“Ташаббускор бўлмасангиз, ютқазасиз”

19.12.2019, 16:34

“Ташаббускор бўлмасангиз, ютқазасиз”

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутатлигига воҳадаги 59 та сайлов округидан O‘zLiDeP томонидан ҳам муносиб номзодлар кўрсатилган. 9-Гулистон сайлов округидан номзоди илгари сурилган Шуҳрат Аслонов ишчан, ташаббускор сафдошларимиздан бири. У 1999 йили Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2012 йили Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган. 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Қарши шаҳар ҳокимлигида меҳнат нозири вазифасидан бошлаган. 2000 йили  “Шўртангазкимё”  мажмуасига сув таъминоти ва оқова цехи машинисти бўлиб ишга кирган. Шуҳрат Аслонов меҳнатсеварлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши натижасида  оддий машинистликдан мазкур гигант мажмуанинг раҳбари  даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди.

Шуҳрат Аслонов ўз сайловолди дастурида Ғузор тумани аҳолисини қийнаётган бир қанча муаммолар бартараф этилишига қаратилган таклифларни баён қилган. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш борасидаги ишларга тадбиркорларни жалб этиш, нефть ва газ корхоналаридан чиқаётган газларни зарарсизлантириш учун махсус мосламалар ўрнатиш, томчилатиб суғориш орқали лалмикор майдонларда мевали ва манзарали боғлар яратиш, томорқаларда иссиқхоналар ташкил этиб, гидропоник усулда сабзавот ва цитрус мевалар  етиштиришни йўлга қўйиш, лалми майдонларга эса ёнғоғи қўй-эчкилар учун яхшигина озуқа бўладиган эман, акация ва глядичие дарахтларини экиб, чорвачилик учун озуқа базаси яратиш шулар жумласидан.   

Депутатликка номзод йирик саноат корхонасининг раҳбари сифатида республикамиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ошириш ва сифатини жаҳон андозалари даражасига етказиш, чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликни янада яхшилашга йўналтирилган талай лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда ташаббус кўрсатиб келаётир. Унинг раҳбарлигида мажмуада ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор янгиланишлар амалга оширилди.

Шуҳрат Аслонов мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган партия фаолларидан биридир. Айниқса, вилоят иқтисодини юксалтириш, нефть ва газ саноати корхоналарини  замонавийлаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида унинг хизматлари беқиёс. 

–   Партиямизнинг тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга қаратилган ғоялари ҳаётийлиги билан одамлар қалбидан жой олиб улгурди, – дейди номзод. – Эндиликда ислоҳотларнинг жадаллаштиришдек масъулиятни зиммасига олган ягона сиёсий куч сифатида янада фаолроқ бўлишимиз керак. Жамоамиздаги ҳар бир ходим зиммасидаги масъулиятни теран англаяпти, ютуқларга муносиб ҳисса қўшиш баробарида аҳоли ўртасида олиб борилаётган ғоявий-сиёсий ишларда фаол қатнашяпти. Мажмуамиздаги бошланғич партия ташкилоти нафақат Қашқадарё, балки мамлакатимиздаги энг йирик тузилмалардан саналади. Бугунги кунда 1700 нафардан ортиқ  аъзони ўзида бирлаштирган мазкур қуйи бўғин томонидан амалга оширилган сиёсий-тарбиявий ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Заводимиздаги 25 та цехда партия аъзолари фаолият кўрсатмоқда. Илғор ва ташаббускор ёшлардан иборат либерал-демократлар ҳар жабҳада ҳамкасбларига намуна бўлиб келишмоқда. Амалга оширилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, маънавий-маърифий ишларда ҳам маслакдошларимиз бош-қош. Ҳар ойда битта цехда ташкил этиладиган давра суҳбатларида маслакдошлар фаол қатнашиб, партиянинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш мақсадида тарғибот ишларини кучайтириш, ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш каби ўнлаб долзарб мавзулар юзасидан баҳс-мунозаралар юритишади. Фаолларимиз аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, одамларнинг интеллектуал қобилиятини ишга солиш, туманнинг ички имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида таклифларни илгари суришмоқда.

Дарҳақиқат, мажмуа раҳбарияти ва бошланғич партия ташкилоти ҳамкорлигида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ғузор, Деҳқонобод туманлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қувурлар тортиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.  Болалар спорт комплекси, мактаб ва тиббиёт масканлари қурилиб, таъмирдан чиқарилди. Иш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, ишчи-хизматчилар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳам раҳбарият эътиборида. Корхонада ҳар йили юздан ортиқ ходим республикамизнинг энг яхши сиҳатгоҳларида ҳордиқ чиқариб қайтади.  Ишлаб чиқаришда алоҳида ўрнак кўрсатаётган, янги-янги рационализаторлик таклифлари билан чиқаётган мутахассислар алоҳида рағбатлантириляпти. Спортнинг бир неча турлари билан шуғулланиш учун ходимларга барча шароит яратилган. Ёшлар дунёнинг энг йирик  нефть-газ компаниялари ва академияларига ўқиш, иш ўрганишга юбориляпти. Бугун корхонадаги асосий ишлаб чиқариш цехларига раҳбарлик қилиб турган  билимдон маҳаллий кадрлар O‘zLiDeP фаолларидир. Серғайрат жамоа технологик жараёнларни муттасил такомиллаштириш ва янгилаш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини йил сайин оширмоқда.

Шуҳрат Аслонов нафақат агромуҳандис, нефт ва нефт-газни қайта ишлаш кимёвий технологияси билимдони,  балки давлат ва жамият қурилиши борасида катта билимга эга сиёсатчи сифатида жамоа ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган.  У мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги янгиликлар, ислоҳотлар моҳиятини ёшларга етказишда жонкуярлик қилади. O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларини кенг тарғибот этиш баробарида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини янада яхшилаш борасидаги таклифлари билан чиқаётган ташаббускор раҳбар, халқнинг дарду ташвишларини ўз дарди деб биладиган партия фаолидир. 

Шуҳрат Аслонов инсон тинмай изланса, бор қобилиятини ишга солса, албатта, фаровон яшайди, юрт равнақига ҳисса қўшиб, бахтли келажагини ўзи қура олади, деган ҳаётий ҳақиқатни исботлаб,  ташаббускорлиги,   ташкилотчилиги билан  жамоасида обрў-эътибор топиб келаётган раҳбар, иқтисодий-сиёсий билимларини муттасил ошириб бораётган изланувчан инсон. Воҳада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида қатор ибратли ишларнинг ташаббускори сифатида одамларнинг ишончини қозона олган. Бинобарин, Шуҳрат Аслонов депутат этиб сайланса, халқ вакили сифатида ўз сайловчиларининг дарду ташвишлари, ҳудуддаги аҳолининг бандлиги, турмуш шароити билан яқиндан танишиб, камчиликларни бартараф этиш учун бор билим ва тажрибасини аямайди, дейишимизга тўла асос  бор. Зеро, у  ҳаётдаги кўпгина тўсиқларни метин иродаси, заҳматли меҳнати, тинимсиз изланиши орқали енгиб, ҳаёт синовларида тобланиб, истиқлолга, халқимизга садоқат билан хизмат қилаётир.

Ишонамизки, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга салмоқли ҳисса қўшаётган, партиямиз дастурий мақсадларини аҳолига етказиш борасида қатъият билан иш олиб бораётган номзод сайловда, албатта, ғалаба қозонади.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    928
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+