Жиззахлик фахрийларимиз фаолияти самарадорлигининг сири нимада?

11.06.2024, 11:47

Жиззахлик фахрийларимиз фаолияти самарадорлигининг сири нимада?

Ёши улуғ, бой ҳаётий тажрибага эга нуроний инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг маслаҳатлари ва ўгитларига амал қилиш халқимиз менталитетига хос бўлган хусусиятлардан биридир.

         Вилоятимиздагина эмас, балки республикамизда ҳам обрў қозонган   инсонлар - Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиётов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Норқул Нушаров, Бувсара Қарабекова  каби таниқли фермерлар, тадбиркорлар, қурувчилар, олим, шифокор ва бошқа соҳа вакилларидан иборат  214 нафар тажрибали маслакдошларимиз  ўрин олган  O’zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти таркибидаги Фахрийлар Кенгаши  фаолиятига назар солсак бунга яна бир бор амин бўлишимиз мумкин.

         Улар фаолиятида, ҳисобот учун эмас, балки эл-юрт, партия манфаати учун сидқидилдан қилинган амалий ишлар мўлроқ. Чунки, фахрийларимиз ҳар бир инсоннинг қувончи ташвишини ўзлариники каби қабул қилишга, ютуқлардан суюнишса, муаммолардан куюниб, унга ечим топишга ўрганишган.

Мисол учун, “Ҳар бир нуроний - беш нафар ёшга мураббий”,  тамойили асосида  жойлардаги тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшлар билан ишлашнинг йўлга қўйилиши натижасида ўнлаб ёшларимизнинг муаммоларига ечим топилди. Уларнинг бандлиги таъминланиб, тадбиркорликка жалб қилинди.

Фахрийларимизнинг маҳаллаларда амалга ошираётган ишлари айниқса диққатга сазовор. Жорий йил апрель ойида Президентимизнинг  Жиззах вилоятига ташрифи чоғида маҳаллаларда бунёдкорлик жараёнларини жадаллаштириш, томорқачилик, оилавий ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллаларни том маънода гуллаб яшнаган, маънавият масканларига айлантириш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунда ушбу вазифалар ижросини таъминлашда фахрийларимиз алоҳида жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Жиззах вилоятида 309 маҳалла мавжуд. Жорий йилнинг биргина апрель ойида  вилоятимиздаги  2 741 та хонадонга ажратилган кредит маблағлари эвазига 22 005 нафар  фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Улардан 13200 нафари ўзини ўзи банд қилган фуқаролар бўлса, 593 нафар юртдошларимиз якка тартибдаги тадбиркорликка жалб қилинди. 1669 та янги деҳқон хўжаликлари иш бошлади. Бу жараёнларда Фахрийлар Кенгаши аъзоларининг муносиб улуши борлиги биз учун фахр.

Жорий йил июнь ойида вилоятимиз маҳаллаларида  мингдан ортиқ микролойиҳалари амалга ошириш режалаштирилган. Бу эса янги иш ўринлари яратишда жуда қўл келиши табиий.

 Маҳаллаларни ҳукуқбузарликдан ҳоли масканларга айлантириш, ёшларимизни оилавий қадриятларни эъзозлашга чорлашда ҳам фахрийларимизнинг муносиб ҳиссалари бор. Ўтган вақт давомида фахрийларимиз ҳар бир маҳаллада бу борада учрашувлар, суҳбатлар ўтказишди. Энг муҳими, бу жараёнга расман ёндашмай, ҳар бир холатда муаммо алоҳида ўрганилмоқда, ҳар бир юртдошимиз, у хоҳ ота-оналар, хоҳ ёшлар бўлсин дилдан суҳбатлашилмоқда. Шундан сўнг “маҳалла еттилиги” вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, депутатлар билан бирга  муаммога ечим изланмоқда. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Фахрийларимиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда шахсий ибрат кўрсатишаётгани эса алоҳида таҳсинга лойиқ. “Шижоатли кексалар” махсус спорт мусобоқаларига нафақат партиямиз фахрийлари, балки маҳаллалардаги нуронийлар ҳам жалб қилинмоқда. Бу эса уларнинг  фарзандлари, невараларига ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда.

Янги Ўзбекистонимизни гуллаб яшнаган, тараққий  топган, халқимиз фаровон яшайдиган ўлкага айлантиришда, бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган, партиямиз Дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда фахрийларимиз бундан кейин ҳам фаоллар сафида бўлиб қолаверадилар, деб ишонамиз.

Жалил КЕНЖАЕВ,

O’zLiDeP Дўстлик туман Кенгаши Фахрийлар Кенгаши раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби

 

  • Кўрилди
    173
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+