Бош қомусимиз хусусий мулк ҳимоясининг ишончли ҳуқуқий асосидир

06.12.2017, 17:23

Бош қомусимиз хусусий мулк ҳимоясининг ишончли ҳуқуқий асосидир

2017 йилнинг 5 декабрь куни O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб АТ “Қишлоқ қурилиш банк” билан ҳамкорликда “Конституция ҳуқуқ ва манфаатларимиз кафолати” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Партия фракцияси аъзолари, банк мутахассислари, ҳамда партия фаоллари қатнашган тадбирда мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Сўзга чиққанлар асосий қонунимиз фуқаролик жамиятининг таркибий қисми бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партияларнинг шаклланиши, уларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳам кенг имкониятлар яратиб, сайлов тизимининг асосий тамойил ва қоидаларини мустаҳкамлаганини алоҳида эътироф этишди.

Конституцияда мустаҳкамланган тамойиллардан бири – хусусий мулкнинг дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида эканлигидир. Жумладан, Асосий қонунимизнинг 53-моддасида қайд этилганидек, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқий устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Мазкур конституциявий норма асосида  қабул қилинган қонунлар айни пайтга келиб чет эл инвестицияларини жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни бартараф қилиш, уларнинг фаолиятига доир рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш орқали асоссиз харажатларнинг олдини олиш, давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашувини қатъий чеклашга доир ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамлаша хизмат қилмоқда. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик ва меҳнат эркинлиги муҳофазасига оид конституциявий меъёрлар амалда ўзининг тўла ифодасини топаётганидан яна бир далолатдир.

Ҳақиқатан ҳам юқоридаги конституциявий норма асосида кўплаб қонунлар ишлаб чиқилганлиги кейинги вақтларда юртимизда тадбиркорликка бўлган эътиборни янада кучайтирди. Ўз навбатида соҳанинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан баён этилган Ҳаракатлар стратегияси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ушбу стратегияда тадбиркорлик фаолияти ҳимояси, хусусий мулк муҳофазасига оид янги қонунлар қабул қилишга оид кўплаб вазифалар белгиланган. Албатта хусусий сектор ривожида мамлакатимиздаги тижорат банкларининг сармоялари муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда мамлакатимиз молия бозорида ўз мавқеига эга бўлган акциядорлик-тижорат “Қишлоқ қурилиш банк”нинг алоҳида ўрни бор. Мазкур банк конституция ва шу асосда қабул қилинаётган қонунлар асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу борада партия банк билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Зеро, партия аҳолининг банк тизимига ишончини ошириш ва омонатларни рағбатлантириш ва уларни инвестицияларга трансформациялаш учун банк секторида ислоҳотларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлайди.

Қизғин ва кўтаринки руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, унинг демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги, ўзига хос жиҳатлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    2764
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+