғлар билан таъминлаш, навни янгилаш ва алмаштириш жараёнида биологик ва қимматли хўжалик белги ва хусусиятларини сақлаб қолишдир. Бундан ташқари, сифат устидан давлат назоратини амалга ошириш, мамлакатимиз ва жаҳоннинг қимматли генофондини сақлаб қолиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш, уруғчиликка жаҳон тажрибаси ютуқларини жорий этиш соҳанинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Бугунги кунда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтидаги устозларим билан биргаликда ғўза ўсимлигининг янги касаллик ва зараркунандаларга бардошли, қурғоқчиликка чидамли, юқори ҳосилдор ва тезпишар навларини яратиш бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб боряпман. Ана шундай тадқиқотларимиз самарасида ғўзанинг С-6590 ва С-8296 селекцион навларини яратишга муваффақ бўлдик ва ҳозирда бу навлар Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги кенг майдонларда экилмоқда. Энг муҳими, ундан юқори ҳамда сифатли тола олинишига эришилмоқда.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси,

Пахта селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институти

кичик илмий ходими,

мустақил тадқиқотчи.

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    200
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+