O‘zLiDeP фаоллари республикада риэлторлар фаолиятини янада ривожлантириш борасида қонунчиликка таклифлар берди

06.08.2019, 12:07

O‘zLiDeP фаоллари республикада риэлторлар фаолиятини янада ривожлантириш борасида қонунчиликка таклифлар берди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ва унинг ривожланиш истиқболлари”  мавзусида давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат солиқ қўмитаси, Республика Бош Прокуратураси, Давлат активларини бошқариш ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Янги бозорлар мутахассисларини тайёрлаш миллий маркази вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

 Қайд этилганидек, мамлакатимизда изчил давом этаётган ислоҳотлар доирасида кўчмас мулк бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ушбу бозор иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, аҳолининг барча қатламлари турмуши билан бевосита алоқадордир. Шу билан бирга, кўчмас мулк турли мулкчилик шаклидаги  корхона ва ташкилотлар ривожланишининг ҳамда хўжалик фаолияти юритишнинг асосидир.

Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан бозор иқтисодиёти, жумладан кўчмас мулк бозорини замонавий тизимини шакллантириш йўлида навбатдаги муҳим қадам қуйилди. Шу боис, конун доирасида кўчмас мулк бозорини замонавий андозаларга мос равишда ривожлантириш,  ушбу бозор иштирокчилари билан давлат манфаатларини уйғунлаштириш  юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Зотан, мазкур қонун кўчмас мулк бозорида риэлторлик хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоялаш ҳамда риэлторлар томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятлар бажарилиши устидан тегишлича назорат ўрнатиш механизмини  яратади.

Мамлакатимизда кейинги вақтда шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши   жараёнлари ўсиши,  кўчмас мулк билан боғлиқ муносабатларни, шу жумладан ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.  Шу жумладан,  вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимликларига риэлторлик фаолиятини лицензиялаш борасида ваколатларни ўтказилишига доир 2018 йилда риэлторлик соҳасидаги қонунчиликка киритилган айрим ўзгаришлар ушбу тизимнинг фаолияти ва қонун нормалари амалиётда қўлланиши жараёни сусайишига олиб келганлиги қайд этилди.

Умуман, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва уни янада кенгайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилиши билан бирга, ўтказилаётган мониторинг  риэлторлик фаолияти ва ушбу бозор инфратузилмасининг техник таъминотини ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.  Бу борадаги ишлар аввало, риэлторлик ташкилотлари томонидан сифатли ва тезкор хизматларни кўрсатиш учун ҳам,  ушбу хизматларнинг мижозлари, шунингдек, риэлторлик хизматининг бошқа фойдаланувчилари учун ҳам зарур ҳисобланган расмий ахборот манбалари ҳақидаги маълумотлар базасини яратиш билан боғлиқдир.

Тадбирда риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи бўлган Давлат активларини бошқариш агентлиги  риэлторлик фаолиятини тартибга солиш тамойилларини ривожлантириш борасида мутасадди давлат идоралари (Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги) ва тегишли вазирликлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қуйиш талаб даражасида амалга оширилмаётгани таъкидланди.

Давра суҳбати қатнашчилари мазкур масалаларни ҳал этиш ва республикамизда кўчмас мулк бозори ривожланишига туртки бериш учун 2025 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда риэлторлик фаолиятини ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлигини қайд этишди. Мазкур Концепцияда риэлторлик фаолиятини тартибга солиш борасидаги ягона давлат сиёсатини  белгилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, уни ривожланиш  истиқболларини  белгилаш лозимлиги айтиб ўтилди.

Мазкур масалалар ечими топилиши пировард натижада кўчмас мулк бозори ва инвесторлар фаолиятида ижобий силжишларга туртки бериб республикамизда риэлторлар фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.   

Тадбир якунида республикамизда кўчмас мулк бозорини  ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

  • Кўрилди
    1333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Asqar2019-08-06 21:52:19

Qora realtirlar yo'qotishga hechqanday strategik harakat strategiyasi yo'q hamda prespektiv reja ko'rsatimadi. Bu jarayon samatyokga qo'yib berilmoqda. Qora realtirlarga chiqarilgan qonunlar oddiy aholi jabir ko'rmasligi lozim. Sababi qora realtirlar qachon qora realtir deb atalshini majlisda bildirilmadi.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+