O‘zLiDeP: Коррупция устидан ғалаба қозониш мумкин ва зарур

13.12.2019, 15:34

O‘zLiDeP: Коррупция устидан ғалаба қозониш мумкин ва зарур

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтирувчи, аҳолини, халқни олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилувчи, жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтирувчи, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқарувчи коррупция устидан ғалаба қозониш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва бу борада “ноль тоқатлилик”ка эришган давлатлар қаторига киришига эришишга қатъий бел боғлаган.

Маълумки, мансабдор шахсларнинг мол-мулки ва даромадини декларация қилиш кўпгина давлатларда коррупцияга қарши чора сифатида қўллаб келинади. Жумладан, Хитойда барча давлат хизматчилари ҳар йили ўзлари ва яқинларининг даромад ва харажатлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этса, Бразилия, Дания, АҚШ ва Қозоғистонда давлат хизматчилари даромади декларацияланади, Швеция, Норвегия ва Канадада нафақат давлат хизматчилари, балки барча фуқароларнинг даромади ҳам декларацияланади. Финляндия ва Сингапурда давлат хизматчилари ҳар йили ўз чиқимлари ҳақида ҳисоботни тақдим этади. Буюк Британияда Парламент аъзолари ва Лордлар палатаси аъзолари ўз даромадини декларация қилади. Грузиядаги полиция хизматида ўтказилган туб ислоҳотлар натижасида полиция шунчаки давлат институти эмас, балки одамларга уларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам берадиган, пора олмайдиган, муқаррар равишда жиноятларни рўйхатга олувчи бир сервис-хизматга айлангани, унга аҳоли тарафидан мурожаатлар сони 15-20 баробар ошганидан,  ўтган асрнинг 90-йилларида Нью-Йорк  маҳаллий ҳокимияти ҳар қандай қонун бузилишлар (ҳаттоки метрода чиптасиз юриш) га “ноль тоқатлилик” сиёсатини жорий этиб,  ҳуқуқбузарликларнинг турли хил кўринишлари бўйича курашиш стратегияларини ишлаб чиқиш, янги технологиялардан қўлланиш орқали шаҳар кўчаларида назоратни тўла қўлга ола билгани, кейинчалик ушбу тажриба АҚШ, Европа, Жанубий Африка, Индонезия, Сингапур ва бошқа мамлакатларда кенг қўлланилганлигидан хабаримиз бор.

Шунинг учун  сиёсий арбоблар ва давлат хизматчиларининг маблағлари ва молк-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш ва декларация қилишнинг янги тизимини жорий қилиш, давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни ва электрон харидлар тизимини такомиллаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, қонунчиликдаги жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш, парламент палаталаридаги коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарининг ваколат ва функцияларини кучайтириш таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) қўшилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган илк қонун ташаббуси, бу –“Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлгани ҳам эътирофга лойиқ.  Юртимизда айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолият юритади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Хусусан, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигида коррупцияга қарши курашувчи алоҳида тузилмалар ташкил этилган.

Шунга қарамай партия коррупцияга қарши курашиш тизимини тубдан ислоҳ этиш зарур, деб ҳисоблайди. Яъни мавжуд тизим негизида, раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, парламентга ҳисобдор, Прокуратура, ИИВ, ДХХдан мустақил фаолият юритадиган алоҳида давлат органлари – Коррупцияга қарши кураш ва Тергов департаментларини ташкил мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Негаки, мавжуд идоралараро комиссия иши ўз натижадорлигини кўрсата олмади. Коррупцияга қарши тузилмаларнинг бир нечта давлат идораларида фаолият кўрсатиши бир-бирининг фаолият ва ваколатларини такрорласа, иккинчи жиҳатдан битта идорада ҳам ушбу тузилма ва тергов органининг фаолият юритиши ўз-ўзидан шу органга судлар фаолиятига таъсир этиш механизмини тақдим этади, судлар мустақиллигига путур етади, пировардида эса одил судловни тўла таъминлаш қийинлашади. Бу эса, аҳолининг одил судловга, адолатга ишончига таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу нуқтаи назардан коррупцияга қарши курашувчи яхлит давлат идораси нафақат коррупцияга қарши кураш, балки, унинг оқибатлари, келиб чиқиш омилларини бартараф этиш борасида ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатларни мувофиқлаштириб борадиган, бу иллатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий томонларини илмга таянган ҳолда ечим излайдиган ташкилот сифатида тузилиши муҳим аҳамият касб этади.

  • Кўрилди
    1344
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+