Тарихий илдизларимиз бир, орзу-интилишларимиз муштарак

10.06.2024, 17:29

Тарихий илдизларимиз бир, орзу-интилишларимиз  муштарак

Ўзбек ва турк халқларини ягона тарих, асрлар давомида шаклланган анъаналар, урф-одатлардаги ўхшашликлар, умумий қадриятлар боғлаб туради. Туркия Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. Бу йил икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганига 32 йил тўлди.

Президентимизнинг чуқур ўйланган ва мутаносиб ташқи сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги давр бошланди. Айниқса, охирги етти йилда Ўзбекистон билан Туркия ҳамкорлиги анча жонланди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди.

Туркия билан олиб борилаётган ҳамкорликнинг янгича босқичга чиқаётгани ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир. Чунки Туркия анча ривожланган мамлакат бўлиб, ўзининг иқтисодий тараққиётига кўра у дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирувчи давлатлардан бири.

Расмий Анқара Тошкентнинг савдо ҳамкорлиги кўрсаткичи бўйича тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга ошиб, 2023 йилда 3,1 миллиард АҚШ долларига етди. Туркиянинг мамлакатимизга экспорти эса ўтган йили 1,85 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Бугунги кунда янгича руҳдаги муносабатларга ҳамоҳанг тарзда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар ўзгача мазмун-моҳият касб этиб, мамлакатлар ўртасида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлик айниқса, жонли ва самарали кечмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ҳар икки давлат парламент делегациялари бир неча мартадан ўзаро ташрифларни амалга оширдилар.

Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлисидаги “Туркия-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари яқин ҳамкорликда ишламоқда.

Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Н.Куртулмуш бошчилигидаги делегация аъзолари билан ўтказган учрашуви ҳам бунинг яққол ифодасидир.

Туркиялик ҳамкасбларимиз ҳам икки томонлама алоҳида кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этиб, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш икки томон учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканини билдирди. Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида кечган бу каби учрашувлар муносабатларимизни янада яқинлаштириб, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишда асқотади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан шу йил 6 июнь куни ушбу давлатга расмий ташрифи кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги шериклик ва дўстлик муносабатларида янги саҳифа очди.

Хусусан, Анқарага ташриф арафасида икки давлат ишбилармон доираларининг 500 дан ортиқ вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу эса икки давлат тадбиркорлари ўртасида жадал ривожланаётган кооперация алоқаларини янада фаоллаштиришда туртки бўлади.

Форум доирасида икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувларга ҳам эришилди. Айниқса, давлат-хусусий шериклик асосида саноат кластерларини ташкил этиш, энергетикани қўллаб-қувватлаш, электр станциялари, тўқимачилик ва чарм-пойабзал ишлаб чиқариш, автомобиль йўллари, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари қуриш бўйича қатор шартнома ва меморандумлар имзолангани алоҳида таъкидлаш жоиз.

Давлат раҳбарлари раислигида икки мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари иштирокида ўтказилган Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ҳам шубҳасиз, Ўзбекистон-Туркия кооперациясини бир неча бор ошириб, муносабатлар даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Анқарада бўлиб ўтган икки томонлама саммит Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлди. Ўз навбатида, турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббус ва лойиҳаларни муҳокама қилиш имконини ҳам берди.

Сирасини айтганда, изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар натижаси ҳамкорлик ривожида яққол намоён бўлмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Туркия Республикаси нишони" билан тақдирланиши ушбу ташрифнинг муҳим ютуқларидан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Бу ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги хизматлари юксак эътироф ва ишончдан далолатдир.

Умуман олганда, мазкур ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар эса қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Одина  ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    218
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+