МУҚОБИЛ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ ЁХУД ГЕОТЕРМАЛ УСУЛИ ХУСУСИДА АЙРИМ КУЗАТУВЛАР

06.06.2024, 11:12

МУҚОБИЛ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ  ЁХУД ГЕОТЕРМАЛ УСУЛИ ХУСУСИДА АЙРИМ КУЗАТУВЛАР

Замон ўзгаришлари, техник тараққиётнинг кескин ривожланиши ва ер юзи аҳолисининг ўсиб бораётгани кўпгина ресурсларни ишлаб чиқаришга бўлган талабни янада оширмоқда. Кўряпмизки, бугунги кунда айниқса муқобил энергия ишлаб чиқариш бўйича бутун дунё олимлари, мутахассислари жиддий изланишлар олиб боришмоқда. Хўш, бу борада Ўзбекистонда қандай чоратадбирлар кўриляпти?

Сир эмас, муқобил энергетика ислоҳотлари қолган бошқа соҳаларга ҳам бевосита таъсир қилади. Масалан, саноатда  ўзига хос “инқилоб” ясаган Хитой 2021 йилдаги кўрсатгичларга кўра, электр ишлаб чиқаришда етакчи бўлган 76 та давлат ишлаб чиқарган ҳажмнинг 30 %ини, АҚШ эса 15,5 %ини ташкил қилган. Шу билан бирга, улар қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳам олдинги ўринларда туради. Ёки 2021 йилда Хитой ишлаб чиқарган электр энергиянинг 13,5 %и (1152,5 Тв) муқобил энергия ҳисобига тўғри келади.

Бошқа мамлакатларда эса  яшил энергия кўп ҳажмда ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, лекин бу анъанавий усулда олинадиган электр ҳажмидан анча паст. Эътиборли жиҳати, қайта тикланувчи энергиядан кенг миқёсда фойдаланадиган давлатлар орасида барибир Буюк Британия, Германия, Испания, Голландия,  Австралия ва Бразилия етакчилик қилмоқда. Дунё бўйлаб энергия ишлаб чиқаришнинг турли хил усуллари бор. Лекин улар орасида геотермал усули энг кам ўрганилганини инобатга олиб, биз бугун шу мавзуда сўз юритмоққа ҳаракат қиламиз.

Маълумки, геотермал энергия ер қобиғидаги иссиқлик энергияси бўлиб, сайёранинг шаклланиши ва материалларнинг радиоактив парчаланишидан пайдо бўлади. Ернинг ички қатламидаги юқори ҳарорат ва босим баъзи жисмларнинг эриши ва қаттиқ сиқилиши натижасида улар юқорига қараб ҳаракатланади. Ана шу майдондаги ҳарорат, тасаввур қиляпсизми,  4 000 °C (7 200 °Ф) дан ошиши мумкин экан.

Қайта тикланадиган электр энергиясини ишлаб чиқариш манбаларига талаб ўсишда давом этар экан, демак, геотермал энергияга эҳтиёж жуда катта ва у муҳим улушга айланиши мумкин.

Энергия манбасини қайта ишлаш учун учта турдаги геотермал электр станциялар мавжуд – қуруқ буғ электр станциялари, чаққон буғ электр станциялари ва иккилик циклли электр станциялари.

Геотермал энергиянинг доимий ва прогноз қилинадиган мавжудлиги, нисбатан арзонлиги ва кичик углерод изи билан бирга яшил энергияга ўтишнинг бир қисми сифатида уни келажак учун жозибадор қувват манбаига айлантиради.

Энг кўп геотермал станцияларга эга давлат АҚШ ҳисобланади. Калифорния штатида 22 та геотермал заводдан иборат Гейзерлар деб номланувчи дунёдаги энг катта геотермал мажмуа жойлашган.

Умуман ХХ асрдаёқ электр энергиясига бўлган талаб геотермал энергияни ишлаб чиқариш заруратини пайдо қилган эди. Ўтмиш манбаларида ёзилишича, шаҳзода Пиеро Гинори Конти биринчи геотермал электр генераторини 1904 йил 4 июлда геотермал кислота қазиб олиш бошланган Лардерелло қуруқ буғ конида синовдан ўтказган. Шаҳзода ўшанда  тўртта “лампочка” – чироқни муваффақиятли ёндирган экан. Кейинчалик, 1911 йилда Америкада дунёдаги биринчи тижорат геотермал электр станцияси қурилади. Ва шу-шу бу ғаройиб усул оммалаша бошлайди.

Гидротермал ресурснинг ҳарорати тахминан 104C ва ундан юқори бўлса, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин. Кўпгина электр энергиясини ишлаб чиқарадиган геотермал ресурслар 150 дан 370C гача бўлган ҳароратга эга, аммо геотермал сув омборлари деярли 540C га етиши мумкин.

Геотермал энергия ресурсидан фойдаланиш назарий жиҳатдан жуда қулайдек туюлади. Аммо табиат инъом этган неъматлардан фойдаланишнинг нозик жиҳатларини ҳам ўйлаб кўриш лозим. Бу борада турлича қарашлар ҳамон сақланиб турибди.

Савол туғилади: Геотермал усулдан фойдаланишнинг афзалликлари нимада?

Аввало у экологик тоза эканлиги билан  ажралиб туради. Геотермал энергия анъанавий ёнилғи, масалан, кўмир ва бошқа қазиб олинадиган ёнилғиларга қараганда экологик жиҳатдан анча фойдали. Бундан ташқари, геотермал электр станциясининг углерод изи паст ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ баъзи ифлосланиш даражаси бўлса-да, бу нисбатан минимал миқдордадир.

Асосийси, у қайта тикланади! Яъни табиий энергия манбаи бўлиб, тахминан 5 миллиард йил ичида Ер қуёш томонидан йўқ қилинмагунча давом этаверади. Чунки биз яшаб турган заминдаги “иссиқ сув омбор”лари табиий равишда тўлдирилади ва бу уни қайта тиклайверади.

Яна бир афзаллик жиҳати, барқарорлигидир! Геотермал усул шамол ва қуёш энергияси каби бошқа қайта тикланадиган манбаларга қараганда ишончли энергия манбаига эга, яъни улардан фарқли ўлароқ, исталган вақтда фойдаланиш имконияти мавжуд.

Албатта, бошқа манбаларга қараганда ишончли! Бунда ишлаб чиқарилган энергияни ҳисоблаш осон, бошқалари каби ўзгариб турмайди. Бу шуни англатадики, биз юқори аниқлик билан геотермал станциядан чиқадиган қувватни тахмин қилишимиз мумкин.

Энг қулай ва афзаллиги ёнилғи талаб қилинмайди! Нега десангиз, геотермал энергия табиий манба бўлиб, ёнилғига умуман эҳтиёж йўқ! Ноқулайлиги ё нуқсонлари ҳам борми, деган савол туғилиши табиий.

Албатта, бор, лекин улар бу усулнинг фойдали ҳамда ҳар қандай давлат учун тежамкорлигига асло соя сололмайди деб ўйлаймиз. Камчиликларини ҳам санаб ўтишимиз лозим. Геотермал энергиянинг энг катта камчилиги унинг жойлашуви чекланганидир. Чунки геотермал станцияларни имкони борича энергия олиш қулай бўлган жойларда қуриш керак, яъни айрим ҳудудлар ушбу ресурсдан фойдалана олмайди.

Атроф-муҳитга салбий таъсири борми? Геотермал энергия одатда иссиқхоналардагидек заҳарли газлар чиқармаса-да, қазиш жараёнида, табиийки, атмосферага кам миқдорда зарарли газлар тарқалади. Аммо газ чиқиндилари қазилма ёнилғиларникидан анча паст.

         Албатта, бу усул яхшигина  харажатталаб эканини ҳам унутмаслик керак. Боиси, геотермал энергия қиммат манба бўлиб, 1 мегаватт қувватга эга станциянинг нархи тахминан 2-7 миллион АҚШ доллари атрофида ўзгариб туриши мумкин. Бироқ харажатлар узоқ муддатли инвестицияларнинг бир қисми сифатида қопланиш эҳтимоли юқорироқ.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, геотермал энергия барқарорлигини сақлаб қолиш учун уни тўғри бошқариш керак.

         Ўйлаймизки, бу дунёда аслида ечимсиз муаммонинг ўзи йўқ. Бизнинг мамлакатимизда эса, аёнки, Менделеев жадвалидаги деярли барча элементлар мавжуд. Ҳамма гап улардан ақлни тўғри йўналтириб, илмий салоҳият орқали  оқилона фойдаланиш лозим. Шу маънода биз бугун сўз юритган мавзу ҳам халқимизнинг яқин келажакдаги ҳаётини янада фаровонлашувида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташига заррача шубҳамиз йўқ.

Дилшод ШОУМАРОВ,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    233
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+