O‘zLiDeP сайёр қабули: Учқўрғонлик М.Шокирова уйли бўлди

01.05.2019, 15:43

O‘zLiDeP сайёр қабули: Учқўрғонлик М.Шокирова уйли бўлди

O‘zLiDeP Учқўрғон туман Кенгаши вакиллари ва Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати Иброҳим Ходжиев тумандаги “Ёшлик”, “Наврўз” ва “Қўрғонча” МФЙ сайловчилари билан учрашди.

Қабулда асосан фуқаролардан уй-жой қуриш, ички йўлларни таъмирлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, автобус қатнови ва тез тиббий хизмат фаолиятини йўлга қўйиш каби масалаларга оид 30 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Жумладан, “Ёшлик” МФЙда яшовчи М.Шокирова бир неча йиллардан буён бошпанаси йўқлиги сабабли ижарама-ижара сарсон бўлиб турмуш кечираётганлиги, оилавий шароити оғирлиги боис уйга муҳтожлиги борасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур масала шу жойнинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди. Туман ҳокимлиги томонидан М.Шокировага ер ажратиб берилди, қолаверса мурожаатчининг уйини қуриб олиш имконияти йўқлиги учун маълум қисмини таъмирлашда кўмаклашадиган бўлди.

Наврўз маҳалласида яшовчи  60 нафар  фуқаролар Янгиҳаёт кўчасини шағаллаштириш ва шу ернинг ўзидан янги кўча очиш масаласи бўйича  мурожат қилишди. Ушбу мурожаат юзасидан туман автомобиль йўллари корхонаси раҳбарига 20 кун муддат ичида шағаллаштириш ишларини амалга ошириш борасида кўрсатма берилиб, ижроси назоратга олинди.

- Мактабимиз маҳалладан 3 км узоқликда жойлашгани боис ўқувчилар қатнашга қийналишаётганди, - дейди Қўрғонча МФЙ фуқароси М.Дадабоев. - Бу масала бўйича депутатга мурожаат қилдик. Мана муаммойимиз ҳал бўлди, ўқувчилар учун автобус қатнови йўлга қўйилди. Бундан нафақат ўқувчилар, биз ота-оналар ҳам ҳурсанд бўлдик.

Мулоқот  давомида Қўрғонча маҳалласида тез тиббий ёрдам ташкил этиш,  аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммолари бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Бу масалалар бўйича зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1059
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+