O‘zLiDeP аралашувидан сўнг Чустдаги электр энергия билан боғлиқ муаммо ҳал бўлди

31.03.2019, 10:58

O‘zLiDeP аралашувидан сўнг Чустдаги электр энергия билан боғлиқ муаммо ҳал бўлди

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Чуст туманидаги “Пансада” маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

Халқ қабулхонаси туман бўлими мудири, Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, туман адлия ва туман ИИБ бўлимлари вакиллари иштирок этган қабулда ҳудуд ва унга ёндош маҳаллалар аҳолисининг турли соҳаларга оид муаммолари ўрганилди.  

Қабул давомида фуқаролардан келган мурожаатларнинг аксариятини ишга жойлашиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, ободонлаштириш, коммунал хўжалик каби масалалар ташкил этди.

Масалан, “Бобарахим Машраб” кўчасида истиқомат қилувчи Шерзод Алиев маҳалладаги электр трансформатор таъмирталаб ҳолатда эканини айтиб, хонадони олдидаги электр симёғочни бошқа жойга кўчириш кераклигини билдирди.  Шу маҳаллада яшовчи Махбуба Охунова ва Наима Хакимовалар иш масаласида кўмак сўрашди.

Ҳар икки масала ҳам халқ депутатлари туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан назоратга олинди.

Ҳудуддаги 8-сонли мактабгача таълим муассасаси ота-оналар кенгаши раиси Одилжон Муллажанов эса таълим муассасасини капитал таъмирдан чиқарилганини, лекин электр тармоғи тортиб берилмагани сабабли 3 ойдан буён фаолият юритмаётганидан шикоят қилди. Бу масала шу куннинг ўзида жойида ҳал этилди. Партия аралашувидан сўнг туман электр тармоқлари корхонаси масъуллари томонидан МТМга электр тармоғини тортиб беришди.

“Маҳалламизда 5 минг 224 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирда ҳудудда 300 га яқин боғча ёшидаги болажонлар бор. Мана, яқинда 1 млрд. 600 минг сўмлик маблағ эвазига мазкур муассасамиз бутунлай қайта таъмирланди. Лекин трансформатор ўрнатилмагани боис болажонларимиз боғчага келолмаётган эди. Бугунги қабулдан сўнг муаммойимиз ҳал бўлди. Бундан, албатта, хурсандмиз”, – дейди О.Муллажанов.  

Таъкидлаш керак, жойларда ўтказилаётган бу каби қабулларда оддий фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани одамларда партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1715
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+