Халқ билдирган ишончни оқласак, сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлади

10.01.2020, 15:09

Халқ билдирган ишончни оқласак,  сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлади

Фарғонада Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда сайлов натижаларига кўра халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлигига 23 нафар O`zLiDeP номзодлари депутатликка сайлангани, бу ўз навбатида, барча партия вакиллари, айниқса, депутатлар зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.

Қайд этилганидек, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар фуқароларнинг фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий етуклиги ўсганлигини ёрқин намоён этди. Сайлов Ўзбекистон халқининг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, аҳоли фаровонлиги ва Ватан равнақини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги ҳамжиҳатлигининг кўзгуси бўлди.

Йиғилишда “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг халқ депутатлари маҳаллий  Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига мувофиқ, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари этиб, Рахматулло Камалов, депутатлик гуруҳи раҳбарининг ўринбосари этиб эса Феруза Мадалиева сайланди.

“Депутат халқ дарди билан яшаши керак. Биз ҳамиша халқ манфаатларини устун биламиз ва келгуси фаолиятимизда ҳам шундай бўлади. Фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш келгуси беш йилда доимий эътиборимизда бўлади. Сайловчиларнинг дарду ташвиши биз депутатларнинг ташвишидир. Зеро, халқ билдирган ишончни оқласак, юзимиз ёруғ бўлади”, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муротова.

Йиғилишда шунингдек, партия фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ш.ТЎХТАМАТОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    2160
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+