Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!

08.11.2019, 14:51

Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия
қўмитаси раиси Актам Хаитовнинг
партия IX съездидаги маърузаси

Ассалому алайкум, ҳурматли съезд қатнашчилари!

Муҳтарам меҳмонлар, қадрли делегатлар!

Бугунги съездимиз катта сиёсий жараён – парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар арафасида бўлиб ўтмоқда. Буни тарихий съезд десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки сайловлар мамлакат тақдири билан бевосита боғлиқ.

Навбатдаги сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида старт олди. Қолаверса, Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Сайловларда фикрини эркин айта оладиган, ижтимоий фаоллашган, бир сўз билан айтганда, очиқ ахборот маконидан фойдаланаётган сайловчилар иштирок этади.

Биз “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган шиор остида сиёсий майдонда кураш олиб боряпмиз.

Маълумки, сайловчиларимиз ўз манфаатларини, бирор масалага муносабатини мамлакатдаги сиёсий партия, унинг ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаш орқали билдиради. Бўлажак сайловларда 754 мингдан зиёд аъзоларимиз, асосий ғоя ва мақсадларимизга хайрихоҳ миллионлаб юртдошларимизга ишонамиз.

Тарихий дейишимизнинг боиси – бундан роппа-роса 10 куни кам 16 йил муқаддам, яъни 2003 йил 15 ноябрда партиямизнинг илк таъсис съезди ўтказилган эди. Унда бевосита қатнашган фаол, жонкуяр партиядош­ларимиз бугунги съездимизда ҳам иштирок этмоқдалар.

Партиямизни ташкил этиш ва мамлакатимиз сиёсий майдонида мустаҳкам ўрнини эгаллашига садоқат ва фидойилик билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган устозларимиз, партиядошларимизга чексиз эҳтиромимизни билдириб, олқишлаб қўяйлик.

Ўтган ўн олти йил ичида партиямиз уч карра парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловларда етакчи, уч марта партиямиздан кўрсатилган номзодлар Президент сайловларида ғолиб бўлди.

2016 йил декабрда Президент сайловида партиямиздан кўрсатилган муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Биз бу билан фахрлансак арзийди, албатта.

Президентимизнинг сайловолди дас­турини амалга оширишга масъул партия сифатида ҳаётимизнинг ҳамма йўналишларида – иқтисодиёт дейсизми, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, янги технологиялар жорий этиш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш каби муҳим соҳаларида сезиларли даражада илгариладик.

Бугун O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида энг кўп аъзо ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи роль ўйнайдиган халқчил партияга айлана олди.

Юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган амалий ишлар натижаси эканини эътироф этамиз. Ҳисобот даврида Бош вазирликка номзод томонидан тақдим этилган Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури, партиямизнинг асосий дастури ва сайловолди платформаси фаолиятимизда муҳим мезон бўлди.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – миллий юксалиш босқичига дадил қадам қўймоқда. Миллий юксалиш деганда, аввало, мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз.

Барча соҳаларда модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда.  Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлар сари изчил қадам ташламоқдамиз.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. ­
У ҳам бўлса, олижаноб, бағрикенг халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб ўтаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир”.

Шундай халқчил, шиддатли ислоҳотлар даврида партия­миз мамлакатимиз сиёсий майдонида мустаҳкам ўрнини эгаллади.

Буларнинг барчаси, албатта, йирик сиёсий куч сифатида бизга устунлик беради, лекин айни пайтда зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.

Партиямиз мураккаб вазифаларни зиммасига оладиган, мамлакатимиз ва халқимизнинг стратегик манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга қодир сиёсий куч сифатида ўзини кўрсатмоқда.

Бундан буён ҳам барқарор ривожланиш, халқимизнинг янада фаровон яшаши, мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Президентимиз бошчилигида, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган – иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиб бориши, халқимиз фаровонлиги, юртдошларимизнинг
эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни доимо қўллаб-қувватлаймиз.

 Ҳукуматимизнинг ана шу йўлдаги изчил ишларини ваколатларимиз доирасида янада ривожлантиришга бундан буён ҳам муносиб ҳиссамизни қўшаверамиз.

Қадрли делегатлар!

Ўтган давр мобайнида дастурларимизда қўйилган мақсад ва вазифалар ижросига қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, иқтисодиётимизда барқарор юқори ўсиш суръатларига эришилмоқда, саноат, савдо, қурилиш соҳаларида ривожланиш жадаллашмоқда, ишлаб чиқаришга хорижий инвестициялар, замонавий техника ва технологиялар кенг жалб этилмоқда.

Партиямиз дастуридаги давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича қатор долзарб вазифалар изчил амалга оширилмоқда.

Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Валюта бозори либераллаштирилди. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

Бизнинг муҳим вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қ ўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда бу соҳа ҳиссасини янада ошириш учун қулай шарт-шароит яратиб беришдан иборат.

Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Бинобарин, юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

Ялпи ички маҳсулотда хусусий секторнинг улуши ортиб бормоқда. Кейинги йилларда яратилган қулай шароит, хусусий мулк манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базаси тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун мустаҳкам замин яратди. Жаҳон банкининг “Doing Business 2020” рейтингида Ўзбекистон 69-ўринни, “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича эса 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллагани ҳам бунга далолат.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Биргина шу йилнинг ўзида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 7,2 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 59,1 фоизга етди. Республикамизда иш билан таъминланган жами аҳолининг 78 фоизи хусусий секторда банд.

Тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Бунинг учун барча иқтисодий ва ижтимоий дастурлар, инвестиция лойиҳалари, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар марказида ана шу каби муҳим вазифалар турибди.

Партиямизнинг хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуси давлатимиз раҳбари ва халқимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимиз оилаларини арзон уй-жой билан таъминлаш, уларга субсидиялар ажратиш ва ҳимоялаш бўйича зарур шароитлар яратилмоқда.

Халқимизни ҳаётдан рози қилиш ва фаровон турмушини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастурлар амалга оширилмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Янги шифохоналар, тиббиёт марказлари, оилавий ва хусусий клиникалар фаолияти йўлга қўйилмоқда, давлат-хусусий шерикчилик, хусусий секторнинг иштироки кенгайиб бориши рағбатлантирилмоқда.

Партиямиз давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Албатта, ўз вақтида қабул қилинган кўплаб муҳим фармон ва қарорлар, ҳукуматимизнинг қатъият ва ташаб­бускорлик билан иш олиб бораётгани ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Бу борада депутатлик корпусимизнинг, айниқса, парламентдаги фракциямизнинг алоҳида ўрни бор. 2015–2019 йиллар давомида O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг ташаббуси билан 90 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини алоҳида эътироф этамиз.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаоллиги ҳам ошгани сезилмоқда. Улар томонидан 11 057 маротаба эшитув ташкил этилган, 44 035 та депутатлик сўрови юборилган, 2 290 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилган, маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссияларига 5000 га яқин таклиф киритилган.

Ҳурматли делагатлар!

Маълумки, ҳар қандай эзгу ғоя ва мақсадлар ҳаётда ўз аксини топсагина, одамлар учун наф келтиради. Шундан келиб чиққан ҳолда, O‘zLiDeP ўз ғоялари тарғиботига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада партиявий лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда. Сайловлар оралиғида партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” томонидан 30 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилди.

200 дан ортиқ ёш олимлар иштирокида “Ёш олимлар лигаси”, “Янги авлод кадрлари” лойиҳалари орқали йигит-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмаклашилди.

28 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланиб, унинг доирасида 22 321 талаба тўғрисида маълумот шакллантирилди, шундан 860 нафари O‘zLiDeP таркибига қабул қилинди ва 697 нафари партиянинг истиқболли кадрлар захирасига киритилди.

 Аҳоли яшайдиган пунктларнинг 61 тасида “O‘zLiDeP кутубхонаси” ташкил этилиб, кутубхоналар фонди 63 693 та китоб билан бойитилди.

“Парламентда менинг ўрним” мақсадли лойиҳаси орқали ёшларни парламент фаолияти билан яқиндан таништириш, янги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнига жалб этиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга эришилмоқда. Мазкур лойиҳада фаол иштирок этган 850 нафар йигит-қиз партиянинг кадрлар захирасига киритилди.

 Ёшларни фермерлик ҳаракатига фаол жалб қилишга кўмаклашиш мақсадида партия “Ёш фермер” республика кўрик-танловини ташкил этди. Бу кўрик-танловда 14 384 нафар ёш фермер қатнашди.

Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Start up” партиявий ло­йиҳасида ёшлар томонидан ишлаб чиқилган бир қатор инновацион ва истиқболли ғоялари қарийб 16 млрд. сўм миқдоридаги кредитлар эвазига молиялаштирилди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 10 миллиондан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшларимиз ташкил этади. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган ҳ

аётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаши йўлидаги ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади.

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган “Бунёдкор аёллар”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Фаровон оила” каби лойиҳалар, айниқса, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови оммавийлиги билан ажралиб турди.

Ушбу лойиҳалар доирасида беш йиллик ҳисобот даврида 19 935 та тадбир ташкил этилиб, 1 млн. 255 мингдан ортиқ хотин-қизлар қамраб олинган.

Бир сўз билан айтганда, 2015–2019 йилларда бош­ланғич партия ташкилотлари ва партия аъзолари ўсиши, уларнинг сифат таркибини яхшилаш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Мазкур давр мобайнида партия сафларини сифат жиҳатдан мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланди ва иш сон эмас, сифат тамойили асосида ташкил этилди. Аъзоларни партияга қабул қилиш, янги БПТ тузиш тартиби қайта кўриб чиқилди, партия сафларига аъзоликка қабул қилиш бўйича онлайн тизим яратилди.

2015 йили партиянинг бошланғич ташкилотлари ­9 329 тани ташкил этган бўлса, 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра уларнинг сони 12 723 тага етди. Мазкур даврда БПТларимиз 3394 тага ёки 36 фоизга кўпайган. Партия аъзоларининг сони 248 379 нафардан 754 820 нафарга етди. Партия­дошларимиз сафи деярли 3 баробар ортган.

Партия аъзоларининг сифат таркибида ўзгаришлар катта бўлди: хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари икки баробар кўпайган ҳолда 215 534 нафарни ташкил этмоқда. Партия аъзоларининг 387 515 нафари ёки 51 фоизи ёшлардан иборат бўлса, 312 631 нафари ёки 42 фоизини аёллар ташкил этади.

Қулайликлар яратиш мақсадида партиямиз веб-сайтида онлайн аъзолик жорий этилди, 26 мингга яқин партиядошимиз бу имкониятдан фойдаланди.

Қадрли партиядошлар, ижозатларингиз билан энди олдимизда турган вазифалар ҳақида гаплашиб олсак. Учта муҳим вазифага тўхталамиз: биринчиси – 22 декабрга тайёргарлик, иккинчиси – кейинги беш йиллик сайловолди дастуримиздаги вазифалар, учинчиси – партиямизнинг ғоявий ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш.

Биринчи галдаги вазифамиз 22 декабрдаги сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш ва энг кўп овоз олишни таъминлашдир. Гап Қонунчилик палатасига 150 нафар, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашларига 829 нафар, шаҳар ва туман кенгашларига 5717 нафар депутатликка номзодларимизнинг сайловларда муносиб қатнашишини таъминлаш ҳақида кетмоқда.

Бунинг учун марказий кенгаш, вилоят, шаҳар ва туманларда штаблар тузилиб, чора-тадбирлар белгиланган. Янги форматда электорат билан учрашувлар ўтказиляпти. Бу жараёнда иштирок этадиган 30 мингдан зиёд кузатувчилар, ваколатли ва ишончли вакилларни тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилди.

Ҳар бир номзоднинг ушбу ўзига хос синовда муносиб қатнашиши ва сайловчиларимизнинг ишончини қозониши учун барча чораларини кўришимиз керак бўлади.

Номзодларимиз аҳоли билан жонли мулоқотга тайёр бўлиши керак. Агар биз одамлар билан мулоқот қилмасак, ишончини қозонолмасак, сайловда устун келиш қийин кечади.

Номзодларимиз қўлидан келмайдиган ҳар хил қуруқ ваъдаларни бермаслиги, асосийси, одамларни ишонтира олиши керак. Чиройли гаплар билан овоз оламан деб ўйлаш энди мутлақо хомхаёл. Уларни амалий ишлар, натижалар билан гапиришга тайёрлаш керак.

Сайлов кунини кутиб ўтиришимиз керак эмас. Ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, барча даражада жамоатчилик орасида фаол ишлашимиз лозим. Бошланғич партия ташкилоти бўладими, маҳаллами, ҳаммасида изчил фаолият олиб бориш керак. Халқ қабулхоналари, Бош вазир қабулхоналари билан ҳамкорлик қилиш, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни доимий кузатиб бориш талаб этилади.

Сайловларда муваффақият қозонишимизда энг катта куч, бу бошланғич партия ташкилотларидир. Битта бош­ланғич – битта участка тамойили асосида ишлаш яхши самара беради. Сайлов участкасидаги кузатувчи сайловларнинг шаффофлигига кафолат бўлади. Бундан ташқари, одамлар ўзлари яхши таниган партия аъзоларига кўпроқ ишонади. Демак, қуйи ташкилотимиз маҳаллий аҳоли учун обрўлироқ бўлади.

Бошланғич партия ташкилотларини кўпайтириб, участкаларни тўлиқ қамраш бўйича вазифаларимиз уддаланди. Ҳозирги вақтда республика бўйича 10 137 та сайлов участкаси бўлса, бизда 12 723 та БПТ бор. Яъни тўлиқ қамраб олиш имкониятимиз мавжуд. Демак, ана шу қулай имкониятдан етарли даражада фойдаланишимиз керак бўлади. Бир участкага бир БПТни бириктириш жуда яхши натижа беради.

Яна бир масала, олдинги сайловларда кам овоз олинган туман ва шаҳарлар бўйича ҳам жиддий таҳлил ўтказилиб, фуқароларнинг кўпроқ ишончини қозониш учун катта куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз керак бўлади.

Иккинчи энг катта вазифамиз партиямизнинг янгиланган дастури ва сайловолди платформасидаги ғоя ва мақсадларни кенг тарғиб қилишимиз лозим.

Лойиҳалар кенг муҳокамалар натижасида ишлаб чиқилди. Муҳокамаларда барча маҳаллий кенгашларимиз, депутатларимиз, фракция аъзолари, экспертлар фаол иштирок этишди, фикрлар билдиришди.

Бу масалалар Сиёсий Кенгашда ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Бугунги съездда тасдиқлаш учун киритилди. Сизларга тарқатилган, слайд материалларимизда шу каби асосий жиҳатлар ўз аксини топган.

Ижозатингиз билан сайловолди дастуридаги 5 та йўналиш бўйича устувор вазифаларга тўхталаман.

Биз Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясидаги кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттириш, эркин, демократик, инсонпарвар давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш ва янада равнақ топтиришни ўзимизга асосий дастуриламал этиб белгилаб олганмиз.

Биринчи йўналиш:

– истиқболда изчиллик билан сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш, “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” концепцияларини ривож­лантириш;

– бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш;

“рақамли ва ахборот жамияти” шаклланиши шароитида давлат ва жамият бошқарувининг барқарорлигини, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

– давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, янгича тафаккурга эга ёш авлод кадрларни жалб этиш, бошқарув­нинг инновацион, янада мослашувчан моделларини, шу жумладан, лойиҳа моделини (Agile, Scrum, Kanban, PRINCE2 ва бошқа) ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Иккинчи йўналиш:

– судлар мустақиллигини амалда таъминлаш учун бош­қа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ортиқча ваколатларини оптималлаштириш, вилоятлар миқёсидаги судларни бирлаштириш йўли билан ягона суд раиси бўйсинувига ўтказиш;

– жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқиш, халқаро амалиётни чуқур ўрганиб, демократик ва либерал қонунчилик тамойилларига мувофиқ бўлмаган миллий жиноят қонунчилигимизнинг санкцияларини инсонпарварлик тамойиллари асосида либераллаштиришни изчил давом эттириш;

– адвокатура соҳасига аралашувлардан бутунлай воз кечиш, адвокат мақомини олиш учун қўйилган стажировка муддати ҳақидаги талабни бутунлай бекор қилиш;

– нодавлат нотариатни кенг йўлга қўйиш, нотариатда квота деган эскича, ўзини оқламаган қараш ва тизимдан бутунлай қутулиш, нотариал ҳаракатларнинг масофадан туриб, интерактив – электрон хизмат кўринишидаги фаолият соҳасини кенгайтириш;

– олий юридик таълим даргоҳларини кўпайтириш.

Учинчи йўналиш:

– тадбиркорликка оид барча қонун ва қонунос­ти ҳужжатларини тўлиқ инвентаризация қилиш ва унификациялаш ҳамда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

– Ўзбекистоннинг “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 мамлакати қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш, 2030 йилгача иқтисодиётда саноат улушини икки баробар ошириш;

– инвестиция фаолиятига оид 10 га яқин қонунларни унификациялаш, инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этган ҳолда ягона Инвестиция кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

– қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп тармоқли фермер хўжаликларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ишлов бериш, транспортда ташиш ва сотиш (экспорт қилиш) бўйича кичик ишлаб чиқариш корхоналари (“қиш­лоқ хўжалиги хаблари”) тармоғини ривожлантириш ҳамда “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

– жаҳон “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир паллада Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатнинг инновацион тараққиётини жадаллаштириш, “билимлар иқтисодиёти” ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш;

– “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакл­лантириш, “Тадбиркорлар академияси”ни, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкил қилиш;

– 2020 – 2025 йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вақти келди деб ҳисоб­лаймиз ва уни ҳаётга татбиқ этиш масаласини кун тартибига қўймоқдамиз;

– илмий-техник ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилишни тезлаштириш ва инновацион маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш тизимининг барқарор занжирини яратиш ва ривожлантириш мақсадида “Венчур тадбиркорлиги” ёки “Венчур молиялаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Тўртинчи йўналиш:

– аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривож­лантириш эвазига иш ўринларини яратишнинг комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

– ёшларга доир давлат сиёсатини оғишмасдан давом эттириш;

– ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсон бўлиб камол топиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш;

– профессионал ва хусусий таълимни изчил ривожлантириш;

– соғлиқни сақлаш тизимини дунёдаги илғор позицияларга олиб чиқиш, унинг инновацион ва инсон капиталини кўпайтириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тиббиёт сифатини тубдан яхшилаш;

– хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, профессионал хусусий таълимни янада ривожлантириш “бутун умр давомида таълим олиш” концепциясини жорий қилиш ва бошқа бир қатор вазифаларни келгуси беш йилликда амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Бешинчи йўналиш:

– диний экстремизмга қарши кураш сиёсати, энг аввало, “Маърифат билан – жаҳолатга қарши”, “Маърифат ва таълим – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” тамойилларини ҳаётга изчил татбиқ қилиш асосида олиб борилишини қўллаб-қувватлаймиз;

– мамлакатимиздаги турли миллат ва элатлар, фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш;

– юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги, турли миллат вакилларининг ҳуқуқларини тенг кафолатлаб, диний бағрикенглик муҳитини мус­таҳкамлаш;

– диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳат яшаши, мавжуд барча конфессияларга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритишига амалий ҳисса қўшиш;

– жамиятимиздаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади.

Қадрли делегатлар!

Ниҳоят, учинчи энг муҳим вазифамиз – фаолиятимиз самарадорлигини ошириш, янгиланаётган Ўзбекистонга даврга мос равишда ўзгариш­ларни татбиқ этишдан иборатдир.

Эришилган натижаларга қарамасдан, партиямиз ишини замон талаблари даражасида кучайтириш лозим эканини тўла англаб турибмиз.

Қонун ташаббускорлиги борасидаги фаолиятимизда, депутатлик ва жамоатчилик назорати йўналишидаги ишларимизда ҳар доим ҳам бугунги талаблар даражасида иш олиб бордик, дея олмаймиз.

Айрим ҳолатларда эса тадбиркор ва фермерлар манфаатини фақат қоғозларда ҳимоя қилдик, холос. Уларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларга сайловчилар билан учрашувлар чоғидагина эътибор қаратдик.

Иш самарадорлигини ошириш учун биринчи навбатда ўзимизга, ҳар кунлик ишимизга, партия­миз ва шахсий обрў-эътиборимизни кўтаришга кўпроқ талабчан бўлишимиз керак.

Партиямиз сиёсий лидерликни сақлаб қолиш, қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун навбатдаги муҳим қадамларни қўйиши, энг асосийси, фуқароларимизнинг ишончини сақлаш ва мустаҳкамлаб бориши керак.

Келгусида партияда лидерларни, депутатликка номзодларни танлаш ва тайёрлаш ишларини тубдан қайта кўриб чиқишга зарурат сезилмоқда. Партия ичида рақобат муҳити ва шаффоф танлов бўлиши керак. Дастлабки овоз бериш тизимини жорий этиш лозим. Бунда жамоатчилик фикри асосида лидерларни аниқлаш имкони яратилади. Дастлабки овоз бериш муайян ҳудудда одамлар билан мулоқот қилиш учун майдонча ҳамдир. Амалда сайловолди кампаниясининг биринчи босқичи бўлади. Бу борада мобиль дастурлардан ҳам фойдаланиш яхши самара беради.

Ҳурматли делегатлар, олдимизда турган яна бир муҳим масала бу – кадрлар масаласидир. Бинобарин, партиямизнинг етакчилиги, стратегик вазифаларни ҳал эта олишга қодирлиги сафимиздаги кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Айниқса, бу ҳозирги шароитда, олдимизда шундай кўламли вазифалар турганда жуда муҳим масала.

Ўзингизга яхши маълум, сиёсий ишлар кенг дунёқараш, зарур кўникмаларни талаб қилади. Бизга партия аъзоларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича ўқувларнинг самарали тизими зарур. Фақат бошқарувчи аппарат ходимлари билангина чекланиб қолмасдан, аксинча, айнан лидерлар, сиёсатчиларни тайёрлаш ҳақида гап кетяпти. Тўғри, бу ишлар билан олдин ҳам шуғулланганмиз. Энди бизга бугунги замон ва эртанги кун талабига жавоб берадиган, самарали таълим тизими зарур.

Партия тизимида замонавий АКТдан кенг фойдаланиш, аҳоли билан мулоқотда ҳам энг илғор технология ютуқларини қўллаш лозим. Веб-сайтимиз, бошқа ижтимоий тармоқлар, мобиль иловалар орқали онлайн режимда барча даражадаги депутатларнинг сайловчилар билан мулоқот қилиш имконини берадиган электрон тизимни жорий этиш даркор.

O‘zLiDeP одамларнинг фикри ва ишончини қадрлайди. Партиямиз фаолиятини янада шаффофлаштириш, биз ҳақимизда кўпроқ ахборот ва ишларимизга баҳо бериш имконини яратадиган ўзаро алоқа, мулоқот тизимини йўлга қўйиш зарур. Хусусан, депутатларимиз иш самарадорлигини, ҳудудий кенгашлар фаолиятини баҳолайдиган рейтинг юритиш, шу асосда маҳаллий даражада ижтимоий-иқтисодий аҳамиятли ташаб­буслар билан ишлаётган БПТларни рағбатлантириб боришни мақсад қилганмиз. Бу бизнинг келгусида ҳам етакчи партия сифатида сиёсий мавқеимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Азиз дўстлар, ҳурматли делегатлар!

Сўзимиз аввалида таъкидланганидек, сайловга саноқли кунлар қолди. Бу муҳим сиёсий жараёнда ғолиб бўлиш учун O‘zLiDeP ва унинг барча аъзоларида етарли имконият, куч ва салоҳият бор. Шундай экан, бизга билдирилган ишончни оқлаш йўлида бир ёқадан бош чиқариб, эзгу мақсадлар сари дадил қадам ташлайлик.

Ишончимиз комилки, депутатликка номзоди кўрсатилаётган сафдошларимиз, партиямиз илгари сураётган ғоя ва мақсадларни қўллаб-қувватлаётган хайрихоҳларимиз, айниқса, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтираётган мард, танти тадбиркорларимиз, фидойи фермерларимиз билан бўлажак сайловда ҳам ғолиб бўламиз.

Шу кунларда ҳар бир юртдошимиз, айниқса, бўлажак сайловда биринчи марта қатнашиши кутилаётган 2,5 миллион йигит-қиз бизга жуда катта ишонч билан қараб турибди. Бу ишончни оқлашдан, юртдошларимиз учун янада қулай шароитлар яратиш, фаровон ҳаёт барпо этиш жараёнида фаол иштирок этишдан каттароқ бахт борми?

Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш, халқимизнинг бахту саодатига шерик бўлиш, ҳеч шубҳа йўқки, ҳар биримизнинг зиммамизга жуда катта масъулият юклайди. Ана шундай залворли юкни ҳис этиш учун эса, ишонаманки, ҳаммамиз сайлов даврида ягона куч сифатида ҳаракат қилиб, юртдошларимизнинг ишончини албатта оқлаймиз.

O‘zLiDeP сайловолди платформаси учун “Мақсадимиз ойдин ва унга эришишнинг аниқ йўлларини биламиз”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган эзгу сўзларни шиор қилиб танлагани бежиз эмас. Бу эса ҳар биримизни асосий мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

  • Кўрилди
    2577
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+