Тадбиркорлар янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига ўз таклифларини берди

03.12.2019, 17:10

Тадбиркорлар янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига ўз таклифларини берди

Бугун, 3 декабрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.  

Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари, Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари, тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этди.

Тадбирда Солиқ кодекси лойиҳасининг тузилиши деярли сақлаб қолингани таъкидлаб ўтилди. Уни умумий ва махсус — солиқ маъмуриятчилиги ҳамда солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш қисмларига бўлиш кўзда тутилмоқда. Илк бор солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Солиқ тўловчиларга эса, солиқ режимини танлаш, уларни тўлаш тартиби каби имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Шунингдек, солиқ тўловларини таъминлашнинг янги воситаларини жорий этиш, пулли асосда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Солиқ имтиёзларини белгиланган ставкани пасайтириш шаклида, лекин 50 фоиздан кўп бўлмаган ва уч йилдан ошмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этиш мумкин бўлган қоидалар белгиланмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, Солиқ кодексининг янги таҳрири солиқлар сонини камайтиришдан ташқари, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган. Қолаверса, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш механизмини такомиллаштириш, шунингдек, солиқларнинг барча элементларини аниқлаштириш ҳамда тартибга солишга қаратилган нормалар ҳам кодекс лойиҳасидан ўрин олган.

Партия фаоллари муҳокама чоғида бизнесни кўпроқ чалғитаётган жиҳатларга эътибор қаратди. Булар солиқ текширувлари ва солиқ органларининг ваколатларидир. Кодекс лойиҳасида ҳеч қандай инспектор солиқ текширувини мустақил равишда тайинлаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Солиқни доимий равишда тўлайдиган инсофли солиқ тўловчи ҳузурига солиқ органлари йиллар давомида келмайди. Aгар унинг фаолияти қандайдир шубҳа туғдирса, унда бу текшириш учун асос бўлади.

O‘zLiDeP фаолларининг фикрича, бундай ўзгаришлар солиқ тўловчининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, натижада тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлашга ёрдам беради. Энг муҳими, хўжалик юритувчи субъектларнинг ЯИМдаги улушини оширади ва Давлат бюджетининг даромад қисмининг ошишига ижобий иқтисодий таъсир кўрсатади.

Тадбир cўнггида партия вакиллари, тадбиркорлар янги таҳрирдаги кодекс лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1171
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+