O‘zLiDeP молия-банк соҳаси мутахассисларининг инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифларини тинглади

28.06.2018, 18:20

O‘zLiDeP молия-банк соҳаси мутахассисларининг инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифларини тинглади

2018 йилнинг 28 июнь куни Банк-молия академияси, O‘zLiDeP ҳамда Япония молия вазирлиги сиёсий тадқиқот институтининг экспортлари иштирокида “Ўзбекистон иқтисодиётининг инвестицион салоҳияти: мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш натижалари ва йўналишлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқди. Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига  мувофиқ, республика банк-молия тизимидаги олиб борилаётган жадал ислоҳотлар АҚШ, Европа мамлакатлари, Россия, Хитой, Япония ва Корея Республикаси каби етакчи давлатлар ҳамда халқаро молия институтлари раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, дунёнинг етакчи ОАВ, жумладан, Wall Street Journal (Вол Стрит жоурнал), Financial Times (Файнаншиал Таймс), Washington Post (Вошингтон Пост), Herald Tribune (Хералд Трибун), National Interest (Нашнл Интерест), Независимая Газета, Ведомости ва бошқа нуфузли журналлар томонидан мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, хусусан, инвестицион муҳитни яхшилашга қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишларидаги янгиликлар алоҳида эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиш даражаси, инвестиция фаоллигининг ўсиш суръатлари инвестиция муҳитига кўп жиҳатдан боғлиқ. Хорижий инвестицияларни республика иқтисодиётига кенг жалб этиш учун зарурий шарт-шароитлар яратилиши муҳим аҳамият касб этади. Қайси мамлакатда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар мавжуд бўлсагина, ўша давлат иқтисодиётига инвестициялар оқими кучайиши таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, бизнинг юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, иқтисодий сиёсатнинг адолатлилик принципи асосида олиб борилаётгани, шунингдек, ҳудудий инвестицион дастурларнинг ўз вақтида тўғри ва тезкорлик билан татбиқ этилиши иқтисодиётда янги иш ўринларининг кўпайишига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг таъминланишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

 Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, лойиҳа бошқарувининг ягона ахборот тизимини яратиш орқали давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ва молиявий маблағлар сарфланишини бошқариш механизмларининг самарадорлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида: Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган айрим камчиликларни бартараф этиш, мамлакатимизда тармоқ ва ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мутлақо янги тизимни йўлга қўймоқда.

Жумладан, 2017 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 60,7 трлн. сўмни, хорижий инвестициялар эса 16,3 трлн. сўмни ташкил этган. Хорижий инвестицияларнинг таркибида 76 фоизини, яъни 12,386 трлн. сўми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этгани мамлакатимизда инвестицияларга янгича қараш, ушбу соҳага инновацион ёндашув, инновацион дастаклардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш ва инновацион ривожлантиришни янада фаоллаштириш мақсадида халқаро ва минтақавий молия институтларидан мамлакатимизда ижтимоий ва иқтисодий масалаларни ҳал этиш учун халқаро кредитлар, техник ёрдамлар ва грантлар фаол жалб этилмоқда.

Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг беш ойида 776 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 496 тага кўпдир. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестициялар иштирокида 377 та ҳудудий ва 148 та тармоқ лойиҳалари бажарилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 июнь куни қабул қилинган «Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур қарорга кўра, бундан буён Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда тўлов олинмайди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулохазалар, тавсиялар асосида аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва молия-банк соҳаси мутассади ташкилотларига тақдим этилди.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1524
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Мухримов А А 2018-06-29 10:22:26

Мухримов Чилонзор тумани Билдирилган фикр мулохазалар тавсиялар асосида ишлаб чикилган таклифлар курсатилса берилаетган малумотга кизикиш ошади


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+