O‘zLiDeP чегарадош ҳудудда жойлашган “Гулбаҳор” МФЙ аҳолиси муаммоларини ўрганди

12.08.2019, 17:50

O‘zLiDeP чегарадош ҳудудда жойлашган “Гулбаҳор” МФЙ аҳолиси муаммоларини ўрганди

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Гулбаҳор” маҳалласи қўшни Тожикистон давлати билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудда бизни қўшни қардош халқ билан боғловчи чегара божхона пости қайтадан ишга туширилгач, бу ерда яшовчи аҳоли қариндошлик алоқаларини яна қайта тиклади. Уларнинг яшаш тарзи, мавжуд муаммоларига алоҳида эътибор қаратила бошланди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши шу маҳалла аҳолиси учун очиқ мулоқот ташкил этди.

 — Маҳалламиздаги бўш бинони ижарага олиб, тикувчилик цехини ишга туширганман, — дейди Нилуфар Раимова. — Айни пайтда қўл остимда 5 нафар тенгдошим меҳнат қиляпти. Эндиликда тикув цехи биносини янгитдан қуриб, фаолиятимни кенгайтирмоқчиман. Лекин бунинг учун менга кичикроқ ер майдони керак эди. Бу масалада партия вакилларидан кўмак сўраган эдим, улар тез орада мурожаатимни ижобий ҳал этиб берадиган бўлишди.  

Тинчлик кўчасида яшовчи Тошмурод Олтибоев ўз хонадонида этикдўзлик билан шуғулланади. У ҳам фаолиятини кенгайтириб, пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Фақат унга 1 сотих ер майдони бўлса кифоя. У ерда кичиккина ишлаб чиқариш корхонасини барпо этишни мўлжаллаяпти.

Шу маҳаллада яшовчи Ўктам Мамараимов ҳудуддаги қишлоқ врачлик пунктида лор ҳамда стоматолог йўқлигини айтиб, ҚВПни малакали шифокорлар билан таъминлашда кўмак сўради. Унинг мурожаатини O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ўз зиммасига олиб, муаммони ҳал этиб беришга ваъда беришди.

Тумандаги “Мулла” қишлоғи аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувлар давомида ички йўлларни таъмирлаш, ҳудуддаги эски электр устунларни янгилаш, тадбиркорлик қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ва бошқа масалаларга оид қатор мурожаатлар келиб тушди.

Очиқ мулоқот якунида ушбу масалаларни бартараф этиш юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан тегишли ташкилотларга сўров чиқариладиган бўлди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1010
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+