O‘zLiDeP кўмагида 5 нафар ёш тадбиркорлик фаолиятини бошлади

20.03.2019, 19:56

O‘zLiDeP кўмагида 5 нафар ёш тадбиркорлик фаолиятини бошлади

Ўтган йили “Yoshlar – kelаjagimiz” жамғармаси Урганч тумани филиали томонидан 5 нафар ёшга имтиёзли кредитлар ажратилган эди. Ҳозирда улар O‘zLiDeP туман кенгаши кўмагида тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборишган.    

Масалан, партиянинг “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзоси Зафарбек Собиров Урганч саноат касб-ҳунар коллежи биносини “ноль” қийматда олиб, жамғарма томонидан олган 75 млн. сўмлик имтиёзли кредит эвазига маҳалласида мебель ишлаб чиқариш цеҳини очди.

“Цеҳимизда 2 тенгдошларим ва 5 нафар шогирдларим билан 4 турдаги юмшоқ мебеллар ва ошхона жиҳозларини ишлаб чиқаряпмиз. Жорий йилда 40 млн. сўм даромад олдик. Энди фаолиятимизни янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратмоқчиман”, – дейди З.Собиров.

Дарвоқе, ҳар соҳада йигитларимиздан қолишмайдиган ташаббускор қизларимиз ҳам бу борада катта натижаларга эришмоқда.

Урганчлик Мақсуда Мадримова ҳам O‘zLiDeP кўмагида “Yoshlar – kelаjagimiz” жамғармаси Урганч тумани филиали томонидан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ёшларимиздан бири. Ўтган йили иссиқхона ташкил этган ёш тадбиркор ҳозир мумайгина даромад олишга ҳам улгурди. 

“Бир сотих майдонда иссиқхона ташкил қилиб, помидор, бодринг, кўкатлар етиштиряпмиз. 4 нафар тенгдошларимни ишга олиб, улар билан бирга меҳнат қилмоқдамиз. Биринчи йил бўлишига қарамай ишларимиз анча яхши. Кейинги йилда иссиқхонани яна бир сотихга кенгайтириш ниятимиз бор”, – дейди М.Мадримова. 

Ҳа, партия кўмагида имтиёзли кредит олган ёшларимизнинг барчаси аллақачон тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Масалан, Азамат Матниязов паррандачилик, Навбахор Рўзимова тикувчилик билан шуғулланиб келмоқда.

Нилуфар ДЖАББАРОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1306
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Урганч туман Кенгаши аппарат рахбари Гулистон Адамбаева 2019-03-25 18:04:43

Нилуфар ДЖАББАРОВА айганидек туманимизда тадбиркор ёшларимиз кўпчиликни ташкил қилади, уларга яқиндан кўмаклашиш ва йўл йўриқ кўрсатиш албатта бизнинг зиммамизда. Президентимиз ёшларга шунчалар эътибор бераяптики ҳамма имкониятлар ёшлар қўлида тадбиркор ёшларимиз жудаям миннатдорлар.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+