Фарғоналик OʻzLiDeP фаоллари Мўйноқда бўлиб, Оролнинг қуриган жойида тўрт юз килограммга яқин саксовул уруғини экишди

14.02.2020, 16:13

Фарғоналик OʻzLiDeP фаоллари Мўйноқда бўлиб,  Оролнинг қуриган жойида тўрт юз килограммга яқин саксовул уруғини экишди

Илгари Мўйноқ деса, Орол тарк этган, туз конига айланган олис туман кўз олдимизда гавдаланар эди. Эндиликда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Мўйноққа бўлган эътибор бутунлай ўзгарди. Мўйноқ бугунги кунда юртимизнинг энг олис ва чекка тумани эмас, балки қайноқ воқеалар марказидаги ҳудудлардан бирига айланди.

Ҳозирда Юртбошимиз ташаббуси билан Орол суви тортилган ҳудудларда саксовулзорлар барпо этилаётир. Қувонарлиси, бу хайрли ишга юртимиздаги барча фуқаролар, кекса-ю ёш ўз ҳиссасини қўшмоқда. Президентимизнинг “Маданият Мўйноқдан бошланади” деган пурмаъно сўзлари бугун ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун барча йўллар бизни Мўйноқ томон элтмоқда.

Ўзини шу юртнинг фуқароси деб билган ҳар бир инсон умид билан саксовул уруғини экиш учун Орол томон ошиқмоқда. Бу ишда OʻzLiDeP фаоллари ҳам ташаббускорлар сафида бўлмоқдалар. Хусусан, яқинда партиянинг Фарғона шаҳар Кенгаши депутати, Фарғона халқаро аэропорти раҳбари Миродил Мaдаминов бир гуруҳ партия фаоллари билан Мўйноқда бўлиб, Оролнинг қуриган жойида тўрт юз килограммга яқин саксовул уруғини экиб, яқин келажакда барпо этиладиган ўрмонзорларга ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Орол муаммоси жаҳон ҳамжамияти муаммоси эканлигини дунё тан олди. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-ассамблеясида юксак минбардан туриб “Яна бир бор эътиборингизни замонамизнинг энг долзарб экологик муаммоларидан бири — Орол фожиасига қаратмоқчиман.

Орол фожиасининг харитасига эътибор қилинг. Фикримча, бу ерда изоҳга ҳожат йўқ. Денгиз қуриши оқибатларини бартараф этиш бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги фаол ҳаракатларини талаб қилади. Биз БМТнинг бош котиби илгари сурган фикр — “сув, тинчлик ва барқарорлик масалалари бир бирига узвий боғлиқдир”, деган сўзларига тўлақонли қўшиламиз. Ишончим комилки, сув муаммосини ҳал қилишда бу минтақа ва халқларнинг манфаатларини тенг ҳисобга оладиган бошқа ечим йўқ”, деган эдилар.

— Бугун Орол тақдири шу юртда яшайдиган ҳар бир инсонни ташвишга солаётгани айни ҳақиқатдир. Оролни қайта тўлдириш чорасиз бўлса ҳам экологик ҳолатни яхшилаш имкони бор эканлигини биламиз. Мана шундай эзгу ишга ҳисса қўшиш фуқаро сифатида менинг ҳам асосий бурчимдир. Ишончим комил, ҳали Мўйноқ туризми ривожланган марказлардан бирига айланади. У ердаги муҳит, фуқаролар аҳил-иноқлиги, эски уйлар ўрнида янги объектлар қад ростлаётгани, “Қизил китоб”га киритилган қушларнинг парвози мени ўзига ром этган бўлса, “Кемалар қабристони” этимни жимирлатди, — дейди биз билан суҳбатда Миродил Мадаминов.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1237
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+