Янги Ўзбекистонни биргаликда қураётган сафдошлар бирлашдилар

09.10.2019, 19:31

Янги Ўзбекистонни биргаликда қураётган сафдошлар бирлашдилар

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча жойларида сайловолди тарғибот тадбирлар жўшқинлик, кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда. O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган ана шундай йирик тантанали тадбир сиёсий майдоннинг барча элита вакиллари билан бир қаторда сайловчиларнинг катта кучини ҳам вилоятнинг эски шаҳар ҳудудидаги “Жомеъ” меъморий мажмуасига жамлади. Уста ҳунармандлар, миришкор фермерлар, Андижон туманидаги “Ногиронлар уйи” фаоллари томонидан тайёрланган ижодий асарлар ҳамда маҳсулотлар кўргазмаси миллий руҳни, андижонча ифорни таратиб турди.

Мутлақо янги кўринишда бўлиб ўтган мазкур тарғибот тадбирида сўз олган партия етакчилари, лидерлари бўлажак сайловлар ҳар қачонгидан юксак савияда ўтишини, жамият ривожида туб бурилишларга, иқтисодиёт ҳамда халқ фаровонлигини янада юқорига олиб чиқишга хизмат қилишини қайд этдилар. Баралла янграган шиорлар, вилоят ва республиканинг таниқли санъаткорлари томонидан тайёрланган қонцерт дастури, спортчилар, бадиий адабиёт намояндаларининг чиқишлари, викторина ўйинлари акциянинг ўзгача кўтаринки кайфиятда ўтишини таъминлади.

-Йил охирида бўлиши кутилаётган муҳим сиёсий жараёнга пухта тайёргарлик кўриш, тарғибот тадбирларини кўпайтириш ва бу орқали сафдошлар сони ортишига эришиш олдимизда турган долзарб вазифалардан бири, - дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси Актам Хаитов. – Сайловни янги муҳитда ўтишини таъминлашга бугундан ҳаракат қилишимиз шарт. Айни кунда ўзи ва оиласининг иқтисодий камолотини, келажагини таъминлай оладиганлар сафини кенгайтиришга интилиш кучайди. Бунда, албатта, бугунгидай тарғибот акцияларининг аҳамияти катта.

“Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида ўтказилган акция сиёсий майдоннинг чинакам тантанасига айланди.

-Вақт бизни тобора кейинги беш йилликнинг энг муҳим сиёсий тадбирига яқинлаштирмоқда, - дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Тоҳиржон Толипов. – Албатта, кескин рақобат, муросасиз курашлар, янгича қарашларга тайёр турмоғимиз зарур. Мамлакатимизда амалга ошрилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилар экан, биз ҳам биринчи навбатда айни мақсад сари дадил ҳаракат қилмоғимиз, суячнларимиз бўлган тадбиркорлар ва фермерлар меҳнатларини ҳам шу мақсад сари йўналтирмоғимиз керак. Бунинг учун уларга биз мадад бўлсак, улар фикрлар муштараклигида кўмакдош бўладилар. Бугунги акцияни ҳам  андижонликлар, сайловчилар учун муносиб сайловолди туҳфа сифатида ҳозирладик.

Бугун мансабдорнинг ҳам, оддий аҳоли вакилининг ҳам онгу шуурига “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам аввало инсонга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг сингиб бораётгани айни пайтда юртимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги кенг кўламли ишларда яққол намоён. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, инсон ва унинг манфаатлари қачон юзага кўтарилади? Шубҳасиз, эркинлик таъсирида, эркинлик шароитида. Бу мезон ривожланиш, юксак салоҳият,истеъдод, имкониятлар омилидир. Жараёнлар етакчиси сифатида майдонга чиқаётганларнинг катта кучини эса тадбиркор ва ишбилармонлар ташкил этаётгани ютуғимиздир.

-Бугун олдимизга қўйган мақсадларимиз улкан, - дейди Қўрғонтепа туманидаги “Капитал Белла” хусусий корхонаси раҳбари, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депатути Муҳаббат Юлдашева. – Биз доимо партиядан куч олиб шижоат билан ишлаганмиз. Қонуний манфаатларимиз, ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиб келаётган O‘zLiDePнинг барча эзгу чақириқларига “лаббай” деб жавоб берамиз. Ушбу тадбир ҳақиқий сиёсий байрамга айланиб кетди. Халқ билан, сайловчилар билан ҳамнафасликни янада теранроқ ҳис қилдик.

Давр халқ дарди билан яшашни, тўкис ҳаётни таъминлашни бир жойда, бир хонада ўтириб эмас, аҳоли қатламлари ичига кириб, улар билан юзма-юз мулоқот қилиб, муаммоларига ечим топишни талаб қилаётир. Айниқса, бу борада вақтинча ишсиз хотин-қизлар, ёшлар масалалари долзарб мавзуга айланган.

-Ҳафтада камида 10 нафар қийналган, кўмакка муҳтож хотин-қизлар билан ишлашимга тўғри келади, - дейди партия вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршида Халилова. – Уларни ишга жойлаш, моддий-маънавий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатишда, албатта, яна ва яна тадбиркорларимизга, фермерларимизга, ҳамкор ташкилотларимизга суянамиз. Тарғибот тадбирларимиз натижасида бандлиги таъминланган, тўғри йўлга қайтган, оиласи бузилишини олдини олган, пировардида, сафдошларимизга айланган аёлларимиз сони кундан кун ортиб бораётганидан хурсанд бўламиз.

Тарғибот акцияси мақсадини тадбир давомидаёқ оқлади. Мана, ёрқин мисол.

-Шу йўл билан ҳар куни ишга қатнайман, - дейди Андижон шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Муштарий Каттабоева. – Партияга аъзо бўлишга бугунги акцияда қатнашиб аҳд қилдим. Очиғини айтаман, O‘zLiDePнинг бундай катта имкониятлари тўғрисида билмасдим. Ҳар сафар тадбиркорлик фаолиятим давомида бирор муаммога дуч келсам, кимдан мадад олишга ўйланардим. Мана, муаммоларим ечимида суянадиган ташкилот бор эканку! Яхшиям, ушбу тадбирга тасодифан бўлсада дуч келибман...

Дарҳақиқат, ўтказилган акция Муштарий каби сафдошларимиз кўпайишига хизмат қилди.

Сиёсий майдон курашмаганни, четга чиққанни, атрофидаги воқеликларга бефарқларни аямайди. Бу майдонда фақатгина ёниш эмас, ёндира билиш ҳам керак. O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган мега тадбир ана шундай оловли қалбларнинг учрашуви, сайловчилар учун эса танлов имконини берувчи чинакам байрам бўлди.

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    978
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+