“Ағрон”да сув йўқ. Аҳоли эса бир машина сувни 200 минг сўмдан сотиб оляпти

16.02.2019, 10:30

“Ағрон”да сув йўқ. Аҳоли эса бир машина сувни 200 минг сўмдан сотиб оляпти

O‘zLiDeP Нуробод туман Кенгаши “Ағрон” қишлоғидаги 55 - мактабда сайёр қабул ўтказди.

Қабулда фуқаролардан асосан йўлларни таъмирлаш, уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш,  ишга жойлашиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар бўйича 20 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Масалан, шу қишлоқда яшовчи Асад Ражабов отасининг вафот этганига 5 йил бўлганини айтиб, унинг номига туман солиқ инспекциясидан қарздорлик хати келаётганидан шикоят қилди. Унинг мурожаатини туман солиқ инспекцияси раҳбари ўринбосари назоратга олиб, ҳал этиб беришини маълум қилди.

Қишлоқ аҳли номидан сўз олган Ойбек Сафаров эса маҳаллага газ баллонлар вақтида келмаслиги, бу бўйича мурожаат қилинса, масъуллар уй кадастр ҳужжатларини тақдим этишни сўраётганини айтди.

Маълум бўлишича, О.Сафаров 2018 йилнинг февраль ойида янги газ баллон олиш учун ҳужжатларни туман газ идорасига тақдим этган. Лекин ҳалигача унинг мурожаати қаноатлантирилмаган.

Мазкур мурожаат юзасидан шу куннинг ўзида халқ вакили Х.Сориев томонидан туман газ идораси раҳбари номига депутатлик сўрови юборилди.

Маҳалла фаоллари Бурхон Номозов ва Ҳасан Чориевлар эса ҳудудда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида муаммолар мавжудлиги, аҳоли бир машина сувни 200 минг сўмдан сотиб олаётгани, айрим оилаларни сувни сотиб олишга имкони йўқлигини билдирдилар.  

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлик бирлашмалари билан ишлаш бўлим мудири Нодир Тўраев эса бу масалани халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш бўйича таклиф берди.

 “Ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар 2018 йилда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритилган эди. Ҳатто бу бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 253/49-сонли қарорига асосан, масъул мутасаддиларга туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва муаммони ҳал этиш вазифаси юклатилган. Аммо орадан бир йил вақт ўтса-да ҳалигача натижа йўқ”, – дейди Н.Тўраев.

“Ўтган давр мобайнида мазкур қарор ижросини таъминламагани сабабли бу масалани халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш ва бу бўйича чора-тадбирлар белгиланиши лозим”, – деб қўшимча қилди у.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1470
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Тошонов Яздон Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари -аппарат раҳбари2019-02-18 11:34:19

Партиямиз томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда жуда кўп муаммолар жойида ечимини топмоқда.Бу қабулларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг янада фаолроқ қатнашишлари муммоларнинг тезроқ ечими топилишига хизмат қилган бўлар эди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+