“Отангга бор, онангга бор”. Мутасаддилар ўз вазифасидан бехабарми?

17.09.2019, 17:53

“Отангга бор, онангга бор”. Мутасаддилар  ўз вазифасидан бехабарми?

Бизнесмен (тадбиркор) атамаси биринчи маротаба Англия иқтисодиётида XVIII асрда пайдо бўлиб, у “мулк эгаси” деган маънони билдирган. Чунки тадбиркор ўз ишини режалаштиради, ишлаб чиқаришни ташкил этади, маҳсулотни сотади ва олган даромадига ўзи хўжайинлик қилади.

Бизнес, аввало, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, иқтисодий фаолият ва муносабатлар, сўнгра эса пул топиш демакдир. Ўзбек тилида бизнес тадбиркорлик, бизнесмен эса тадбиркор деган маънони англатади. Шундай қилиб, бизнес йўқ нарсадан пул қилиш эмас, балки мураккаб ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш демакдир.

Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга турли имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда. Сабаби у нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади, кўплаб иш ўринлари яратади. Тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди, аҳолини иш билан таъминлайди, ҳудудни обод қилади.

Афсуски, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамай ҳанузгача айрим тўсиқлар, англашилмовчиликлар туфайли ўз фаолиятини бошлолмаётган ёки фаолиятини кенгайтиролмаётган тадбиркорлар учраб турибди. Бу эса тадбиркорларда ҳақли равишда норозилик ҳиссини уйғотмоқда.

Гап шундаки, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Кегайли туманида яшовчи Т.Тажимуратов томонидан халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Байрам Искендеров номига мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда тадбиркор ўз фаолиятини янада кенгайтириб, ёшлар учун янги иш ўринлари яратмоқчи эканлигини, лекин тижорат банкларидан кредит олишда турли қийинчиликларга дуч келаётганини баён қилган. Шу масалани имкон қадар тезроқ ҳал этиб беришда депутатдан кўмак сўраган.

Муаммо партия вакиллари томонидан атрофлича ўрганилгач, бу масала юзасидан халқ вакили Б.Искендеров тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборди. Ҳайрият саъй-ҳаракатлар зое кетмади, муаммо ижобий ҳал этилди. Депутат ташаббуси билан АТ “Халқ банк” туман филиали томонидан тадбиркорга 200 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди.

“Бу масала бўйича туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганимга уч-тўрт ой бўлди. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, натижадан дарак йўқ. Тегишли мутасаддиларга  учрашсам, “бироз сабр қилинг, ҳал қилиб берамиз” дейишдан нарига ўтмайди. Қарийб ярим йилдан бери шундай деб алдаб келишади. Мана “отангга бор, онангга бор” демасдан ҳал этса бўларканку!”, – дейди Т.Тажимуратов.  

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда тадбиркор фаолиятини кенгайтириб, қурилиш учун шпаклёвка ва мебель ишлаб чиқаришни йўлга қуйган. Шунингдек, ҳудуддаги 10 нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминлаб, Қораўзак, Чимбой ва Тахтакўпир туманларига турли маҳсулотлар етказиб бермоқда.

Ҳа, тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади, одамлар бахтли яшайди. Тадбиркор йўлига қарши чиқиш эса давлат сиёсати, президент сиёсатига қарши чиқишдир. Ўйлаймизки, эндиликда мутасаддилар ўз ишига масъулият билан ёндашиб, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,

O‘zLiDeP матбуот хизмати

масъул ходими

  • Кўрилди
    1832
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара 2019-09-19 08:38:15

Тадбиркорларимиз манфатларини хар тамонлама куллаб кувватлаш УзЛиДеП нинг асосий вазифаларидан саналади, шунки электоратимизнинг купчилиги деярли шу соха ходимларидан иборат. Тадбиркорлик сохаси ривожланган сари жамиятимизда иктисодиёт мустахкамланади, янги иш уринлари яратилади, ахолимиз фарованлиги таъминланади


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+