Давлат дастури иқтисодий барқарорлик ва жамият ривожига хизмат қилади

18.01.2019, 22:27

Давлат дастури иқтисодий барқарорлик ва жамият ривожига хизмат қилади

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонни тасдиқлади.

Умумий қиймати 16,2 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг кенг кўламли лойиҳаларни амалга татбиқ этишни назарда тутган мазкур Фармон мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва энг асосийси, жамиятимизнинг янада гуллаб-яшнашида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, O’zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси бўйича барча туман ва шаҳарларимизда ўқув-семинарлари ва давра суҳбатлари ўтказилди. Муҳокамалар давомида 50 га яқин билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар умумлаштирилиб Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасига тақдим этилди.

Энг долзарб чора-тадбирларни ўз ичига олган, ҳар томонлама пухта ўйланган Давлат дастури режасига мувофиқ, иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш соҳасига эътибор қаратсак, мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида зарур шарт-шароитларни яратиш, “яширин” иқтисодиётга бутунлай барҳам бериш ҳамда иқтисодиётимизни жадал суръатлар билан ривожлантиришга салоҳияти етадиган малакали кадрларни тайёрлаш айни пайтдаги энг долзарб масала сифатида кўрсатиб ўтилган.

Дарҳақиқат, хорижий инвесторлар учун имтиёзлар яратиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қиладиган омилларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам бериш сармоядор инвесторларни мамлакатимизга жалб этишнинг энг самарали усулидир.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, аввало иқтисодиётни ривожлантирмай туриб, молиявий фаровонликка эришиб бўлмайди. Халқ бой бўлса, мамлакат бой бўлади. Бугун ҳар бир кишидан тадбиркорликни, ишбилармонликни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Янги иш ўринларини яратишда ишбилармонларимизнинг қўшаётган ҳиссаси беқиёс албатта.    Жамиятимизда ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш орқали ишсизлик муаммосини бартараф этишимиз муқаррар.

Жонажон юртимизнинг ҳар томонлама равнақ топишига дастуруламал бўлиб хизмат қиладиган бу фармонда белгилаб берилган барча чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Бу йўлда O‘zLiDeP вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, ҳамфикр бўлиб иш тутади. Вилоятимизда тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг самарали фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатади.

Яшин ДУШАНОВ,

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    2383
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+