O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” шўрчилик Зайнаб опанинг томорқасида мастер-класс ташкил этди

18.04.2019, 17:41

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” шўрчилик Зайнаб опанинг томорқасида мастер-класс ташкил этди

Аввал хабар берганимиздек, O‘zLiDeP вакиллари уйма-уй юриб аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, томорқаларида иссиқхоналар ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш борасида тажрибали томорқачиларни жалб қилган ҳолда маҳорат дарслари ўтказиб келмоқда.

O‘zLiDeP Сурхонадарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” Шўрчи туманидаги “Жойилма” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зайнаб Пардаеванинг хонадонида ҳудуд аҳолиси учун семинар ташкил этди.

Ҳозирда Зайнаб опа 10 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, лимон, мандарин, апельсин, япон ёнғоғи, писта кўчатларини парвариш қиляпти. Томорқасининг 2 сотих ер майдонида эса зайтун кўчатлари экилган бўлиб, гуллаш арафасида.

- Томорқада ишлаш менга завқ бағишлайди, - дейди Зайнаб Пардаева. – Чунки ёшлигимиздан меҳнат қилишга, шу орқали оиламиз даромадини ошириб боришга ҳаракат қилиб келганмиз. Меҳнатимнинг маҳсулини эса эккан кўчатларим гуллаганида ва мева бериб ҳосилга кирганида кўриб дилдан қувонаман. Янада кўпроқ меҳнат қилгим келади. 3 сотих томорқага ноанъанавий тарзда помидор кўчатини ҳам экдик. Ҳуддики, пиёз полкаларида экилгандек қадалган кўчатларимиз ҳосилга кириб қолган. Ҳар бир пояда 7-8 донагача помидор қуёш тафтида анча қизариб қолган.  Ўз вақтида амалга оширилган агротехник ишлар нафақат ҳосилдорликни ошишига, балки анча маблағ тежалишига ҳам хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш жоиз, аҳолининг томорқадан самарали ва тизимли фойдаланишида O‘zLiDeP Шўрчи туман Кенгаши томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, партия ходимлари хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мавжуд имконият ва шарт-шароитларини атрофлича ўрганяпти. Томорқадан фойдаланишда қийналаётган ёхуд кам таъминланган оила вакилларига амалий ёрдам берилмоқда.  Бу каби фаолиятни бошлаш ниятида юрган фуқароларга бизнес юритишга кўмаклашяпти, зарур маслаҳатлар бериляпти.

O‘zLiDeP Сурхондарё

вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1301
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+