“Гулшан”ликлар нимадан норози?

16.08.2019, 17:00

“Гулшан”ликлар нимадан норози?

ёхуд қоғозда қолиб кетаётган мурожаатлар қачон ҳал этилади?

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши Ғузор туманидаги “Гулшан” МФЙ аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди. 

Учрашув давомида фуқаролар томонидан 20 га яқин турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Маълум бўлишича, “Гулшан” МФЙ илгари Яккадарахт, Эскибоғ, Ёнқишлоқ, Чақар МФЙларига бўлинган. Мазкур ҳудудларда 45 минг аҳоли истиқомат қилган. Эътиборлиси, кўп маҳаллалар газдан бенасиб қолаётган бир вақтда, ҳудуд аҳлига газ доимий тарзда ажратиб берилган. Аммо...

“Саксон йилдан буён шу маҳаллада яшайман. Бундан йигирма йил аввал, маҳалладошлар билан кенгашиб, газ қувурларини хашар йўли билан тортиб келган эдик. Бугунга келиб, ҳар ким ўзбошимчалик билан газ қувури тортиб кетаверди, мутасаддилардан ҳеч бири “нима қиляпсан?” демади. Энг ачинарлиси, ўғринча газни тортиб борганлар, ножўя мақсадларда ҳам газдан фойдаланиб ётибдию, “счётчик” қўйиб, қонуний фойдаланадиганга газ йўқ. Устига-устак йўқ газ учун пул тўлаймиз. “Қашқадарё газ таъминот” ҳудудий филиалига тартибга олиб беринглар, давлат бундан қанча зарар кўряпти” дея мурожаат қилдик, лекин бизни эшитишмади”, – деди эскибоғлик Эргаш бобо.

Таъкидлаш керак, қачонки, мутасаддилар аҳоли мурожаатини эшитса, шундагина халқ билан давлат ташкилотлари ўртасида ишонч ҳосил бўлади. “Қашқадарё газ таъминот” ҳудудий филиали мутасаддилари эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларини инобатга ҳам олмаган. Аҳолининг айтишича, бу эътиборсизлик айрим шахслар учун қўл келиб, газдан ноқонуний фойдаланилиши эвазига, қанчадан қанча табиий бойлик ножўя сарф этилмоқда.

“Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни кўриб, шу кунларга етказганига шукрона келтирамиз, – дейди “Чақар” маҳалласида яшовчи Абдуқаххор Тангриев. – Доим қўлимиз дуода, боиси қиш ойларида чироқсиз жуда қийналган кунларимиз ҳам бўлган. Илгари кунига атиги уч соат чироқ берилар эди. Яратганга шукр, ҳозир чироқ муаммо бўлмай қолди. Шу боис, муаммоларни ҳал этса бўлар экан деб, жамоат муаммолари юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Лекин мутасаддилар “бажарамиз, қиламиз” дейишдан нарига ўтмайди”.

Сайёр қабулда шунингдек, газдан ҳисоблагичларсиз фойдаланиб келаётган хонадонларга газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш, эскирган, кам қувватли трансфарматорларни юқори қувватли трансфарматорларга алмаштиришга оид қатор мурожаатлар келиб тушди. Қабул якунида мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Тўлқин ТУРДИЕВ,

 O`zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1463
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жовлиев Улуғбек O`zLiDeP Қашқадарё вилояти Маъмурий-хўжалик ишлари бўлими мудири2019-08-22 15:30:17

Xalq qaysi partiyaga o`z dardini aytishni va uni joyda hal qilib bera olishini yaxshi biladi...


Olimova Nargiza2019-08-16 18:25:39

O'zlidep siyosiy maydonini o'z o'rnini topib bormoqda chekka qishloqlarga borib masalalarni yoritib kelmoqda tobora yuksalib kelayotgan partiyalardan biridir.


Малика Аҳмедова 2019-08-16 17:55:15

Жойларда ўтказилаётган депутатлар ишторикидаги сайёр қабуллар натижасида фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+