«Риштонда “снос”га тушган уй эгаларига конпенсация тўлаб берилдими? » – ҳолатни O'zLiDeP депутатлари ўрганди

25.07.2019, 15:43

«Риштонда “снос”га тушган уй эгаларига конпенсация тўлаб берилдими? » – ҳолатни O'zLiDeP депутатлари ўрганди

Мамлакатимизда аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудни обод ва фаровон гўшага айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар томонлама нуманали ҳудудга айлантириш борасида аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Бугунги кунда қўли гул ҳунармандлари, қулоллари билан дунёга донг таратган Риштон туманида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳаллалар, кўча ва йўллар бугунги меъморчилик талабларига мослаштирилмоқда. Туманнинг Фарғона ва Рошидоний марказий кўчаларида улкан ҳажмдаги қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Иккала кўчада ҳам хонадонлар бузилиб, тартибга келтирилмоқда.

Албатта, истиқболга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида инсон манфаатлари мужассамдир. Кенг қулоч ёйган ўзгаришларнинг моҳиятини аҳолига тўғри тушунтириш мақсадида O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши ходимлари ва халқ депутатлари Фарғона вилояти ва Риштон тумани Кенгашларидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар билан учрашиб, суҳбатлашишди.

Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини “Фарғона” кўчаси 53-уйда истиқомад қилувчи Ўринбой Юлдашев оила аъзолари ва 89 ёшли отаси Абдуназар ота Юлдашев билан яшайди. Бу хонадон ҳам “снос”га тушган. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан хонадон соҳиби ва аъзолари мамнун.

- Ўзи уйларни янгилаш, замонавий типда қуриб, тўй қилиб, келин олиш ниятим бор эди. Туманимизнинг бунёдкорликка юз тутиши бизга айни муддао бўлди. Эски уйларни бузиш ва янгисини икки қаватли замонавий меъморчилик андозалари асосида қад ростлашида туман ҳокимлиги томонидан ҳашарчилар жалб этилмоқда. Шунингдек, 10 миллион сўмдан компенсация пулларини аванс тариқасида олдик. Бундан ташқари, керакли транспорт воситалари, қурилиш материаллари ўз вақтида келтириб берилмоқда. 89 ёшли дадам ҳам бундай ўзгаришларга шукроналар келтиришмоқда, – дейди биз билан суҳбатда Ўринбой Юлдашев.

Учариқ маҳалласи “Амир Темур” кўчаси 82-уйда яшовчи Дониёрбек Юсуповнинг хонадони ҳам “снос”га тушиб, ўттиз йил олдин қурилган уйлар бузилди. Энди у ерда замонавий уйлар қад кўтаради. Ҳозирда бу хонадон эгасига ҳам компенсация пулларининг маълум қисми берилди. Бундан ташқари, унча узоқ бўлмаган масофадан 8 сотих ер ҳам ажратиб берилди.

- Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан туманнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Унда аҳолини бир неча йилдан буён қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бериш, қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Риштонни намунали масканга айлантириш, унинг туристик салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилаётган бундай ислоҳотлардан тумандошларимиз мамнун ва рози. Улар бугунига шукроналар келтириб, келажакка катта умид, ишонч, улкан режалар билан қадам қўймоқдалар, – дейди вилоят Кенгаши депутати, уста кулол Тоҳиржон Ҳайдаров.

Ҳа, ҳудуддаги ўзгаришлар риштонликлар учун янги саҳифа очди. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари келажак авлод бахту камолини обод ва фаровон масканда кўришга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

O'zLiDeP Фарғона вилояти

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1406
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+